Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 50 / Ислоҳот одимлари

Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш: RISK BASED INSPECTIONS (RBI)

 

«Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш йўлида: солиқ мониторинги» номли аввалги мақоламизда СБХ»нинг 28.11.2017 йилдаги 48 (1216)-сони) биз мамлакатимизда солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича амалдаги қонунчиликка киритилаётган солиқ назоратининг янги шаклисолиқ мониторинги билан танишиб чиққан эдик. Бугунги мақолада хавфларни таҳлил қилиш орқали солиқ текширувларини тайинлаш ва унинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида фикр юритамиз.

 

Республикамиз Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон) 2018 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизда солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилиши белгиланган.

Солиқ кодексига 2016 йил охирида киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, шубҳасизки, тадбиркорлик ­субъектлари учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, олиб борилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ солиқ текширувлари турлари биттага қисқарди, яъни муқобил текширувлар бекор қилинди. Шу билан бирга режадан ташқари текширувлар фақатгина юридик шахс фаолияти тугатилган пайтда ҳамда давлат солиқ хизмати органларига солиқ қонунчилиги бузилганлиги ҳолатлари бўйича маълумотлар келиб тушганда қисқа муддатли текширувлар шаклида ўтказилиши мумкин. Шунингдек, авваллари бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини текшириш бўйича бошқарма томонидан Мувофиқлаштирувчи кенгаш рухсатномаси бўлмасдан, уни хабардор қилган ҳолда текширувларни амалга ошириш ҳуқуқи чекланиб, мазкур текширувлар ҳам Мувофиқлаштирувчи кенгаш рухсатномаси олинганидан сўнг амалга ошириладиган бўлди.

Ҳозирги пайтга келиб, режадан ташқари текширувлар фақатгина қисқа муддатли текширув шаклида амалга ошириладиган бўлди. Яъни эндиликда солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти режадан ташқари текширувдан ўтказилмайди, қолаверса, ўтказиладиган текширувнинг муддати 1 кундан ортиққа чўзилиши мумкин эмас. Аммо баъзида солиқ тўловчи томонидан содир этилган қонунбузилишлар унинг молия-хўжалик фаолиятини текширувдан ўтказишни талаб қиладиган ҳоллар учраб туради. Айтайлик, муайян корхонада солиқ қонунчилиги бузилганлиги бўйича режадан ташқари текширув тайинланди ва мазкур текширув, албатта, қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилди. Лекин мазкур қонунбузарлик ҳолатини тўлиқ текшириб чиқиш учун белгиланган ушбу қисқа муддат камлик қилади, яъни бир кун ичида уни амалга ошириш мумкин эмас. Қонунбузарлик ҳолати солиқ тўловчининг молиявий ҳужжатларини ҳам ўрганиб чиқишни, яъни молия-хўжалик фаолиятини текширишни талаб этиши мумкин. Аммо қонунчиликка биноан молия-хўжалик фаолиятини режадан ташқари текширишни фақатгина тугатилаётган корхоналарда ўтказиш мумкин. Бошқа ҳолларда эса фақатгина режали текширув давомидагина молия-хўжалик фаолиятини текшириш мумкин.

Демак солиқ тўловчи режали текширув ўтказилишини кутишига тўғри келадими деган савол туғилади. Режали текширувларнинг даврийлиги ҳам қандай муддатни ташкил этиши, шунингдек солиқ тўловчини текширишлар режа-жадвалига киритиш жараёни ҳам узоқ вақт талаб қилишини инобатга олиш зарур. Чунки солиқ тўловчини текширишлар режа-жадвалига киритгунга қадар ўтадиган муддат давомида у яна қонунбузарликни содир этиб қўйиши мумкин.

Солиқ тўловчиларни солиқ текширувларига танлаб олишни солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этиш хавфини таҳлил қилган ҳолда амалга ошириш мана шундай муаммоларни ҳал этади, шунингдек солиқ текширувларига фақатгина солиқ қонунчилигини бузиш эҳтимоли мавжуд бўлган солиқ тўловчиларга нисбатангина тайинланишига олиб келади.

Текширувларни хавфларни таҳлил қилган ҳолда амалга ошириш деган маънони англатувчи RBI (risk based inspection) or RBA (risk based assessment) воситасидан жаҳоннинг иқтисодий ривожланган давлатларида кўпдан буён фойдаланиб келинади. Бунда солиқ тўловчиларни ёппасига текшириш амалиётидан воз кечилади ва фақат солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган солиқ тўловчиларгина солиқ текширувлари билан қамраб олинади. Бунинг натижасида солиқ текширувлари ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлиги ошишига эришилади.

RBI (risk based inspection)нинг мазмуни солиқ тўловчилар тўғрисида барча маълумотларни ўрганиб таҳлил қилиш ҳамда улар томонидан солиқ қонунчилиги бузилиши ёки солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфини аниқлашдан иборатдир.

Гап шундаки, мазкур усул бизнинг қонунчилигимиз учун унчалик янгилик эмас. Масалан, божхона қонунчилигига ушбу тизимни қўллаш киритилган бўлиб, Божхона кодекси 29-боби «Хавфни бошқариш тизими» деб номланади. Унда давлат божхона органлари божхона назорати доирасида текширилиши зарур бўлган товарлар, транспорт воситалари, ҳужжатлар ҳамда шахсларни божхона қонунчилигини бузиш хавфларини таҳлил қилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб ўтилган. Солиқ муносабатларида хавфларни таҳлил қилиш тизими элементлари амалдаги қонунчиликда ҳам белгиланган.

Республика Президентининг 2005 йил 5 октябрдаги ПФ-3665-сон Фармонида назорат қилувчи органларга тадбиркорлик субъектларини текширишнинг йиллик ва чораклик мувофиқлаштирувчи режа-жадвалларини шакллантиришнинг аниқ асосланган тамойилларини ишлаб чиқишни таъминлаш топширилган. Ушбу Фармон ижросини таъминлаш юзасидан барча назорат қилувчи органлар, жумладан давлат солиқ хизмати органлари томонидан режа-жадвалларни тузишнинг асосланган тамойиллари ишлаб чиқилган. Мазкур тамойиллар хавфларни таҳлил қилиш тизимининг бошланғич элементи ҳисобланади.

Бундан ташқари, солиқ қонунчилигида белгиланган камерал назорат, солиқ тўловчилар томонидан ҳисоботларни электрон тарзда топшириш ҳамда бир қанча давлат органлари ва ташкилотлар томонидан давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш мажбуриятининг юклатилиши ҳамда давлат солиқ хизмати органларида ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши солиқ текширувларига танлаб олишни солиқ тўловчиларнинг солиқ қонунчилигини бузиш хавфини таҳлил қилган ҳолда амалга ошириш услубини жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш солиқ қонунчилигини бузиш хавфи энг юқори бўлган солиқ тўловчи фаолиятини текширувдан ўтказишни биринчи навбатда амалга оширишга имкон беради.

RBIнинг жорий қилиниши солиқ текширувларини солиқ қонунчилигини бузаётган ёки бузиш хавфи мавжуд бўлган ҳамда солиқларни яшириш хавфи бор бўлган солиқ тўловчиларда ўтказишни ва, ўз навбатида, инсофли солиқ тўловчида ортиқча асосланмаган солиқ текширувларини ўтказишнинг олдини олишга ёрдам беради.

Солиқ тўловчиларни солиқ текширувларига танлашни RBI орқали амалга ошириш ёппасига солиқ текширувларини ўтказишни бекор қилади. Бунинг натижасида солиқ маъмуриятчилиги бўйича харажатлар қисқаради ҳамда солиқ текширувларининг самарадорлиги ҳам ошади.

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.

 

 

Хорижда қандай?

Ирландияда солиқ текширувлари учун солиқ тўловчиларни танлаб олишда фақатгина «Risk Evaluation Analysis and Profiling» электрон тизимидан фойдаланилади. Мазкур текширувлар «Code of Practice for Revenue Audit and other Compliance Interventions» алоҳида норматив ҳужжати билан тартибга солинади.

Қирғизистон Республикасида халқаро ташкилотлар молиявий кўмаги ёрдамида хавфлар таҳлили бўйича солиқ тўловчиларни режали текширувга танлаб олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Солиқ кодексига ҳам хавфлар таҳлили бўйича текширувларга саралаш қоидалари киритилган.

Тожикистон Республикаси Солиқ кодексининг 6-боби хавфларни бошқариш тизимига бағишланган бўлиб, унда солиқ тўловчиларни солиқ қонунчилигини бузиш хавфини баҳолаш асослари бўйича текширувларга саралаш назарда тутилади.

Қўшни давлатлардаги бу янгиланишлар бугунги кунда янада такомиллашувни талаб қилади, албатта.

 

Прочитано: 1552 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика