Масъулияти чекланган жамият – ЯСТ тўловчи 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади. 2017 йилдан буён фойдаланишда бўлган қуйидаги асосий воситалар: ерни ташқи ободонлаштириш объектлари, бинолар, иншоотлар, узатиш мосламалари, машина ва ускуналар, мебель, компьютер ускуналари, бошқа асосий воситалар мавжуд.
Қандай турдаги асосий воситалардан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш лозим?
О.Пестоева.
– «Norma» компанияси экспертлари кўчмас мулк қисмида мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш масаласи юзасидан республика Молия вазирлигига мурожаат қилиб, расмий жавоб олдилар:
«29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон Қонуннинг 2-моддаси 21-бандига мувофиқ, кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланишини назарда тутувчи Солиқ кодексининг 266-моддасига ўзгартиришлар киритилди.
ФКнинг 83-моддасига мувофиқ, кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради».
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, сиз келтирган рўйхатдаги бино (кўчмас мулк) юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ солиш объектига киритилади (Солиқ кодексининг 266-моддаси 1-банди).
0111-«Ерни ободонлаштириш» счётида ер майдонлари тузилишини ўзгартириш, келиш йўллари, автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларининг тўхташ майдонлари, деворлар ва бошқа иншоотларнинг ҳолатини яхшилаш харажатлари ҳисобга олинади (Йўриқноманинг 12-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).
Ер участкасини ташқи ободонлаштириш объектлари, иншоотлар, узатиш мосламалари ер билан узвий боғлиқ бўлса, яъни уларни номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмаса, улар ҳам кўчмас мулкка киритилади ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.
Бунда солиқ давридаги ҳар бир ойнинг охирги кунидаги қолдиқ қийматларни қўшишдан олинган сумманинг 1/12 қисми сифатида ортиб борувчи якун билан аниқланадиган мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати кўчмас мулк бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Сиз санаб ўтган, фойдаланишда бўлган қолган барча асосий воситалар солиқ солинадиган базадан чиқарилган (29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон Қонуннинг 2-моддаси 21-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.