Улгуржи савдо корхонаси халқ истеъмоли товарларини импорт қилади. Товар МБнинг $1 = 4 210 сўмлик курси бўйича олинган ва божхонадан ўтказилган. Унинг таннархи шакллантирилган. Товар реализация қилинмоқда.
Етказиб берувчига тўлаш учун валюта $1 = 8 100 сўмлик курс бўйича конвертация қилинган. Салмоқли миқдордаги салбий курс фарқи юзага келмоқда.
Омборларда қолган ва сотилган товар таннархига курс фарқи қандай таъсир кўрсатади? Курс фарқини ҳисобда қандай акс эттириш лозим? Валюта конвертациясидан зарарларни қандай ҳужжат билан расмийлаштириш керак?
Р.П.
– Валюта маблағларини конвертациялашдан ва етказиб берувчи олдидаги қарзни қайта баҳолашдан шаклланган курс фарқи сотилган ва омборларда қолган товарлар таннархига таъсир кўрсатмайди.
Чет эл валютасида харид қилинган товарларнинг таннархи уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган тегишли харажатларни қўшган ҳолда, чет эл валютасидаги суммани божхона юк декларациясини расмийлаштириш санасидаги ЎзР МБ курси бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан сўмда белгиланади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 17-банди).
Таннархга киритиладиган харажатларга божхона божлари ва йиғимлари, шунингдек товарларни сотиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар киради. Бунда бошқа харажатлар Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) 1.1.12-банди ҳамда 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг 13-бандига мувофиқ шакллантирилади.
ТМБни сотиб олиш харажатлари таркибига курс фарқлари киритилмайди.
ТМБнинг харид қиймати баланснинг тегишли счётларида миллий валютада акс эттирилади ва кейинчалик қайта баҳоланмайди.
Етказиб берувчи билан ўзаро ҳисоб-китобларни қайта баҳолашдан ва валюта маблағларини конвертациялашдан юзага келган курс фарқи ҳисобини бевосита киритиш усули ёки жамғариб бориш усули билан юритишингиз мумкин.
Қўлланилаётган усул ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида тасдиқланган бўлиши шарт.
Бевосита киритиш усулини қўллаганда курс фарқи ҳар ойда молиявий натижаларга ҳисобдан чиқарилади ва бухгалтерия ҳисобида қуйидаги счётларда акс эттирилади:
● ижобий – 9540-«Валюталар курслари фарқидан даромадлар» счёти кредитида;
● салбий – 9620-«Валюталар курслари фарқидан зарарлар» счёти дебетида.
Жамғариб бориш усулидан фойдаланганда курс фарқи юзага келиш пайтида молиявий натижаларга киритилмайди ва бухгалтерия ҳисобида қуйидаги счётларда акс эттирилади:
● ижобий – 6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар» счёти кредитида;
● салбий – 3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар» счёти дебетида.
Жамғариб борилган курс фарқи валюта счётларидаги маблағлар сўндириб борилишига (ёки ҳисобдан чиқарилишига) қараб молиявий натижаларга киритилади.
Шу тариқа, курс фарқи импорт товарлар таннархига киритилмайди.
Валюта маблағларини конвертациялашда юзага келган курс фарқини акс эттириш учун пул маблағларини конвертациялаш ҳужжатлари етарли бўлади. Қўшимча ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилмайди.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma Online» эксперти.