Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 28 / Эксперт нуқтаи назари

Алкоголь ишлаб чиқариш ва сотиш: бизнесни нималар кутмоқда

 

● Маҳсулотнинг камида 10%и мажбурий экспорт қилинади

● Таълим муассасаларидан камида 100 метр нарида

● «Шароб»га солиқ солишнинг янги тартиби

 

ҚҲТБТда Президентнинг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3573-сон қарори асосида ишлаб чиқилган давлат раҳбарининг «Виночилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди (муҳокама 23.06.2018 йилда тугаган).

 

1

Қарор лойиҳасида экспортни рағбатлантириш ва узумчиликни ривожлантириш мақсадида лицензия талабларида лицензиатнинг реализация ҳажмининг камида 10%и миқдоридаги ўз маҳсулотини экспорт қилиш мажбуриятини назарда тутиш таклиф этилган.

Соҳадаги вазият ҳақида бир оғиз сўз юритсак. Республикада табиий винолар ишлаб чиқариш ҳажми етарли эмас, бунда асосан оддий, маркасиз винолар ишлаб чиқарилади. Уларни ишлаб чиқариш учун бир неча йилни талаб этадиган ишлар комплексини бажариш зарур. Бироқ ҳозир ишлаб чиқарувчиларда сабр-тоқат етишмайди ёки улар тез фойда олишни кўзлайдилар.

Ишлаб чиқариладиган винолар ҳажмида спиртли винолар устунлик қилади – 2017 йилда уларнинг улуши 85%ни ташкил этган. Спиртли вино таркибида вино материаллари, этил спирти, баъзан шакар ва арзон қўшимчалар бўлади. Совет пайтида бундай виноларни «қўлбола» деб атардилар. Афсуски, «Гулякондоз», «Алеатико» ва бошқа машҳур спиртли винолар жуда оз миқдорда ишлаб чиқарилади.

Алкоголь экспорти ҳажмида тайёр маҳсулот (вино ва коньяк) улуши қарийб 3%ни ташкил этади, ликёр-ароқ маҳсулотлари эса деярли экспорт қилинмайди. Экспорт асосини хом ашё – вино материаллари ва коньяк спирти ташкил этади. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон асосий истеъмолчилар ҳисобланади. Ушбу мамлакатлар хом ашё сотиб олиб, анча сифатли вино ва коньяк ишлаб чиқарадилар ҳамда МДҲ маконида ўз брендлари остида сотадилар.

Ушбу ҳолатлар инобатга олинса, экспорт улушини 10%гача ошириш бўйича таклиф этилаётган чора фақат хом ашёни экспорт қилишга ёки сохта экспортга олиб келиши мумкин. 2004–2005 йилларда экспортни таъминлашга доир шунга ўхшаш қатъий талаблар белгиланган эди. Уларни бажариш учун спирт заводларидан бири расман Қирғизистон корхоналари билан спиртни юклаб жўнатиш контрактини тузар эди. Далил бўйича экспорт талаби бажарилар, счётга валюта келиб тушар, бироқ спирт Ўзбекистондан ташқарига чиқарилмай, қонуний ва ноқонуний ишловчи маҳаллий алкоголь ишлаб чиқарувчиларга сотилар эди.

Фикримизча, табиий ва юқори маркали спиртли винолар, шунингдек коньяк ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни йўлга қўйиш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш лозим:

табиий вино ишлаб чиқарувчиларга (уларга лицензия керак бўлмайди), шунингдек қолган ишлаб чиқарувчиларга (лицензиатларга) маҳсулотнинг камида 10%ини, бироқ айнан шишаларга қуйилган вино, коньяк ва бошқалар кўринишидаги тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш мажбуриятини юклаш;

ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга (соҳадаги энг рентабель) узумнинг техник навларини етиштириш ҳамда вино ва коньяк ишлаб чиқаришни ташкил этишга (ПҚ-3573-сон қарорга мувофиқ ажратиладиган 100 гектар ерда) маблағларни йўналтириш мажбуриятини юклаш;

реклама бўйича, бироқ фақат табиий винолар учун чекловларни бекор қилиш;

бизнинг брендларимиз остида (ёки Россия брендлари остида – қандай келишишларига қараб) тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва ушбу маҳсулотни Россия Федерациясида сотишни ташкил этиш мақсадида Россия Федерациясидаги хом ашёмиз харидорлари (асосий хом ашё харидори) билан қўшма корхоналар ташкил этиш имконияти устида ишлаш.

 

2

Қарор лойиҳасида қуйидагиларда алкоголли маҳсулотларни реализация қилишга рухсат бериш таклиф этилган:

таълим, спорт ва диний муассасалардан 100 метрдан ортиқ радиусда жойлашган савдо объектларида, яъни сотиш радиусини 500 метрдан 100 метргача камайтириш;

умумий савдо майдони 100 квадрат метрдан ортиқ бўлган йирик дўконларда ва улгуржи савдо бозорларида (комплексларида, деҳқон бозорларида), шунингдек ярмарка савдо павильонларида – яъни ҳамма ерда;

алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар – мазкур маҳсулотнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи барча юридик шахсларга (яъни барча савдо объектларига) 100 фоизлик олдиндан тўлов шарти билан.

Ҳозир улгуржи ва чакана савдо ўртасида деярли фарқ қолмади («СБХ»нинг 26.06.2018 йилдаги 26-сонида бу ҳақда ёзган эдик). Бунинг устига, бугунги кунда улгуржи базалар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам фирма дўконларини очишлари мумкин. Айни пайтда 2007 йилдан бери ­(ПҚ-605-сон қарорга мувофиқ) алкоголли маҳсулотларни чакана реализация қилиш фақат ихтисослаштирилган дўконлар орқали амалга оширилади – бу, фикримизча, чакана савдо тартибга солинишига олиб келган самарали чора бўлган.

Шу муносабат билан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар, барча улгуржи корхоналар ва фақат белгиланган тартибда рухсатнома олган ихтисослаштирилган чакана дўконлар реализация қилишига рухсат бериш тўғри бўлади деб ҳисоблаймиз. Супермаркетлар, савдо комплекслари ва айниқса деҳқон бозорлари орқали реализация қилинишини кўпчилик маъқулламайди. Алкоголь – ўзига хос товар, унинг барча савдо шохобчаларида сотилиши миллий менталитетга зид келади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг 100 фоизлик олдиндан тўлаш шарти билан реализация қилишига доир таклифни амалга ошириш мумкин. Бироқ у қанчалик мақсадга мувофиқ? Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.1999 йилдаги 444-сон қарорига мувофиқ сотиладиган алкоголли маҳсулотлар учун олдиндан ҳақ тўлаш миқдори контракт тузилган маҳсулотнинг бутун ҳажми учун акциз солиғи суммасини ўз ичига олиши керак. Акциз солиғи миқдори эса алкоголли маҳсулот турига қараб маҳсулот қийматининг 30%идан 50%игача миқдорни ташкил этади. Яъни давлат дарҳол ўз улушини олади. 100% олдиндан тўловдан қандай наф кўрилиши тушунарсиз.

Ихтисослаштирилган алкоголь дўконлари ҳамда таълим, спорт ва диний муассасалар ўртасида 500 метрлик радиус белгилангандан кейин (ПҚ-605-сон қарор) аксарият савдо шохобчалари қийин вазиятга тушиб қолди. Айниқса, ё мактаб ёки тиббий муассаса ёхуд диний муассаса бир-бирига яқин жойлашган шаҳарларда кўп муаммолар юзага келди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан вақтинчалик чора – 200 метрлик радиус жорий қилиниши билан масала ҳал этилди. Шу муносабат билан ушбу радиус – 200 метрни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бироқ алкоголли маҳсулотларни сотиш муаммоларини, алкоголь дўконларининг юқорида кўрсатилган муассасалар билан ўринсиз қўшничилигини бундай чоралар билан ҳал этиб бўлмайди. Бу ерда, қанчалик эриш туюлмасин, комплекс, шу жумладан тарбиявий тусдаги чора-тадбирлар кўрилиши зарур.

 

3

Қарор лойиҳасида улгуржи савдо ташкилотлари ЯСТ тўлайдиган схемадагидек ишлаб чиқарувчиларнинг акциз солиғи, ҚҚС ва тушумдан йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибини ишлаб чиқиш таклиф этилган. Бунда нимани назарда тутганлари тушунарсиз. Агар солиқлар ва йиғимлар ЯСТ сингари битта тўловга бирлаштирилса, ҳозир бундай ёндашувдан воз кечилмоқда – бугунги кунда ҳамма ҚҚС тўлаши таклиф этилмоқда.

 

4

Қарор лойиҳасида «спирт ишлаб чиқарувчи – алкоголли маҳсулот ишлаб чиқарувчи – улгуржи сотувчи – чакана сотувчи – истеъмолчи» занжири бўйича алкоголли маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ахборот тизимини жорий этиш таклиф этилган.

Бундай тизимни жорий этишга бир неча бор уриниб кўрилган, шу жумладан 7.11.2006 йилдаги ПҚ-505-сон қарордаги топшириқ бўйича. Ўшанда Россия Федерациясида ЯДААТ жорий этилиши тажрибасини ўрганиш асосида тизим яратиш вазифаси топширилган. Бироқ ўрганиш ва россияликларнинг хулосалари ЯДААТ самарасизлигини кўрсатган – у фақат қонуний алкоголли маҳсулотларни ҳисобга олувчи тизим. У нолегал маҳсулотларни ҳисобга олмайди, назорат қилмайди ва уларни аниқлаш учун таҳлил ўтказиш имконини бермайди. Штрих-код, QR-код, микрочиплардан фойдаланиладиган турли белгиларни жорий этиш ҳам таклиф этилган.

Амалдаги акциз маркаларида – 2012 йилдан бошлаб фақат QR-код жорий этишга эришилди. Уни «Давлат белгиси» ДИЧБ маркаларга туширади – бу қўшимча яхши ҳимоя. Бироқ кодга киритиладиган ахборот катта эмас, масалан, кодга қўшимча маълумотлар киритиши мумкин бўлган ишлаб чиқарувчида унга ўзгартириш киритиб бўлмайди.

Айни пайтда ахборот тизимини яратишнинг учта йўли бор. Маблағ ва кўп куч талаб этмайдиган энг оддий усул – амалдаги акциз маркалари индивидуал рақамга эга (пул купюраларида бўлганидек). Акциз маркаларидаги рақамлаш тизими орқали алкоголли маҳсулотларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш мумкин. Бунинг учун «ишлаб чиқарувчи – улгуржи база – чакана корхона» занжири бўйича маркалардаги рақамлар орқали акциз маркалари ҳаракатини ҳисобга олувчи «Ўзшаробсаноат» ХКда мавжуд электрон базадаги дастурий маҳсулотга қўшимча ишлов бериш лозим. Бунда нафақат солиқ инспектори, балки харид қилиш чоғида – телефон, СМС, сайт ва ҳ.к. орқали маълумотлар базасига кирган ҳар қандай истеъмолчи назоратни амалга ошира олади.

Иккинчи усул акциз маркаларида мавжуд QR-кодга асосланади. Маркалар ишлаб чиқарувчига QR-коди билан келади (унда корхона номи, маҳсулот номи ва литражи кўрсатилади), бироқ унга ахборот киритиб бўлмайди. Ишлаб чиқарувчилар олинган QR-кодга қўшимча ахборот кирита оладиган ёки QR-кодсиз маркаларни олиб, ишлаб чиқарувчилар уларга ахборот киритадиган тизимни (штрих-код бўйича Россия усули) яратиш зарур. Таклиф этилган тизим кўп маблағ талаб этмайди: ишлаб чиқарувчилар учун QR-кодга ахборот киритувчи дастурий таъминот ва ускуналар керак бўлади, бунда акциз маркаси қиймати 30 сўмдан ошмайди.

Учинчи усул – микрочипли белгилар. Ушбу тизим QR-код сингари ишлайди, бироқ QR-код ўрнига микрочипли белгилардан фойдаланилади. Салбий томони – анча харажат талаб қилади. Битта чип қиймати 30–50 цент ёки 2 500–4 000 сўм атрофида. Бир шишага (масалан, ароқ) акциз ҳозир 3 378 сўмни ташкил этишини ҳисобга олсак, микрочип жорий этиш анча қимматга тушади.

 

Алкоголли маҳсулотлар ҳаракатини ҳисобга олишнинг ахборот тизимини жорий этиш зарур – тўғри тизимни танлаш, «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва уни босқичма-босқич жорий этиш талаб қилинади.

 

Жорилла АБДУЛЛАЕВ,
иқтисодий шарҳловчи.

Прочитано: 1246 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика