Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 33 / Бухгалтерга тавсиялар

Импорт операциялар ҳисоби

 

Ўзбекистон ташқи савдо алоқаларини фаол ривожлантириш, уни жаҳон иқтисодиётига интеграциялаш, ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни либераллаштириш кўпгина компанияларга халқаро савдо операцияларида иштирок этиш имконини берди. Натижада бундай фирмаларнинг бухгалтерлари зиммасига экспорт-импорт операциялари бухгалтерия ҳисоби масалаларини, шунингдек божхонада импортни расмийлаштириш билан боғлиқ жиҳатларни ҳал қилиш вазифаси юклатилди.

Норезидентдан товар сотиб олаётганда бир қатор муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш лозим. Уларга импорт контрактида қайд этилган товарни етказиб бериш шартлари ҳам киради. Товар божхонадан қандай ўтиши ҳам. Валютада ифодаланган товар қиймати ҳам.

Импорт операциялари фақат ҳужжатлар билан расмийлаштириш босқичида қийинчилик туғдирмайди. Уларни ҳисобда акс эттириш хусусиятлари билан «Norma» МЧЖ эксперти Наталья МЕМЕТОВА ўқувчиларимизни таништиради.

 

«Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг таърифига кўра (11-модда):

товарлар импорти – Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига уларни қайта олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб кириш;

ишлар (хизматлар) импорти – уларнинг бажарилиш (кўрсатилиш) жойидан қатъи назар, хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси томонидан Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси учун ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш).

 

Импорт битими босқичлари

Импортда хатти-ҳаракатлар изчиллиги турлича бўлиши мумкин. Унинг асосий босқичлари:

Босқич, хатти-ҳаракат

 

Ижрочилар

 

Ҳужжатлар-асослар

 

Муддатлар

 

Изоҳ

 

Импорт контрактини тайёрлаш ва имзолаш

 

Экспортчи (етказиб берувчи) ва импортчи (харидор)

 

Ниятлар ва бўлажак битим шартлари тўғрисидаги ахборот қайд этилган етказиб берувчи ва харидор ўртасидаги амалий ёзишмалар

 

Контрактни амалда тайёрлаш ва тузиш вақти

 

Олиб кириладиган товар давлат тилида мажбурий маркировкаланиши талаб этилса, ушбу шартни контрактда назарда тутишни ёдингиздан чиқарманг (Рўйхат, ВМнинг 13.05.2013 йилдаги
127-сон қарорига 1-илова)

 

Контрактни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш

 

Импортчи

 

Контракт

 

Контракт тузилгандан кейин

 

ТСОЯЭАТдаги импорт битими бўйича ахборотни банк ва божхона органи ҳам киритади

 

Контракт бўйича етказиб бериш шартларига қараб шартномалар тузиш, ҳақ тўлаш, ташиш, юклаб ортиш-юклаб тушириш ҳужжатларини расмийлаштириш, суғурталаш ва ҳ.к.

 

Импортчи ва (ёки) экспортчи, зарур хизматларни етказиб берувчи ташкилотлар

 

Контракт, харидор (етказиб берувчи) ва зарур хизматларнинг бўлғуси етказиб берувчилари ўртасидаги амалий ёзишмалар

 

Ҳужжатларни амалда расмийлаштириш вақти

 

Хатти-ҳаракатлар натижаси – товарга илова қилинадиган ҳужжатлар

 

Товар ҳақини тўлаш

 

Импортчи

 

Контракт

 

Контракт шартлари бўйича

 

Импорт қилинадиган товарлар ҳақи импортчига хизмат кўрсатадиган Ўзбекистон банкидаги унинг счётидан тўланиши керак

 

Божхона тартиб-таомиллари

 

Импортчи ёки божхона брокери

 

Товарнинг маълум қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар (Рўйхат, АВ томонидан 14.03.2017 йилда 2868-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 3-илова)

 

Ҳужжатларни амалда расмийлаштириш вақти

 

2018 йил 1 июлдан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида БЮДни тўлдириш ва тақдим этишга ҳақлилар (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармоннинг 4-банди)

 

Божхона тўловларини тўлаш

 

Импортчи

 

БЮД

 

Божхона декларацияси қабул қилингунча ёки қабул қилиниши билан

 

 

Товарларнинг божхона назорати ва божхона расмийлаштируви

 

Божхона органлари

 

БЮД; товарга илова қилинадиган ҳужжатлар; божхона йиғими тўланганлиги тасдиғи; товарнинг келиб чиқиш сертификати (зарурат бўлганда); божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ваколатли органларнинг ҳужжатлари (рухсатномалар, сертификатлар ва ҳ.к.) – хоҳишга кўра; божхона тўловлари тўланганлиги тасдиғи

 

 

Божхона пости ходимлари айрим товарларни махсус назорат идентификация белгилари билан маркировкалайдилар (Рўйхат, ВМнинг 12.12.2011 йилдаги 324-сон қарорига 2-илова)

 

Экспортчидан (ташувчидан) товарни олиш

 

Экспортчи (ташувчи)

 

Инвойс (ҳисобварақ-фактура)

 

Ҳақ тўланган пайтдан бошлаб 180 календарь куни давомида

 

Товарни олиб кириш муддатлари бузилганда муддати ўтган дебиторлик қарзи юзага келади

 

 

 

Юқорида кўрсатилган босқичлардан ташқари, айрим товарлар (контрактлар) учун қуйидагилар зарур:

● Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида контрактни экспертиза қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;

● олиб киришга рухсатнома (лицензия).

Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида қуйидагилар экспертиза қилинади ва рўйхатдан ўтказилади:

● стратегик харид қилувчилар, шунингдек стратегик харид қилувчилар муассислари бўлган ташкилотлар томонидан тузиладиган 50 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги барча контрактлар (22.01.2018 йилдаги ПҚ-3487-сон қарор билан тасдиқланган Рўйхат);

● бюджет тизими бюджетлари, ЎзРнинг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси, ЎзР Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, ЎзР Президенти ва Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга доир бўлган ва ҳукуматга карашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузиладиган шартномалари доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари, ЎзР томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари (қарзлари) (бундан тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириладиган кредитлар мустасно) ҳисобидан:

давлат органлари;

бюджет ташкилотлари;

харид тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар;

давлат мақсадли жамғармалари;

устав фондида 50% ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улуши билан иштирок этувчи давлат корхоналари ва юридик шахслар;

устав фондининг 50%и ва ундан ортиғи 50% ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар;

бошқа юридик шахслар билан тузиладиган 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари;

● ЎзРни ривожлантириш давлат дастурларига киритилган ёхуд ЎзР Президентининг ва Ҳукуматининг қарорлари билан амалга ошириладиган лойиҳаларни рўёбга чиқариш доирасида, давлат харидларини амалга оширишда тузиладиган 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари (Низомнинг 6-банди, 20.02.2018 йилдаги ПҚ-3550-сон қарорга 3-илова).

Контрактни экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиш учун Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказига қуйидагиларни тақдим этиш лозим:

● ариза;

● контрактнинг асл нусхаси;

● контрактнинг кўчирма нусхаси (рақамланган, буюртмачи ваколатли шахсининг муҳри ва имзоси билан тасдиқланган);

● контрактнинг электрон варианти;

● юридик хулоса;

● томонларнинг контракт тузиш ваколатларини тасдиқловчи (у биринчи раҳбар томонидан имзоланмаганда) тасдиқланган ҳужжатнинг кўчирма нусхаси;

● контракт тузилган пайтда амал қилаётган, биринчи раҳбарнинг имзоси ва буюртмачининг муҳри билан тасдиқланган тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга контракт нархининг асосланмаси.

Етказиб берувчиларни идентификацияловчи ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин. Улар контракт имзоланган пайтдан бошлаб 30 кундан кечиктирмай тақдим этилади (ПҚ-3550-сон қарорга 3-илованинг 3-боби).

20 кун давомида экспертиза ўтказилади ва контрактлар рўйхатдан ўтказилади. Экспертиза натижаларига кўра ҳужжатларнинг асл нусхалари билан бирга ижобий қарор чиқариб берилади ёхуд улар қайтариш сабабларини кўрсатган ҳолда қайтариб берилади.

Контракт рўйхатдан ўтказилгандан кейин 2 кун ичида Марказ бу ҳақда ТСОЯЭАТда белги қўяди. Хулоса контрактнинг амал қилиш муддати тугагунча ўз кучини сақлайди.

Улар бўйича ЎзР Президенти ёки ЎзР ВМ қарори қабул қилинадиган махсус турдаги товарлар учунгина олиб киришга рухсатнома (лицензия) олиш лозим (Рўйхат, 3.11.2017 йилдаги ПФ-5215-сон Фармонга 1-илова).

Лицензияни ЎзР ВМнинг Ташқи савдо фаолияти, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти беради.

Лицензия олиш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур:

● лицензия беришни сўраб ёзилган ариза;

● махсус товарларни импорт қилишга лицензия бериш тўғрисидаги ЎзР Президенти ҳужжати ёки ВМ қарорининг кўчирма нусхаси;

● контрактнинг кўчирма нусхаси.

Лицензия 10–11 кун давомида махсус товарларни етказиб бериш контрактини бажариш учун зарур бўлган, бироқ 1 йилдан ошмайдиган муддатга берилади. Ариза берувчининг асослантирилган илтимосига кўра лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкин.

Кўпгина товарларни сертификатлаштириш босқичидан ўтказиш талаб этилади (Рўйхат, ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова).

 

Босқич,
хатти-ҳаракат

 

Ижрочи, ваколатли орган

 

Ҳужжатлар

 

Муддатлар

 

Қўшимча ахборот

 

Сертификатлаштириш

 

Санитария назорати ҳудудий органи (санитария-эпидемиология хулосаси)

 

Ариза; товарга илова қилинадиган ҳужжатлар; ишлаб чиқарувчи мамлакатининг келиб чиқиш сертификати

 

Тегишли синов усуллари учун норматив ҳужжатларда назарда тутилган муддатларга қараб

 

Олиб кирилаётган маҳсулотга санитария-эпидемиология хулосаси маҳсулотнинг яроқлилик муддатига, яроқлилик муддати бўлмаганига эса – амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда берилади

 

Сертификатлаштириш бўйича аккредитацияланган органлар (мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш)

 

Ариза; олиб кирилаётган маҳсулотга доир норматив ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда); маҳсулотни маркировкалаш намунаси (маҳсулот ҳақида ахборот); санитария-эпидемиология хулосасининг нусхаси; ЎзР божхона ҳудудига келганлиги тўғрисида белги қўйилган товарга илова қилинадиган ҳужжат нусхаси

 

3 иш куни давомида

 

Олиб кирилаётган маҳсулотга мувофиқлик сертификати маҳсулотнинг яроқлилик муддатига (кафолат муддатига), яроқлилик муддати (кафолат муддати) бўлмаганига эса – амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда берилади. Муайян шартларга риоя этганда хорижий мувофиқлик сертификатлари тан олиниши мумкин (Низом, ВМнинг 14.10.2015 йилдаги 292-сон қарорига 2-илова)

 

 

2018 йил 1 сентябрдан эътиборан (29.06.2018 йилдаги ­ПҚ-3818-сон қарор):

● чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назоратини ўтказиш чоғида ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;

● Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган товарларга нисбатан мувофиқликка мажбурий сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;

● товарларнинг импорт режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди.

 

Божхона расмийлаштируви

Божхона расмийлаштируви:

● божхона декларацияларини қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш;

● божхона қийматини назорат қилиш;

● божхона тўловларини назорат қилиш;

● товарлар ва транспорт воситалари ҳамда уларнинг чиқарилишини кўздан кечириш ва кўрикдан ўтказиш.

Декларациялаш чоғида дастлабки ёки даврий декларация расмийлаштирилади. Мазкур тартиб лицензиялар бўйича импорт қилинадиган ёки ваколатли органларнинг рухсатномаси талаб қилинадиган (мувофиқлик, гигиена, ветеринария сертификатлари ва карантин рухсатномаси бундан мустасно) товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Товарларни дастлабки декларациялаш декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилади. Яъни у импорт қилинаётган товарлар Ўзбекистон божхона ҳудудига амалда етиб келгунига қадар божхона органларига дастлабки декларацияни тақдим этади (АВ томонидан 30.01.2013 йилда 2418-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Даврий декларациялаш бир хил турдаги товарлар муайян давр мобайнида Ўзбекистон божхона чегараси орқали айни бир шахс томонидан мунтазам олиб ўтилганда қўлланилади (АВ томонидан 5.07.2018 йилда 3037-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Божхона тўловлари бўйича имтиёзларга эга бўлган импорт қилувчи корхоналар товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт БЮДни тақдим этмайдилар (3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорнинг 1-банди «е» кичик банди).

Товарларнинг божхона расмийлаштируви қоғоз ёки электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

2018 йил 1 июлдан бошлаб божхона брокерларига мурожаат қилмасдан БЮДни Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва тақдим этиш мумкин (ПФ-5414-сон Фармоннинг 4-банди).

 

Божхона режимлари

Товарлар Ўзбекистон божхона чегараси орқали божхона режимларига мувофиқ олиб ўтилади (БКнинг 4-боби). Божхона режими божхона декларациясида кўрсатилади.

Импорт қилишда 40-«Эркин муомалага чиқариш (импорт)» режими энг кенг тарқалган режим ҳисобланади (Таснифлагич, АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 3-илова). Бу режимда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади.

Божхона тўловлари тўланган тақдирдагина товар импорт божхона режимида расмийлаштирилади.

Божхонада расмийлаштиришдан олдин товар қуйидагиларни текшириш мақсадида божхона назоратидан ўтказилади:

● товарларни;

● божхона декларацияси, товарлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотларни;

● битим томонларининг фаолиятини (БКнинг 178-моддаси).

2018 йил 1 июлдан эътиборан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва битим томонларининг ташқи савдо фаолияти қонунийлиги товарлар эркин муомалага (40-режим) чиқарилгандан сўнг текширилади (ПФ-5414-сон Фармоннинг 4-банди). Бу товарларни божхонада расмийлаштириш муддатларини анча қисқартиради ва ушбу тартиб-таомилни сезиларли даражада соддалаштиради.

70-«Вақтинча сақлаш» режимида расмийлаштирилган товар вақтинча (60 календарь кунгача) божхона тўловлари тўланмаган ҳолда божхона назорати остида сақланади. Одатда 40-режимни расмийлаштириш учун барча шартлар бажарилмаганда ушбу режим қўлланади. Масалан, зарур ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, божхона тўловлари тўланмаганда ва ҳ.к.

Товар 70-режимга жойлаштирилганда қисқача БЮД расмийлаштирилади ва товарни сақлаганлик учун йиғим тўланади (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган Ставкалар).

74-«Божхона омбори» режимида божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун мўлжалланган товар божхона божлари тўланмаган ҳолда муайян биноларда (жойларда) божхона назорати остида сақланади (БКнинг 14-боби).

Товар ўзига хос хусусиятларга эга бўлганда (ташқи ўлчамлари, алоҳида сақлаш шартлари ва ҳ.к.), шу муносабат билан божхона омборига жойлаштирила олмаганда 74-режим қўлланилади.

Товарни 74-режимга жойлаштириш шартларидан бири – божхона тўловлари тўланишини таъминлаш. Қуйидаги таъминот вариантлари қўлланилиши мумкин:

● божхона органининг шахсий ғазна счётига пул маблағларини ўтказиш;

● товарни гаровга қўйиш;

● банк кафолатини тақдим этиш;

● божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятни суғурталаш;

● кафиллик.

Товар 74-режимга жойлаштирилганда:

● БЮД ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар тақдим этилади;

● товарни божхонада расмийлаштириш ва сақлаш учун йиғимлар тўланади.

Товар божхона омбори божхона режимида 3 йилгача сақланади.

2018 йил 1 сентябрдан эътиборан «Божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви чоғида ЎзР Президенти ҳамда ВМ қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди (29.06.2018 йилдаги ПҚ-3818-сон қарорнинг 3-банди).   

 

Божхона қиймати

Бу божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қиймати. У товарнинг контрактдаги қийматидан фарқланиши мумкин.

Божхона қиймати (БҚ) товарни божхонада расмийлаштиришда божхона қиймати декларациясида (БҚД) акс эттирилади. БҚД БЮДга илова қилинади ва усиз ҳақиқий саналмайди.

БҚД қуйидаги ҳолларда тўлдирилмайди:

● импорт қилинаётган товарнинг божхона қиймати 1 000 АҚШ долларидан ошмаса, битта контракт доирасида бир неча марта товар етказиб бериш, шунингдек турли контрактлар бўйича айни ўша товарни бир жўнатувчи томонидан айни ўша битта олувчининг манзилига такрор-такрор етказиб бериш бундан мустасно;

● товарлар божхона тўловларини тўлашдан озод этилган бўлса (БКнинг 318-моддаси 7-қисми).

Бу ҳолда божхона қиймати товарга илова қилинадиган ҳужжатлар маълумотлари асосида аниқланади.

Божхона қиймати қуйидаги усуллар билан аниқланиши мумкин (БКнинг 302-моддаси):

I) олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

II) айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

III) ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

IV) қийматларни чегириб ташлаш асосида;

V) қийматларни қўшиш асосида;

VI) захира усул.

I усул контракт бўйича товарнинг қиймат баҳосига асосланган. Бунда битим қийматига товарни божхона ҳудудига етказиб бериш, юклаш-тушириш, суғурталаш суммалари ва импортчининг у билан боғлиқ бошқа харажатлари қўшилади. Импортчининг Ўзбекистон ҳудудидаги хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ харажатлари битим қийматида алоҳида кўрсатилган бўлса, чегирилади. Масалан, Ўзбекистонда тайинланган жойгача ташиш, монтаж қилиш харажатлари ва ҳ.к.

Бу импортчи учун энг фойдали бўлган БҚни ҳисоблаш усули. Уни қўллаш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур:

● битим нархини тасдиқлаш учун етказиб бериш ҳақини тўлашга счёт (инвойс);

● битим бўйича харажатларнинг қўшимча ва чегириладиган суммаларини тасдиқловчи тўлов ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

Шартномада назарда тутилган чегирмалар, товар ҳақи уларни инобатга олган ҳолда тўланганлиги тасдиқланса, БҚни аниқлашда ҳисобга олинади. Товар ҳақи БҚ аниқлангандан кейин тўланган бўлса, чегирмани ҳисобга олган ҳолда унга тузатиш киритилиши мумкин.

БҚДда кўрсатилган барча суммалар ҳужжатлар билан тасдиқланса, I усул қўлланилади. Улар мавжуд бўлмаганда товарнинг божхона қиймати II, III, IV, V, VI усулларни кетма-кетликда қўллаган ҳолда аниқланади.

II усулда илгари I усул бўйича баҳоланган айнан бир хил товарларга доир битим нархи асос қилиб олинади. Товарларнинг хусусиятлари, келиб чиққан мамлакати, ишлаб чиқарувчиси бир хил бўлса, айнан бир хил деб тан олинади. Товар олиб кирилгунига қадар 90 календарь кун ичида айнан бир хил товарлар билан бир нечта битим амалга оширилган бўлса, баҳоси энг паст бўлган битим асос қилиб олинади.

III усул ўхшаш товарларга доир битим нархи асос қилиб олиниши билан II усулдан фарқланади. Ўхшаш товарлар ўхшаш хусусиятларга ва компонентларга эга бўлади, бир хил вазифаларни бажаради, баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлади. Товар олиб кирилгунига қадар 90 календарь кун ичида ўхшаш товарлар билан бир нечта битимлар амалга оширилган бўлса, баҳоси энг паст бўлган битим асос қилиб олинади.

Ўзбекистонда:

● божхона ҳудудида;

● баҳоланаётган товар Ўзбекистонга олиб кирилгунига қадар 90 календарь кун ичида катта миқдорларда;

● шундай товарни сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган шахсга сотилаётган худди шундай (ўхшаш, айнан бир хил) товар нархи IV усул бўйича ҳисоб-китоб қилишга асос бўлади.

Товар Ўзбекистон ҳудудига импорт қилингандан кейин сарфланган харажатлар нархдан чегирилади.

V усул бўйича божхона қиймати экспорт қилувчи мамлакатда товарни ишлаб чиқариш ва олиб чиқиш харажатлари ҳақидаги маълумотлар асосида аниқланади. Баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотларни ишлаб чиқарувчи тақдим этган бўлса, ушбу усулни қўллаш мумкин. Одатда битим томонлари ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, бундай маълумотлардан фойдаланишнинг имкони топилади.

Юқорида келтирилган усулларни қўллашнинг имкони бўлмаганда, VI усул қўлланилади. Товарларнинг божхона қиймати божхона органида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборот асосида аниқланади. Булар жаҳон нархларига доир ахборот маълумотномаларидан олинган маълумотлар, статистик маълумотлар бўлиши мумкин.

 

Божхона тўловлари

Божхона тўловларига қуйидагилар киради (БКнинг ­289-моддаси):

● божхона божи;

● ҚҚС;

● акциз солиғи;

● божхона йиғимлари.

Божхона тўловлари божхона декларацияси қабул қилингунига қадар ёки қабул қилиниши билан бир вақтда тўланади (БКнинг 327-моддаси).

Божхона тўловларини тўлаш ва божхона органи билан бошқа ҳисоб-китобларни амалга ошириш (пеня тўлаш, божхона тўловлари бўйича қарздорликни сўндириш, улар тўланишини таъминлаш) учун божхона органининг ғазна счётида олдиндан пул маблағларини захира қилиб қўйиш мумкин. Божхона декларацияси тақдим этилганда захирадаги маблағлар божхона тўловларини тўлашга йўналтирилади.

 

 

Божхона божи

У товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилганда ундириладиган тўлов. Божхона божи товарларнинг божхона қиймати ва белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон қарорга 1-илова).

Ставкаларни тўғри қўллаш учун товар қайси мамлакатдан келиб чиққанини билиш керак, сабаби:

● эркин савдо режими тўғрисида битимлар тузилган мамлакатлардан импорт қилинганда – импорт божхона божлари қўлланилмайди;

● савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланган мамлакатлардан импорт қилинганда – белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда бож тўланади;

● бу турдаги битимлар тузилмаган ёки товар ишлаб чиқарилган мамлакат аниқланмаган бўлса – божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилади (БКнинг 300-моддаси).

Товар келиб чиққан мамлакат келиб чиқиш сертификати билан тасдиқланади (БКнинг 363-моддаси).

Божхона божлари ставкалари қуйидагича бўлиши мумкин:

● адвалор – товарнинг божхона қийматидан фоиз белгиланганда;

● махсус – товарнинг ўлчов бирлигига қараб ҳисобланадиган;

● аралаш – адвалор ва махсус ставкаларни бирлаштирувчи.

Уларни қўллашга доир мисолларни кўриб чиқамиз.

 

Адвалор ставкани қўллашга мисол

Корхона Болгариядан косметик воситаларни импорт қилади, уларнинг божхона қиймати миллий валютага қайта ҳисоблаганда 50 000 минг сўмни ташкил этди. Товарнинг Болгариядан келиб чиқиши келиб чиқиш сертификати билан тасдиқланди.

Божхона божи суммасини аниқлаш чоғида Болгария билан энг кўп қулайлик бериш режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганини ҳисобга олиш лозим (Рўйхат, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 426-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Шу сабабли белгиланган миқдордаги божхона божи ставкаси қўлланади.

Косметика воситалари (ТИФ ТН коди – 3304) учун божхона божи ставкаси божхона қийматининг 15%и миқдорида белгиланган.

Божхона божи суммаси 7 500 минг сўмни (50 000 х 15%) ташкил этади.

 

Махсус ставкани қўллашга мисол

Корхона Литвадан пишлоқ импорт қилади, унинг божхона қиймати миллий валютага қайта ҳисоблаганда 30 000 минг сўмни ташкил этди. Товарнинг Литвадан келиб чиқиши келиб чиқиш сертификати билан тасдиқланди. Товар ҳажми – 600 кг. Божхонада расмийлаштириш санасида МБ курси 1 АҚШ доллари – 8 139 сўм.

Латвия билан энг кўп қулайлик бериш режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган (426-сон Рўйхат). Шу сабабли белгиланган миқдордаги божхона божи ставкаси қўлланади.

Пишлоқ (ТИФ ТН коди – 0406) учун божхона божи ставкаси божхона қийматининг 15%и, бироқ 1 кг учун камида 1 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Адвалор ставка бўйича: 4 500 минг сўм (30 000 х 15%).

Махсус ставка бўйича: 4 883 минг сўм (600 х 1 х 8 139).

Божхона божи суммаси – махсус ставка бўйича белгиланган суммаларнинг энг каттаси – 4 883 минг сўм.

 

Аралаш ставкани қўллашга мисол

Корхона Германиядан двигатели цилиндрлари ишчи ҳажми 2 000 куб см бўлган янги автомобилни импорт қилади. Унинг божхона қиймати миллий валютага қайта ҳисоблаганда 100 000 минг сўмни ташкил этди. Божхонада расмийлаштириш санасида МБ курси 1 АҚШ доллари – 8 139 сўм.

Германия билан энг кўп қулайлик бериш режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган (426-сон Рўйхат). Шу сабабли белгиланган миқдордаги божхона божи ставкаси қўлланади.

Автомобиль (ТИФ ТН коди – 8703 23 19) учун божхона божи ставкаси божхона қийматининг 30%и + двигатель ҳажмининг 1 куб см га 2,5 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Адвалор ставка бўйича: 30 000 минг сўм (100 000 х 30%).

Махсус ставка бўйича: 40 695 минг сўм (2 000 х 2,5 х 8 139).

Аралаш ставка бўйича ҳисобланган божхона божи суммаси – 70 695 минг сўм (30 000 + 40 695).

 

Товар импортида мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказилиши эҳтимоли ёки хавфини бартараф этиш учун муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари қўлланилади («Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида»ги Қонун).

Улар ЎзР ВМ қарорлари асосида текширув натижаларига кўра импорт божхона божидан ортиқ миқдорда қўлланилади (АВ томонидан 20.09.2007 йилда 1718-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

 

Акциз солиғи

У Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорига 12-2-иловада белгиланган Рўйхатдаги товарлар импорт қилинганда тўланади.

Қуйидаги акциз солиғи ставкалари бўлади:

● адвалор – товарнинг божхона қийматидан фоизларда;

● қатъий белгиланган – товарнинг ўлчов бирлигига;

● аралаш.

 

Акциз солиғини адвалор ставкада ҳисоблашга мисол

Корхона музқаймоқ импорт қилади, унинг божхона қиймати миллий валютага қайта ҳисоблаганда 5 000 минг сўмни ташкил этди. Музқаймоқ (ТИФ ТН коди – 2105 00) учун акциз солиғи ставкаси – 30%.

Акциз солиғи суммаси 1 500 минг сўмни (5 000 х 30%) ташкил этади. 

 

Қатъий белгиланган ставкада акциз солиғини ҳисоблашга мисол

Корхона сиғими 0,5 литрлик 1 000 шиша коньяк (ТИФ ТН коди – 2208 20 120 0) импорт қилади. Божхонада расмийлаштириш санасида АҚШ доллари курси – 8 139 сўм.

Акциз солиғи ставкаси – 1 литрга 14,5 АҚШ доллари. Акциз маркалари қиймати – 3 000 минг сўм.

Акциз солиғи суммаси 59 007,75 минг сўмни (1 000 х 0,5 х 14,5 х 8139) ташкил этади.

Импорт қилинадиган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар мажбурий тартибда акциз маркалари билан маркаланиши керак (Солиқ кодексининг 241-моддаси). Акциз маркалари акциз солиғи тўлиқ тўлангандан кейин сотиб олинади.

 

Бухгалтерия ҳисобида бу қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўмда

 

Дебет

 

Кредит

 

Асос

 

Акциз маркаларини сотиб олишдан олдин акциз солиғи тўланди

 

59 007 750

 

4400-«Бюджетга аванс тўловларини ҳисобга олувчи счётлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Банк кўчирмаси

 

Акциз солиғи товар қийматида ҳисобга олинди

 

59 007 750

 

2900-«Товарлар»

 

4400-«Бюджетга аванс тўловларини ҳисобга олувчи счётлар»

 

БЮДнинг 47-устуни

 

Акциз маркаларининг ҳақи тўланди

 

3 000 000

 

5920-«Бошқа жорий активлар»;

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Банк кўчирмаси

 

Акциз маркалари келиб тушди

 

3 000 000

 

006-«Қатъий ҳисобот бланкалари»

 

 

Юкхат

 

Акциз маркалари маркалаш учун берилди

 

3 000 000

 

 

006-«Қатъий ҳисобот бланкалари»

 

Юкхат

 

Фойдаланилишига қараб акциз маркалари қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

3 000 000

 

9410-«Сотиш харажатлари»

 

5920-«Бошқа жорий активлар»;

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

Ҳисобдан чиқариш далолатномаси

 

 

 

Акциз солиғини аралаш ставкада ҳисоблашга мисол

Корхона двигатели ҳажми 2 600 куб см бўлган фойдаланишда бўлган самосвални (ТИФ ТН коди – 8704 21 390) импорт қилади. Самосвалнинг божхона қиймати – 12 000 АҚШ доллари. Божхонада расмийлаштириш санасида АҚШ доллари курси – 8 139 сўм.

Акциз солиғи ставкаси – божхона қийматининг 70%и + 1 куб см га 3 АҚШ доллари. 

Акциз солиғи суммаси 131 851,8 минг сўмни (12 000 х 8 139 х 0,7 + 2 600 х 3 х 8 139) ташкил этади.

Хом ашёни импорт қилиш чоғида тўланган акциз солиғи, ундан акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган бўлса, чегириб ташланади. Солиқ даврида (ойда) сотилган акциз тўланадиган маҳсулотга тўғри келадиган улушдаги акциз суммаси чегирилади (Солиқ кодексининг 237-моддаси).

 

МИСОЛ. Корхона импорт хом ашёни божхонада расмийлаштириш чоғида 1 000 минг сўм миқдорида акциз солиғини тўлади. Бутун хом ашёдан 20 000 бирлик акциз тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришда фойдаланилди. Солиқ даврида 7 000 бирлик маҳсулот сотилди, уни сотиш қийматидаги акциз солиғи 3 000 минг сўмни ташкил этди.

Ҳисобга олинадиган акциз солиғи суммасини аниқлаймиз: (7 000 / 20 000 х 1 000) = 350 минг сўм.

Сотилган акциз тўланадиган маҳсулотдан бюджетга тўланадиган акциз солиғи: 3 000 – 350 = 2 650 минг сўм.

 

Бу бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўмда

 

Дебет

 

Кредит

 

Асос

 

Божхонада расмийлаштириш чоғида акциз солиғи тўланди

 

1 000 000

 

4400-«Бюджетга аванс тўловларини ҳисобга олувчи счётлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Банк кўчирмаси

 

Акциз тўланадиган маҳсулот сотилганда акциз солиғи ҳисобланди

 

3 000 000

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (турлари бўйича)»

 

Ҳисобварақ-фактура

 

Акциз солиғи ҳисобга олинди

 

350 000

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (турлари бўйича)»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

Ҳисоб-китоб

 

Бюджетга акциз солиғи тўланди

 

2 650 000

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (турлари бўйича)»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Кўчирма

 

 

 

Қўшилган қиймат солиғи

Товарлар импорт қилинганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база – божхона қиймати, божхона божи ва акциз солиғи (акциз тўланадиган маҳсулотлар бўйича) суммаси.

Сққс = (Бқ + Бб + Ас) х С / 100, бунда:

Сққс – ҚҚС суммаси;

Бқ – импорт қилинаётган товарнинг божхона қиймати;

Бб – божхона божи суммаси;

Ас – акциз тўланадиган товарлар бўйича акциз солиғи суммаси;

С – 20% ҚҚС суммаси.

 

МИСОЛ. Корхона Польшадан (ишлаб чиқарувчи мамлакат) косметик воситаларни (ТИФ ТН коди – 3304) импорт қилади. Уларнинг божхона қиймати миллий валютага қайта ҳисоблаганда – 10 000 минг сўм.

Қуйидаги ставкалар белгиланган:

божхона божи – 15%;

акциз солиғи – 20%.  

Польша 426-сон Рўйхатга киради. Шу сабабли бир баравар миқдордаги божхона божи ставкаси қўлланади.

Божхона божи суммаси – 1 500 минг сўм (10 000 х 15%).

Акциз солиғи суммаси – 2 000 минг сўм (10 000 х 20%).

ҚҚС суммаси – 2 700 минг сўм ((10 000 + 1 500 + 2 000) х 20%).

Импорт чоғида амалда бюджетга тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга олинади, агар:

● импортчи – ҚҚС тўловчи бўлса;

● импорт қилинаётган товардан ҚҚС солинадиган оборот мақсадларида фойдаланиладиган бўлса;

 

● Солиқ кодексининг 219 ва 221-моддалари шартлари ҳисобга олинаётган бўлса.

Импорт хом ашё (товарлар) ишлатилган маҳсулот (товарлар) экспорт қилинадиган бўлса, импортдан ҚҚС товарларни экспорт қилишдан тушган валюта тушумига тўғри келадиган улушда ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. Хом ашёни импорт қилишда корхона бюджетга 2 000 минг сўм ҚҚС тўлади.

Хом ашёдан экспорт қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришда фойдаланилди. Экспорт ҳажми 30 000 минг сўмни ташкил этди. Ҳисобот даврида экспорт қилинадиган маҳсулот учун 15 000 минг сўм тўланди.

Ушбу мисолда импортдан бутун ҚҚС суммасини, бутун сумма бюджетга тўланганлигига қарамай, ҳисобга олиб бўлмайди. Тўланган экспорт тушумига тўғри келадиган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш мумкин.

Ҳисобга қабул қилинган ҚҚС суммаси – 1 000 минг сўм (2 000 х 15 000 / 30 000).

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўмда

 

Дебет

 

Кредит

 

Асос

 

Хом ашё импорт қилинганда ҚҚС ҳисобланди

 

2 000 000

 

3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

БЮДнинг 47-устуни

 

Экспорт тушумига тўғри келадиган улушда ҚҚС ҳисобга олинди

 

1 000 000

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (турлари бўйича)»

 

3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар»

 

Валюта счёти бўйича банк кўчирмаси

 

 

 

Ўзбекистон норезиденти комитент (ишонч билдирилган шахс) ҳисобланган воситачилик (топшириқ) шартномасига кўра товар импорт қилинганда импортдан ҚҚС ҳисобот даврида сотилган товарларга тўғри келадиган улушда ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. Хорижий етказиб берувчи билан тузилган воситачилик шартномасига кўра 30 000 бирлик товар импорт қилинганда корхона 2 000 минг сўм миқдорида бюджетга ҚҚС тўлади.

Ҳисобот даврида 12 000 бирлик товар сотилди.

Ҳисобга қабул қилинган ҚҚС суммаси – 800 минг сўм (2 000 х 12 000 / 30 000). 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўмда

 

Дебет

 

Кредит

 

Асос

 

Хом ашё импорт қилинганда ҚҚС ҳисобланди

 

2 000 000

 

3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

БЮДнинг 47-устуни

 

Сотилган товарга тўғри келадиган улушда ҚҚС ҳисобга олинди

 

800 000

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (турлари бўйича)»

 

3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар»

 

Ҳисобварақ-фактура

 

 

 

Эътибор беринг! Импортчи мақсадли фойдаланиш шарти билан божхона тўловлари бўйича имтиёзга эга бўлса, юқорида кўрсатилган шартларга риоя этганда товарлар импортидан ҚҚСни ҳам ҳисобга олиши мумкин.

 

МИСОЛ. Импорт қилинган товарни божхонада расмийлаштириш чоғида 20 000 минг сўм суммасидаги ҚҚС аниқланди. Корхона божхона тўловлари бўйича мақсадли имтиёзга эга.

Мақсадли имтиёзда ҚҚС ҳисобланади, бироқ бюджетга тўланмайди, балки 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» счётида ҳисобга олинади.

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўмда

 

Дебет

 

Кредит

 

Асос

 

Мақсадли фойдаланиш шарти билан товар импорт қилинганда ҚҚС ҳисобланди

 

20 000 000

 

4400-«Бюджетга аванс тўловларини ҳисобга олувчи счётлар»

 

8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари»

 

БЮДнинг 47-устуни

 

ҚҚС ҳисобга олинди

 

20 000 000

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (турлари бўйича)»

 

4400-«Бюджетга аванс тўловларини ҳисобга олувчи счётлар»

 

БЮД

 

 

 

Божхона йиғими

Божхона органлари томонидан қуйидаги ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилганлиги учун божхона йиғимлари ундирилади (БКнинг 291-моддаси):

● божхона расмийлаштируви;

● товарларни божхона омборида сақлаш;

● транспорт воситасини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш;

● бошқа тартиб-таомиллар.

Божхона йиғимларининг ставкалари ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарорига иловада белгиланган.

 

МИСОЛ. Импорт қилинаётган товарнинг божхона қиймати миллий валютага қайта ҳисобланганда – 10 000 АҚШ доллари. Божхона расмийлаштируви учун йиғим ставкаси – божхона қийматининг 0,2%и миқдорида, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас:

10 000 х 0,2 = 20 АҚШ доллари.

20 доллар 25 доллардан кам бўлганлиги учун божхона йиғими 25 АҚШ долларига тенг.

 

Импорт операциялари бўйича ҳисоб-китоб қилиш тартиби

Импорт битимини тузиш чоғида томонлар ҳисоб-китоб қилиш шартлари – олдиндан ҳақ тўламаслик, қисман ёки тўлиқ ҳақ тўланишини белгилашда эркиндирлар.

Импорт қилинаётган товарларга ҳақ тўлаш корхонанинг Ўзбекистоннинг унга хизмат кўрсатадиган вакил қилинган банкдаги счётидан амалга оширилиши керак (20.04.1994 йилдаги ПФ-837-сон Фармон билан тасдиқланган Низомнинг 12-банди).

Импорт битими бўйича олдиндан ҳақ тўлаётганда товарларни олиб кириш ёки хизматларни кўрсатиш муддатини албатта назорат остига олинг. Ушбу муддат ўтиб кетса, муаммоларга тўқнаш келасиз. Товарларни республикага олиб кириш ва импорт режимида расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш ёки импорт контрактлари бўйича улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак (Низомнинг 13-банди, ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова).

Муддатлар 30 банк кунидан ортиқ (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк куни) кечиктирилишига йўл қўйилганда жарима (импорт режимида расмийлаштирилмаган товарлар қийматидан фоизларда) тўланади:

● 180 кунгача – 10%;

● 180 кундан 365 кунгача – 20%;

● 365 кундан ортиқ – 70% (416-сон Низомнинг 17-банди).

Шу сабабли муайян сабабларга кўра белгиланган муддатларга риоя этилмаганда, хорижий етказиб берувчидан олган авансларни қайтаришини талаб қилинг. Аванс тўловлари бўйича маблағлар қайтарилганда ёки импорт контрактлари бўйича товарлар тўлиқ етказиб берилмаган ҳолларда импортчи томонидан тўланган корреспондент банкнинг воситачилик ҳақи импортчининг харажатларига киритилади ва дебиторлик қарзи сифатида ҳисобга олинмайди (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.12-банди).

Давоми бор.

Прочитано: 2821 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика