Мамлакатимиз қонунчилигига биноан 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлаклар тизими жорий этилган. Бу тизим, шубҳасизки, Самарқанд халқаро аэропортида ҳам ишламоқда.
Янги тартиб-таомилни жорий этишда, энг аввало, фуқароларимиз ва қолаверса хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ҳамда тезлаштириш кўзланган.
Самарқанд халқаро аэропорти орқали жорий йилнинг олти ойи давомида жами 150 357 дан ортиқ йўловчи ҳаракатланган. Шундан 145 359 нафар, яъни 96 фоиздан ортиғи «яшил» йўлак орқали ўтган. 4 998 нафар, яъни 4 фоиз йўловчи эса «қизил» йўлакдан ҳаракатланган.
Республика Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5414-сон Фармонида божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бунинг натижасида «яшил» йўлак жорий этилмасдан олдин Ўзбекистон Республикасига кириб келишда йўловчига божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфланган бўлса, эндиликда ўртача 30 дақиқадан 1 соатгача вақт ичида йўловчилар чегара ва божхона назоратини тарк этишмоқда. Афсуски, айрим йўловчилар яратилган ушбу имкониятларни суиистеъмол қилиб, божхона қоидаларини бузган ҳолатлар учраб туради.
«Самарқанд аэропорт» чегара божхона пости томонидан 2018 йилнинг шу кунига қадар жами 102 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 426,9 млн сўмлик товар-моддий қимматликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган. Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг барчаси айнан «яшил» йўлакни танлаган йўловчилар томонидан содир этилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликдан 4 таси – вояга етмаган шахслар порнографияси ҳамда тақиқланган диний-ақидапарастлик мазмунидаги материалларни республикамиз ҳудудига олиб ўтишга уриниш ҳолатларини ташкил этиб, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Шунингдек, 8 ҳолатда 577,22 грамм заргарлик буюмлари, 9 ҳолатда тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз бўлган 1 510 дона дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 69 та ҳолатда 8 119 та порнографик мазмундаги ва шафқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотлар, 50 дона патрон гильзаларини ҳам айнан «яшил» йўлак ниқобида қонунга хилоф равишда олиб кирилишида фош этилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона тартиб-қоидаларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишлар юритилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.