Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 33 / Устуворликлар

Божхона: ислоҳотларнинг янги босқичи, янги стратегик вазифалар

 

Халқаро пресс-клубда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги стратегик вазифаларга бағишланган махсус сессия ташкил қилинди. Сессияда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, таркибий тузилмалар бошлиқлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

 

Давлат божхона қўмитаси раиси, божхона хизмати генерал-майори М.Азимов божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот берди. Бугунги кунда ДБҚ ташқи иқтисодий фаолиятдаги муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш, тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда унинг оддий ва содда халқ тилида бўлишини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хавфни бошқариш тизимини кенг қўллаган ҳолда соддалаштирилган ва шаффоф божхона маъмуриятчилигини йўлга қўйиш бўйича муай­ян ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг барча халқаро аэропортларидаги божхона назорати ва расмийлаштируви йўловчилар, айниқса хорижий сайёҳларнинг манфаатларидан келиб чиқиб тубдан такомиллашди, «яшил» ва «қизил» ­йўлаклар тизими ишга туширилди. Жисмоний шахсларнинг божхона чегараларимиз орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиши бўйича тартиб соддалаштирилди, товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлари жорий этилди.

Тадбир давомида чегара ўтказиш пунктларида божхона ходимлари учун мўлжалланган янги форма ҳам намойиш этилди. Йўловчилар ва пойтахт меҳмонларини расмий тусда эмас, балки оддий, дўстона кўринишда кутиб олиш ва кузатиб қўйиш мақсадида форманинг ранги ва дизайни ўзгарган, погонлари олиб ташланганини қайд этиш керак.

Халқаро пресс-клубда 2018 йил 1 июлдан бошлаб божхона органлари томонидан тақдим этиладиган бир қатор рухсат бериш тартиб-таомилларининг бекор қилингани маълумот учун айтиб ўтилди. Хусусан, вақтинча олиб кириш, вақтинча олиб чиқиш, реэкспорт, реимпорт, давлат фойдасига воз кечиш, йўқ қилиш, божхона ҳудудида қайта ишлаш, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш каби 8 та божхона режимларига товарларни жойлаштириш учун рухсатнома бериш, хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг республикамиз ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга рухсатнома бериш, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома бериш шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, ТИФ иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан туриб, божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона идораларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди. Эндиликда «божхона омбори», «бож олинмайдиган савдо дўкони» ҳамда «эркин омбор» фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар ҳам чекланмаган муддатга берилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда намойиш этишлари учун умумий қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган миқдордаги товарларни божхона юк декларацияси тўлдирмасдан, юк-кузатув ҳужжатлари асосида олиб чиқишга рухсат берилди.

«Telegram» ижтимоий тармоғида Давлат божхона қўмитасининг махсус гуруҳи яратилди. Ушбу гуруҳ ёрдамида товарлар экспортида, шу жумладан товарларни «экспорт» божхона режимига расмийлаштиришда вужудга келаётган муаммоларни кузатиб бориш ва ўз вақтида бартараф этиш мумкин.

Сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни ташқи бозорга «ўзбек бренди» остида «Соддалаштирилган божхона йўлаклари» орқали олиб чиқиш имконияти яратилди.

2018 йил 1 сентябрдан товарларни божхона кўригини танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда хавфни бошқариш тизими тўлиқ ишга тушади. Ушбу тизимга кўра, экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида хавфни бошқариш тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўригидан ўтказилади.

Хавфни бошқариш тизимида товарни божхона кўригидан ўтказиш кераклиги тўғрисидаги қарорни тадбиркорлик субъектининг ҳалоллигига қараб, автоматлаштирилган дастурдаги ахборотлар асосида қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. Бу билан субъектив ёндашувдан воз кечилади.

Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўриклари натижасида жами 5 215 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 69,9 млрд сўмлик товарлар олиб қўйилган. Ўтказилган тезкор тадбирларда 23,9 кг гиёҳвандлик воситалари, 567 дона психотроп моддалар, 22 дона ўқотар қурол, 202 дона жанговар ўқ-дори, 4 421 дона диний мазмундаги, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи материаллар ҳуқуқбузарлардан олинди.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.06.2018 йилдаги ПҚ-3818-сон) қабул қилиниб, импорт божи ва акциз солиғи ставкалари унификация қилинди ва уларнинг 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиши белгиланди. Жумладан, жами 11 295 товар позициясидан 3 410 таси бўйича божхона божи ставкалари туширилиб, 8 166 та товар позицияси учун божхона божи «0» ставка миқдорида белгиланди. Божхона божи ставкасининг ўртача арифметик ҳисоби янги қабул қилинган қарор бўйича 4,07 %ни ташкил этиб, 1,5 баробарга камайган.

Акциз солиғига тортиладиган жами 1 530 та товар позицияларидан
778 тасига акциз солиғи ставкаси «0» ставка миқдорида белгиланди (қисқариш – 1,9 баробар), 752 та товар позициялари бўйича 5%дан 70%гача бўлган ставкалар янада қисқартирилди.

Шу билан бирга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилиши;

иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмаслиги;

товарларни «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмаслиги назарда тутилган.

2018 йил 1 сентябрдан Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборот, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул олиш имконини берадиган «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига «Интеграциялашган тариф» интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилиши белгилаб қўйилди. Айни пайтда 2018 йил 1 ноябрига қадар муддатда Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш устида қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 1390 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика