Norma.uz

Муаммо бор, ечими топиладими?

 

Ҳисоблагич бўлмаса, газ, электр, иссиқлик таъминоти ва совуқ сув ҳақи қандай тўланади? Пропискадагилардан биронтаси муайян сабабларга кўра ушбу манзилда анчадан бери яшамаётган бўлса-чи? Бундай вазиятлар кўп, бу ҳолда қандай йўл тутиш ҳақида аниқ қайд этилган қоидалар эса йўқ.

 

Тўрттаси – бор, иккитаси – дилда

Таҳририятга Тошкент шаҳридан А.Абдумўминов мурожаат қилди: «Квартирада 6 киши рўйхатдан ўтказилган, амалда 4 киши яшайди. Қизим билан ўғлим хорижда ўқияпти. Менда газ ҳисоблагичи бўлмаса, газ таъминоти хизматларига қандай ҳақ тўлашим керак? Эшитишимча, ҳақиқатда яшовчи кишилар сонига қараб тўлашим мумкин экан. Бироқ тумангаз идораси ходими прописка қилинганлар сони бўйича тўлашимни талаб қилаяпти. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида бу саволга жавоб топмадим».

Бу саволни «Ўзтрансгаз» АЖнинг Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий газ таъминоти филиалига йўлладик. Филиал бошлиғи в.б. А.Саидвалиевдан 1997 йилда Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланган эски Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший газдан фойдаланиш қоидаларига (АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 1997 йилги Қоидалар) ҳавола қилинган жавобни олдик. Унда айтилишича, газ истеъмолини ҳисобга олиш прибори бўлмаганда табиий газ ҳақи ҳар ойда тариф бўйича ҳисобланади. Тўлов даврийлиги, муддатлари, томонларнинг жавобгарлиги шартнома билан белгиланади. Доимий яшаш жойидан ярим йилдан ортиқ муддатга чиқиб кетганда, шунингдек фуқароларнинг хусусий мулки бўлган уй-жой сотилганда ёки бузилганда уй-жойлар ва квартиралар мулкдорлари бу ҳақда газ хўжалиги ташкилотини хабардор қилишлари шарт. Саволнинг моҳияти бўйича ана шундай жавоб берилган, холос. Бунда кўплаб бошқа саволлар юзага келади.  

Аввало филиал раҳбари нима сабабдан 1997 йилги эски Қоидаларга ҳавола қилаяпти? Шаҳар газ таъминоти ташкилоти ходимларининг сўзларига қараганда, янги Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 2-илова, бундан кейин – 2018 йилги Қоидалар) ушбу масала ечими кўриб чиқилмаган. У газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (ГҲНАТ) ҳисобга олиб тузилган. Бироқ аввалги 1997 йилги Қоидалар ҳали бекор қилинмаган. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ газ таъминоти ташкилоти вакилининг хатти-ҳаракатларига қарши таъна қилиш ўринсиз. 

1997 йилги Қоидаларда белгиланишича, табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари (газ ҳисоблагичлари) бўлмаганда фойдаланилган газ ҳақи иситиладиган майдоннинг 1 м2 учун 1 кишига ойлик табиий газ сарфи нормалари бўйича тўланади (24-банд).

Бироқ яшовчилар сони ўзгаргани тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тартиби қандай? Нима учун киши фақат 6 ойдан кўп вақтга чиқиб кетаётганда хабардор қилиш керак? Ярим йил – катта муддат, бу пайтда салмоқли сумма йиғилиб қолади. Нима учун бу масала шунча йилдан буён очиқлигича қолмоқда? 2018 йилги Қоидаларни ишлаб чиқаётганда нега мазкур вазиятга эътибор қаратмадилар? Норма ижодкорлари Қоидалардек глобал ҳужжатда бу масала ечимини қайд этиш ноўрин деб ҳисобласалар, бундай вазиятларни тартибга солувчи идоравий ҳужжатни ишлаб чиқиш мумкин эди. Буни ҳозир ҳам амалга ошириш мумкин. Камида 2021 йилгача масала долзарблигини йўқотмайди. Ўша пайтгача истисносиз барча истеъмолчилар тизим билан қамраб олиниши назарда тутилмоқда. Шу сабабли газчилар қонунчиликдаги камчиликларни иложи борича тезроқ бартараф этишлари лозим.

 

Бошқаларда қандай?

Газчилар масалани ҳал этишга алоҳида ёндашишларига ҳожат йўқ. Ўзлари сингари хизматларнинг тажрибасини ўрганишлари фойдали бўлиши мумкин.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 22-сон қарорига 1-илова) 103-бандида белгиланганидек: «Бирор-бир сабабга кўра, электр энергиясини ҳисобга олиш прибори бўлмаган ва (ёки) мазкур турар жойда вақтинчалик яшамаётган маиший истеъмолчи электр энергияси учун нотўғри тўлов ҳисобланишининг олдини олиш учун Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасини бу тўғрида ёзма равишда хабардор қилиши шарт». Қоидаларнинг 119-бандида белгиланишича, ҳисоблагич бўлмаганда тўлов электр энергиясининг ўртача суткалик сарфи бўйича амалга оширилади ва бундай ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ошмаслиги керак, шу вақт ичида ҳисобга олиш тикланиши зарур.

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари ҳамда Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларида (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1, 2-иловалар) ҳам масала ечими бор. Иссиқлик таъминотчилари уни 110-бандда, сув таъминотчилари эса 114-бандда қайд этганлар. Ушбу нормаларга мувофиқ, вақтинча яшовчилар (ижарага олувчилар) яшаганда тўлов амалда яшаган шахслар сони учун тўлиқ тўланади. Турар жой хонаси ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган тақдирда истеъмолчи ўзи эгаллаб турган хонадонда яшовчи (шу жумладан, вақтинча яшовчи) фуқаролар сони кўпайганлиги ёки камайганлиги тўғрисида) юз берган ўзгаришлар кунидан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай етказиб берувчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бунда етказиб берувчининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари ва хонанинг мулкдори ўртасида уч томонлама далолатнома тузилади.

 

Нима қилмоқ керак?

Электр, иссиқлик ва сув таъминотчиларининг Қоидаларида газчиларникига қараганда кўп жиҳатлар қамраб олинганига қарамай, улар ҳам аниқлаштиришни талаб этади.

Аниқ қайд этилган нормаларнинг йўқлиги кўпинча тушунмовчиликка ва низоли ҳолатларга олиб келади. Томонлар ўзаро келишиб, масаланинг мақбул ечимини топишига имкон берадиган далиллар аслида талайгина.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, истеъмолчи фақат олган хизматлар ҳақини тўлайди. Вақтинча яшамаётганликни тасдиқлаш учун тумангаз ёки Мажбурий ижро бюросига мазкур манзил бўйича ҳақиқатда яшовчилар сони тўғрисидаги маҳалла қўмитасининг маълумотномасини тақдим этиш мумкин эди. Маълумотнома мазкур манзилда прописка қилинган фуқаро бу ерда вақтинча яшамаётганлигини тасдиқловчи далолатнома асосида берилади. Далолатномани уйбоши ва бир нечта қўшни тузадилар. Дарвоқе, коммунал хизматлар етказиб берувчиларнинг кўпчилиги яшамайдиганлар учун регламент йўқлиги сабабли бундай механизмдан фойдаланадилар. Ушбу маълумотлар биллинг тизимига киритилиши ва ўзаро ҳисоблашишда инобатга олиниши мумкин. Фуқаролар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси, улар ҳақиқатда яшаган жойда газ ҳақини тўлаганликларини тасдиқловчи квитанциялар, йўл ва бошқа ҳужжатлар низоли масалаларда вақтинча яшамаганлик далили сифатида хизмат қилиши мумкин.

Низоли вазиятларда иш судда кўрилиши мумкин. Истеъмолчи ҳақлилигини исботлаш учун ҳақиқатда яшовчилар сонини аниқ белгилаш имконини берувчи ҳар қандай ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Президентнинг «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида (15.02.2018 йилдаги ПФ-5343-сон) белгиланган яшовчиларнинг солидар жавобгарлиги яшамайдиганлар билан боғлиқ муаммони яна бир бор юзага чиқарди. Масалан, мазкур квартирада яшамайдиган, бироқ прописка қилинган киши бошқа жойда (шаҳарда) яшаб, у ерда вақтинча прописка қилинган бўлса, қандай йўл тутиш керак? Яшамаётганлик далилини белгиловчи механизм бўлмаса, уни иккита жойда: доимий ҳамда вақтинчалик прописка қилинган жойда қарзни тўлаш бўйича солидар жавобгарликка торта оладиларми?

Фикримизча, истеъмолчилар учун муҳим бўлган ушбу масалалар ўз ечимини кутмоқда.

 

Олег Гаевой.

 

Прочитано: 1298 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика