Norma.uz

Ҳаммага ўхшамайди

 

Ўзбекистондан ташқарида ишлашни мўлжаллаганлар мазкур сонимизда чоп этилган материаллар билан албатта танишиб чиқишлари керак. Чунки унда меҳнат мигрантлари учун пенсия стажи хусусида гап боради. Бу тоифадаги кишилар учун хориждаги иш стажини сақлаб қолиш ва ҳисобини юритиш имконияти туғилди. Баъзи қоидаларга риоя этиш кифоя. Доимий ўқувчиларимиз анъанавий викторина саволларига жавоб бериб, ўзларининг пенсия қонунчилигига доир билимларини текшириб кўришлари ҳам мумкин.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

 

Ижтимоий соҳа

 

Ҳаммага ўхшамайди

 

Оиладаги ногирон бола нафақат даволанишга, атрофдагиларнинг ғамхўрлиги ва меҳрига, балки ижтимоий ҳимояга ҳам муҳтож бўлади. Таҳририятга ногирон бола учун нафақа олиш бўйича саволлар кўп келмайди. Шунга қарамай, биз бундай болаларнинг ота-оналари учун тушунтириш тайёрладик, бу уларга моддий ёрдам – нафақани олишнинг айрим жиҳатларини билиб олишларида, шунингдек фарзандлари ҳуқуқи борасида ҳам қўл келади. 

 

Агар фарзанд болаликдан ногирон бўлса, неча ёшидан нафақа олиш учун мурожаат қилса бўлади?

– Нафақа олиш учун мурожаат қилиш муддати боланинг ёши билан чекланмайди. Бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин (Низомнинг 3-банди, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги ­107-сон қарорига 1-илова).

Бунда нафақа мурожаат қилинган кундан тайинланади. Бунинг учун барча зарур ҳужжатлар бўлиши керак.

16 ёшга тўлмаган болаликдан ногиронларга тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда, нафақа тайинланади.

16 ёшдан катта ногиронларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган тақдирда нафақа тайинланади.

 

Бунда қандай ҳужжатлар керак бўлади ва қаерга топширилади?

– Болаликдан ногироннинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси нафақа тайинланиши учун мурожаат қилган тақдирда, яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

►  боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси;

►  болаликдан ногироннинг яшаш жойини тасдиқлайдиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси;

►  тиббий хулоса;

►  ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси.

Агар болаликдан ногирон 16 ёшдан катта бўлса, қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

►  16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг аризаси;

►  унинг паспорт нусхаси;

►  ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси (муомалага лаётқатсиз деб эътироф этилганда).

Пенсия жамғармаси бўлими аризага ТМЭКнинг тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани илова қилади.

Фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарори нусхасини ҳам тақдим этишлари кераклигини таъкидлаб ўтиш лозим (Низомнинг 6-банди).

 

Болаликдан ногирон бола ота-онасининг доимий пропискаси йўқлиги нафақа олиш ҳуқуқига таъсир кўрсатадими?

– Йўқ, кўрсатмайди. Нафақа олувчининг доимий пропискаси бўлмаса ва у фақат вақтинча прописка қилинган бўлса, нафақа вақтинчалик прописканинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади. Ўзбекистонда доимий яшайдиган хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нафақа яшаш ҳужжати амал қиладиган муддат давомида тўланади (Низомнинг 13-банди).

 

Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, ота-оналар фарзандларининг руҳиятини чўктирмаслик учун стационар даволанишни (масалан, руҳий касалликлар шифохонасида) рад этадилар, бу эса тиббий хулоса олишга тўсиқ бўлади. Бироқ улар нафақа олиш учун мурожаат қиладилар. Қайси ҳолатларда нафақа тайинланиши рад этилиши мумкин?

– Агар ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган ва барча зарур талабларга риоя қилинган бўлса, Пенсия жамғармасининг рад жавобини бериш учун сабаб қолмайди. Тиббий хулосани расмийлаштириш талабларига келсак, бу айнан нафақа тайинлаш учун асос бўладиган ҳужжатдир. Уни расмийлаштиришда, аввало, ҳар бир бемор боланинг ҳолати ва манфаатлари ҳисобга олинишини истардик.

 

Болаликдан ногирон бола ижтимоий тўловларни, масалан, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаётган бўлса, унга ногиронлик бўйича нафақа тўланадими? Ёки у танловига кўра фақат битта ёрдам турини оладими?

– 16 ёшга тўлмаган болаликдан ногиронга бошқа пенсия ва нафақа, шу жумладан боқувчисини йўқотганлик нафақасини олаётганлигидан қатъи назар, нафақа тўланади.

Бироқ 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга унинг танлаши бўйича нафақанинг бир тури тайинланади.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ давлат пенсиясининг турларидан бири тайинланган тақдирда, нафақа тўланиши тўхтатилади, охирги нафақа тўланган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб пенсия тўланади.

Шу билан бир вақтда, 16 ёшдан катта болаликдан ногирон даромадлар (стипендиялар, алиментлар ва шу кабилар) олиб, ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, унга бу ҳолатида ҳам нафақа тўланади (Низомнинг 18-банди).

 

 

Зафаржон Хўжаев,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Пенсия тайинлангандан КЕЙИН умумий иш стажи ва пенсионер ишлаш даврида олган иш ҳақи оширилиши муносабати билан ПЕНСИЯ МИҚДОРИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАНМАЙДИ.

 

Маълумот учун!

Пенсия олиш ҳуқуқи юзага келгандан кейин исталган вақтда ҳеч қандай муддат билан ЧЕКЛАНМАЙ, ПЕНСИЯ тайинлашни сўраб МУРОЖААТ ҚИЛИШ мумкин.

 

 

 

Экспертдан сўранг

 

Ҳаммасини текширишади

 

Корхонамиз ходимни пенсияга чиқариш учун ҳужжатларни расмийлаштиряпти. 2005–2018 йиллар учун иш ҳақи ва ижтимоий суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилган. Ходим корхонамизга ишга келгунига қадар фермер хўжалигида ишлаган, маълумотнома мазкур хўжалик томонидан берилган. Бироқ фермер хўжалиги 1995–2005 йиллар учун иш ҳақи ва ижтимоий суғурта бадаллари тўғрисидаги ҳисоботларни солиқ ва бошқа органларга топширмаган.

Фермер хўжалиги томонидан ходимга берилган иш ҳақи ва суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотномани ҳақиқий эмас деб ҳисоблашлари мумкинми? Ходим масалаларини ҳал этиши учун қаерга мурожаат қилиши керак?

Рўзиева, КБ инспектори.

 

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суғурта бадалларини тўловчилар ҳисобланади. Мазкур тўловларни ҳисоблаш, ушлаб қолиш мажбурияти ҳамда уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 305-моддаси).

Юридик шахслар, шу жумладан фермер хўжаликлари солиқ ҳисоботини белгиланган тартибда ва кўрсатилган муддатларда тақдим этишлари лозим (Солиқ кодексининг 45-моддаси). Агар фермер хўжалиги хўжалик фаолиятини юритган бўлса, у ҳолда барча ҳисоботлар топширилган бўлиши керак. Бундан ташқари, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганлиги далилини фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб счёти бўйича банк айланмалари асосида аниқласа бўлади.

Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса иш стажига қўшилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «а» банди).

Суғурта бадаллари тўланганлиги далили Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 12 ва 13-иловаларга мувофиқ шакл бўйича иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларда кўрсатилади. Бу маълумотлар фермер хўжалиги ёки архив муассасаларида белгиланган тартибда сақланадиган иш ҳақи тўғрисидаги дафтарларга асосан шакллантирилади.

Жиддий асосларга эга бўлмай туриб, фермер хўжалиги томонидан берилган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани ҳақиқий эмас деб эътироф этиб бўлмайди. Хусусан, ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги учун шубҳа пайдо бўлган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Текшириш тасдиқловчи ҳужжатларни берган ташкилотда ёки архивда амалга оширилади. Текшириш натижалари бўйича 2 нусхада далолатнома тузилади, у текширувчининг ва ташкилот ёки архив мансабдор шахсининг имзоси, шунингдек ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади. Далолатноманинг бир нусхаси ташкилот ёки архивда, иккинчи нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимида қолади. Далолатномада тасдиқловчи ҳужжатларнинг ким томонидан берилганлиги ва текшириш вақтида ҳужжатларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумот мажбурий тартибда кўрсатилади (Низомнинг 11-банди).

Пенсия жамғармаси бўлими тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқарган ҳолларда, текшириш тамом бўлиш муддатидан қатъи назар, пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади.

Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими (Низомнинг 57-банди):

►  иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;

►  зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарордан норози бўлинган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади (Низомнинг 82-банди).

 

 

 

Июль ойи учун ҳисоблаймиз

 

Июль ойи учун пенсия 502 940,82 сўмни ташкил қилади. 15 июлдан бошлаб ЭКИҲ миқдори 7%га оширилди ва пенсия 538 146,68 сўм бўлди.

Июль ойи учун пенсия қандай ҳисобланади?

Маркова, Тошкент ш.

 

– Пенсия 2018 йил 15 июлдан, яъни ойнинг ўртасидан оширилганлигини ҳисобга олган ҳолда, пенсиянинг июлда тўланадиган миқдори ва оширилган миқдори бир-биридан фарқ қилади.

Оширилган пенсия суммаси 538 146,68 сўмни (502 940,82 х 1,07) ташкил қилади. Июлда тўланадиган пенсия суммаси 520 543,75 сўмга (502 940,82 х 50 % + 538 146,68 х 50 %) тенг.

 

 

 

Имтиёзли пенсия шартлари бўйича

 

Меҳнат дафтарчам 1981 йилда очилган бўлиб, 2012 йилнинг сентябридан пропискам туфайли ишламаган бўлсам, 54 ёшдан пенсияга чиқишим учун стажим қандай ҳисобланади? Институтни тамомлаганман – бунинг учун 5 йил, иккита болам учун – 6 йил чиқариб ташланади. Стаждан яна нималар чегирилиши мумкин? Навбатдаги меҳнат таътиллари ҳам чегириладими?

Римма Мавкаева.

 

– 54 ёшдан пенсияга чиқиш имтиёзли пенсия ҳисобланади, бунда маълум шартлар бажарилиши талаб этилади.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажига эга бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-1-моддаси).

Талаб этиладиган 20 йиллик иш стажи қуйидаги даврлардан таркиб топади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

Ҳар йиллик меҳнат таътиллари келтирилган рўйхатнинг «а» бандига мувофиқ киритилади. Бироқ ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, шунингдек иш ҳақи сақланмаган таътиллар рўйхатга киритилмайди.

54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи талаб этиладиган 20 йиллик иш стажига қуйидаги даврлар кирмайди:

д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт;

е) олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр;

и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек ЎзР Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

Бироқ, 54 ёшдан пенсияга чиқаётган аёлнинг Қонун 37-моддасининг «а»-«г» бандларида назарда тутилган иш стажи камида 20 йилни ташкил этган тақдирда «д»-«и» бандларида кўрсатилган иш даврлари унинг умумий стажига киритилади. Яъни, аввал 54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган, талаб этилаётган иш стажи ҳисобланади. Агар у 20 йилга тенг бўлса, унга «д»-«и» бандларда кўрсатилган даврлар қўшилади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Ноаниқ ёзув

 

Мен яқинда пенсияга чиқаман. Кадрлар бўлими инспектори меҳнат дафтарчамдаги ёзувлардан бирини аниқ-тиниқ ёзмаган – бироз сиёҳ чапланган.

Иш стажини ҳисоблаётганда уни ҳисобга олмасликлари мумкинми?

Римма А., Тошкент ш.

 

– Иш стажини тасдиқлаш учун Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим этиладиган ҳужжатлар мансабдор шахс томонидан имзоланиши ва ташкилотнинг асосий муҳри билан тасдиқланиши керак.

Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар уни тўлдириш ва юритиш пайтида амалда бўлган меҳнат дафтарчаларини юритишни тартибга соладиган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ расмийлаштирилиши керак.

Меҳнат дафтарчалари ва бошқа ҳужжатлардаги ёзувлар белгиланган қоидалардан четга чиққан ҳолда бажарилган бўлса, уларни иш стажининг исботи сифатида қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масалани Пенсия жамғармаси бўлими ҳал этади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илованинг 76-банди).

Бундан ташқари, меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади (252-сон Низомнинг 59-банди 3-хатбошиси).

 

 

 

Туман коэффициенти ҳисобга олинмайди

 

Яқинда амаким бувимни дафн этди. Пенсия жамғармаси бўлимида дафн этишга нафақани у ва бувимнинг иш ҳақига қўшиб берилган туман коэффициентини ҳисобга олмасдан тўлашларини айтишди. Шу тўғрими?

Хайрулло К.

 

– Ҳа, тўғри. Иш ҳақига туман коэффициенти белгиланган туманларда ва жойларда нафақа миқдори туман коэффициентлари ҳисобга олинмасдан белгиланади (ВМнинг 14.06.2011 йилдаги 174-сон қарорига 1-илованинг 13-банди).

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Меҳнат мигрантлари учун пенсия стажи

 

Хорижга ишлаш учун лицензия бўйича юборилган тақдирда меҳнат мигрантлари йилига 4,5 ЭКИҲ бадал тўласа пенсия стажи ҳисобга олинади. Бу меъёр Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (5.07.2018 йилдаги ПҚ-3839-сон) қайд этилган.

 

Ходимларни хорижга жўнатиш учун лицензиялар

2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга мамлакатимиз фуқароларини хорижий давлатларда ишга жойлаштиришга рухсат берилади. Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан лицензия олиш талаб этилади.

Лицензия талаблари ва шартларидан бири – Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига 50 минг АҚШ долларини захира сифатида киритиш ҳисобланади. Мазкур маблағлар ишлатиб юборилса (масалан, хориждаги меҳнат мигрантларига ёрдам бериш учун), ташкилотга захирани талаб этилган даражагача тўлдириш мажбурияти юклатилади. Лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда маблағлар қайтариб берилади.

Шу ўринда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур соҳада узоқ вақт «монопол» ўрин эгаллаб келганини эслаб ўтиш ўринли. Ушбу йўналишда рекрутинг агентликлари фаолият юритмади.

 

Мустақил равишда пул топишга чиқиш соддалаштирилади

2018 йил 1 августдан эса хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар пенсия ҳисобланаётганда хориждаги иш стажлари ҳисобга олиниши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий бадалларни камроқ тўлашлари мумкин бўлди.

Эслатиб ўтамиз, илгари (1 августга қадар) ихтиёрий бадалларнинг энг кам миқдори ойига 1 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 184 300 сўм) ёки йилига 12 ЭКИҲни (материал эълон қилинган пайтда – 2 211 600 сўм) ташкил этган (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарори). Шу тариқа, энг кам бадал суммаси тахминан 3 баравар камайди ва йилига 4,5 ЭКИҲ бўлди.

Бундан ташқари, хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинди. Гап шундаки, илгари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий Бюролардан тилга олинган рухсатномани олган шахсларга, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги ташкилотларида ишлаган фуқароларга ихтиёрий бадалларни тўлашга рухсат берилган (Низомнинг 2-банди 2-хатбоши). Шу сабабли аксарият ташқи меҳнат мигрантлари пенсия стажи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш имкониятидан маҳрум эдилар.

 

Хорижда ўз ҳолимизга ташлаб қўймайдилар

Ва, ниҳоят, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Унинг маблағлари, хусусан, қуйидагиларга сарфланади:

республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;

ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш ва бошқалар.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларига хорижда самарали фаолият юритишлари учун дипломатик паспортлар тақдим этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Ислоҳот сабабли

 

РФ Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги пенсия ёшини ошириш оқибатларини юмшатиш бўйича режа лойиҳасини тайёрлади. Хусусан, режа катта ёшли ходимларни ишдан бўшатганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутади, деб ёзади «Ведомости».

 

Меҳнат вазирлиги пенсия ёшига яқинлашган киши иш берувчининг ташаббусига ёки тарафларнинг келишувига кўра ишдан бўшатилса, бизнесга қонун йўли билан бандлик хизматларини хабардор қилиш мажбуриятини юклашни таклиф қилмоқда. Бандлик хизматлари эса ўз навбатида бу ҳақда Давлат меҳнат инспекциясига хабар бериб, бундай кишиларга иш излаш ва ишга жойлашишда ёрдам берадилар.

Вазирлик давлат меҳнат инспекцияларида бевосита мулоқот линиясини очишни таклиф этмоқда, пенсия ёшига яқинлашган кишилар ҳуқуқлари поймол бўлганда унга қўнғироқ қила оладилар.

Пенсияга чиқишига оз қолганда ишдан бўшатилганларга оширилган ишсизлик нафақасини тўлаш таклиф қилинмоқда, акс ҳолда мамлакатда қашшоқлар сони кескин ошиб кетади. Экспертларнинг баҳолашича, пенсия ёши оширилгандан кейин уларнинг сони йилига 100 минг кишига ортиб боради. Ислоҳот сабабли ижтимоий ҳимояга қўшимча харажатлар талаб этилиши мумкин.

Ислоҳот сабабли 2019 йилда қўшимча 1,1 млн киши меҳнат бозорида қолади, бироқ уларнинг атиги 800 минг нафари ишини сақлаб қолади, дея прогноз берди Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси проректори Александр Сафонов. Райффайзенбанкнинг ҳисоб-китобларига кўра, ислоҳотнинг дастлабки 3 йилида ҳар йили қўшимча 660 минг ходимдан фақат 460 минг киши иш топади. Альфа-банк ҳавола қилаётган сўров натижаларига кўра иш берувчиларнинг атиги 7%и катта ёшли ходимларни ёллашга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати пенсия ислоҳотини маъқуллади, сўнг июнь ойининг ўртасида, футбол бўйича Жаҳон чемпионати бошланишидан аввал пенсия ёшини аста-секин ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат думасига киритди. Эркаклар учун пенсия ёшини, ўтиш даврини 10 йилга чўзган ҳолда, 65 ёшгача ошириш ва уни 2028 йилга келиб якунлаш таклиф этилмоқда. Аёллар учун пенсия ёши 63 ёшгача оширилади, ўтиш даври эса 15 йилни ташкил этади ва 2034 йилга келиб якунланади.

Айни пайтда пенсияга чиқиш ёши эркаклар учун 60 ёшни, аёллар учун 55 ёшни ташкил этади.

Давлат думаси пенсия ёшини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлиги бузилиши хавфига қарамай, ҳукумат жиддий ёнбосишни истамаяпти. Бунинг ўрнига фақат янгиликлар ҳақидаги ахборот узатилиши устидан назоратни кучайтириш таклиф этилмоқда. Цензура самарадорлигига таянган Кремлдагилар назорат остидаги экспертлар ва ОАВга «пенсия ислоҳоти» сўз бирикмасини қўллашни амалда тақиқлаб, уни «пенсия манёври» ёки шунга ўхшаш ибора билан алмаштиришни таклиф этмоқдалар.

Шунингдек амалдорлар бўлажак ислоҳот биринчи бўлиб акс этадиганлар унга нисбатан норозилик билдирмасликлари учун уларга ёнбосишни кўзламоқдалар.

Давлат думасида пенсия ислоҳоти бўйича асосий ўқиш кузда ўтказилади. Депутатлар ҳужжатни ҳозирги ҳолатида қабул қилсалар, янгиликлар 2019 йил январдан жорий этила бошлайди.

 

Манба: newsru.com.

 

Маълумот учун!

Пенсия жамғармаси БЎЛИМИ пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этиш масалалари юзасидан тушунтиришлар ва маълумотлар бериши ШАРТ.

 

 

 

Сўнгсўз ўрнида

 

Ўзингизни синаб кўринг

 

Газетамизни қанчалик диққат билан ўқишингизни текшириб кўриш пайти келди. Бирон маълумотни эслай олмасангиз – зарари йўқ. «Норма маслаҳатчи»ни очиб, доим ўз билимингизни оширишингиз мумкин. Омад ёр бўлсин!

 

1. Ўриндошлик бўйича иш ишловчи пенсионерга тўланадиган 50 фоизлик пенсия миқдорига таъсир кўрсатадими?

а   Йўқ, таъсир кўрсатмайди, сабаби ўзингизга тегишли пенсиянинг 50%ини олаяпсиз. Пенсия бу суммадан кам бўлмайди.

б   Ишловчи пенсионер ўриндошлик асосида ишлашга ҳақли эмас.

в   Ҳа, таъсир кўрсатади. Бунда 50 фоизлик пенсия миқдори камаяди.

 

2. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар ставкаси қандай?

а   Бадаллар миқдори ходимнинг хоҳишига кўра белгиланади, бироқ 1%дан кам эмас.

б   2018 йил 1 январдан ШЖБПҲга ўтказиладиган ойлик мажбурий бадаллар миқдори – 2%.

в   ШЖБПҲга 3% ўтказилади.

 

3. Ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари ишга жойлашиш имкони бўлмаган жойда эрлари билан яшаган даврлар стажга қўшиб ҳисобланадими?

а   Бундай даврлар иш стажига қўшиб ҳисобланади, бироқ 10 йилдан ортиқ эмас. Бунда камида 7 йиллик умумий стажга эга бўлиш зарур.

б   Йўқ, қўшиб ҳисобланмайди.

в   Башарти ҳарбий хизматчининг хотинида камида 5 йиллик умумий стаж мавжуд бўлса, стажга қўшиб ҳисобланади.

4. Пенсия ёшига етган кундан бошлаб қанча муддатда пенсия сўраб мурожаат қилиш зарур?

а   Унга бўлган ҳуқуқ юзага келишидан 30 кун олдин.

б   Пенсия ёшига етган кундан бошлаб 3 ойдан кечиктирмай.

в   60 кундан кечиктирмай.

 

5. Қанча вақт мобайнида ишончнома бўйича пенсия олиш мумкин?

а   Пенсия ишончнома бўйича тўланмайди.

б   Пенсия қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича тўланиши мумкин, бироқ 12 ойдан ортиқ муддат учун эмас.

в   Ишончнома бўйича пенсияни фақат I ва II гуруҳ ногиронларининг ишончли вакиллари олишлари мумкин.

 

6. Махсус стаж нима ўзи?

а   Мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йилги иш.

б   Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатлари бўйича белгиланадиган иш стажи.

в   Қуролли Кучларда хизмат қилиш даври.

 

Тўғри жавоблар:

1а, 2б, 3а, 4в, 5б, 6б.

 

Натижалар

Ҳар битта тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Сизнинг натижангиз:

6 балл – аъло натижа. Пенсия таъминоти масалаларидан жуда яхши хабарингиз бор.

3–5 балл – шубҳасиз, кўп маълумотга эгасиз. Бироқ тўлиқ ишонч билан жавоб беришингиз учун билимингиз бироз камлик қилаяпти. «Норма маслаҳатчи»ни ўқиб боринг, ана шунда ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доим бохабар бўласиз.

1-2 балл ва ундан кам – афсуски, билимингиз жуда оз. Ёдингизда бўлсин, билим – куч демак. Айниқса пенсия ёшида бу жуда қўл келади.

«Норма маслаҳатчи»ни ўқиб боришга ҳаракат қилинг, бу самара беришига кафолат берамиз.

 

Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 30.01.2018 йилдаги 5-сони, 20.02.2018 йилдаги 8-сони, 13.03.2018 йилдаги 11-сони, 15.05.2018 йилдаги 20-сони, 12.06.2018 йилдаги 24-сонида чоп этилган.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 1415 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика