Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 26 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Дори воситаларига қатъий нархлар бекор қилинди

 

Президентнинг 20.06.2018 йилдаги «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5460-сон Фармони имзоланди.

Қатъий нархлар ўрнига – 10 фоиз савдо устамаси 

 

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаб ўз кучини йўқотди.

Эслатиб ўтамиз, бекор қилинган талаб яқинда – 1.01.2017 йилдан жорий этилган эди. Қатъий нархларда сотиладиган фармацевтика маҳсулотлари рўйхати 299 та дори препаратлари (98 та маҳаллий ва 201 та четдан олиб келинадиган), шунингдек 44 та тиббиёт буюмларини (18 та маҳаллий ва 26 та четдан олиб келинадиган) ўз ичига олган. Уларга ставкаларни Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги махсус Республика комиссияси белгилаган.

Бироқ ўзгартиришлар бозор тўлиқ либераллашганлигини англатмайди. Энди Рўйхатда қайд этилган четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари белгиланган нархларда сотилади. Яъни уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15%дан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20%дан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Бироқ ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10% миқдорида янада паст чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Дори воситаси хорижда рўйхатдан ўтказилганми – Ўзбекистонда сотаверинг

1.08.2018 йилдан юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини, жумладан, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари тан олина бошлайди.

Тан олиш:

► хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги бўйича шубҳа уйғотмайдиган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул бўлган хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларни табақалаштириш асосида;

► давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади.

Бундай дори воситалари ушбу воситаларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида экспертиза қилинмайди.

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (бундан кейин – ЛБМА) 20.07.2018 йилга қадар муддатда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари мамлакатимизда тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхатини давлат раҳбари тасдиқлаши учун киритади.

Ушбу муддатга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Агентлик билан биргаликда юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини белгилаш, дори воситаларининг божхона расмийлаштирувига, давлат рўйхатидан ўтказилиши ва реализация қилинишига талабларни такомиллаштириш, шунингдек фармацевтика фаолиятини тартибга солувчи бошқа масалалар бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Бу – муҳим! Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош прокуратура ва ЛБМА билан биргаликда 1.12.2018 йилга қадар муддатда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда қўллашга тақиқ мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилади, бундай тақиқларни жорий этишнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганади ҳамда мамлакат ҳудудида улар келгусида қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзи илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида бир ой муддатда асосий касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколларини қайта кўриб чиқади ҳамда ҳар чоракда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатини қайта кўриб чиқади.

Яна бир муҳим ўзгартириш – «O`zmedimpeks» ДУКнинг ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари учун тиббиёт техникалари ҳамда махсус тиббиёт автотранспортини етказиб беришга доир монополияси бекор қилинди. Шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича мажбурий агент ҳисобланмайдиган бўлди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.06.2018 йилдан кучга кирди.

 

Реабилитация воситалари ишлаб чиқаришга – солиқ ва божхона имтиёзлари

 

Президентнинг 20.06.2018 йилдаги «Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3787-сон қарори қабул қилинди. 

 

Ҳужжат билан 2021 йил 1 январга қадар муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилди.

Биринчидан, корхоналар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг ишлаб чиқарилган ҳажми бўйича ЯСТ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан (ЯИТдан ташқари) озод қилинади.

Имтиёз мақсадли – бўшаётган маблағлар замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмларни харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишга, шунингдек, корхонанинг протезчи мутахассисларини ўқитиш (тайёрлаш, қайта тайёрлаш) ва малакасини оширишга йўналтирилиши керак.

 Маълумот учун: умумбелгиланган солиқларни тўловчи ташкилотларда протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун инвентарлар ишлаб чиқаришдан, уларни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан, шунингдек ногиронларга ортопедик протезлаш хизмати кўрсатишдан олинган фойда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан, ушбу буюмлар, инвентарь ва хизматларни сотиш бўйича оборот эса ҚҚСдан озод қилинади.

Иккинчидан, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари шакллантирилган рўйхатлар бўйича мамлакатимизга олиб кириладиган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, инструментлар ва приборлар, компьютер ҳамда диагностика ускуналари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари) озод қилинади.

Эслатиб ўтамиз, энди божхона имтиёзларини қўллайдиган ташкилотлар мазкур имтиёзлар татбиқ этиладиган товарлар рўйхатини мустақил равишда шакллантирадилар ҳамда уни ЛБМА қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказига тақдим этадилар, унинг ижобий хулосаси импорт қилиш чоғида имтиёзни қўллаш учун асос ҳисобланади.

Давлат органларига маҳаллий ишлаб чиқариладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари турларини кенгайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш масалаларини ўрганиш вазифаси топширилди. Тегишли лойиҳалар мамлакатимизда, масалан, ЭИЗ ва КСЗ ҳудудида амалга оширилиши лозим.

Банк секторига протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича кредит бериш тавсия этилди. Олинган кредитлар замонавий ускуналар ва уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмларни харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, протезчи мутахассисларни ўқитиш (тайёрлаш, қайта тайёрлаш) ва уларнинг малакасини ошириш учун сарфлаш мумкин бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.06.2018 йилдан кучга кирди.

 

Инвестиция лойиҳаларини ким бошқаради?

 

Президентнинг 21.06.2018 йилдаги «Халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини бошқариш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3796-сон қарори имзоланди.

 

Хориждан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасидаги ижро этувчи агентликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича Лойиҳа офисининг функциялари Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига юклатилди. Ижро этувчи агентликларнинг лойиҳаларни амалга ошириш (мувофиқлаштириш) гуруҳлари (ЛАОГ) идора бўйсунувига ўтказилди. Лойиҳа офисининг қарорлари ижро этувчи агентликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун мажбурийдир.

Лойиҳа офисига қўшимча вазифалар юклатилди. Улар сирасига ЛАОГлар фаолиятини тизимли равишда ўрганиш ҳамда мувофиқлаштириш; инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер (танлов) ҳужжатлари ўз вақтида ишлаб чиқилишини назорат қилиш; инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида молиялаштирилишини мониторинг қилиш ва бошқалар киради.

Лойиҳа офиси инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг бориши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига мунтазам равишда ахборот киритиб боради.

Бунда ижро этувчи агентликлар қуйидагилар учун масъул бўлган инвестиция лойиҳаси буюртмачиси мақомига эга бўлади:

инвестиция лойиҳасининг натижаларига доир асосий талабларни белгилаш ва уни амалга ошириш самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига эришиш;

инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер (танлов) ҳужжатлари қонун ҳужжатларида, зарур ҳолларда эса – ХМИ ва ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларида белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

Лойиҳа офиси билан биргаликда инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг боришини таъсирчан мониторинг қилиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларида тасдиқланган параметрларга эришиш устидан назоратни амалга ошириш;

инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг оралиқ ва якуний натижаларини қабул қилиб олишни ташкил этиш.

Хориж иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида халқаро консультантлар жалб этилади. Амалдаги ЛАОГлар фаолияти самарадорлиги ўрганилади ва чуқур таҳлил қилинади, шу асосда келгусида уларнинг сони қисқартирилади (бирлаштириш ёки тугатиш орқали), ходимлар сони мақбуллаштирилади.

Хориждан молиялаштириладиган лойиҳаларни бошқариш, шу жумладан давлат харидларини амалга ошириш ҳамда бухгалтерия ҳисобини юритиш соҳасида халқаро стандартлар жорий этилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.06.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1109 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика