Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 50 / Табиат муҳофазаси: шахсий тажриба

Кесиш мумкин эмасми

 

Пойтахтимизда ноқонуний дарахт кесиш кенг миқёсли бизнесга айланган (ёғоч ўтинга, мебель цехларига кетмоқда). Қонунга зид равишда олинган ёғоч оборотини ҳеч ким ҳисобга олаётгани йўқ. Демак, нафақат мамлакат экологиясига, балки иқтисодиётига ҳам зарар етказилмоқда. Бу макродаражадаги масалалардир. Бироқ у ҳаммамизга дахлдор – турар жой мавзеларининг яшил харитаси шиддат билан қисқариб бормоқда...

 

Чилонзорнинг 11-мавзесидаги тўрт қаватли уй деразаси остида бир пайтнинг ўзида 2 та барваста шумтол ағанади. Ярим соат ичида улар кўримсиз, каллакланган тўнкаларга айланди-қолди. Ишчиларда кесишга рухсатнома йўқ эди. Фотосуратини олиб, Инспекцияга хабар бердим... Ана шундан кейин иш жойидан силжиди...

Уйим олдидаги қонунбузарларни тўхтатдим, бироқ улар мавзе ичкарисига ўтиб, ўз ишларини хотиржам давом эттирдилар. Бир неча кунда уйлар орасидаги кичик участкада 18 та соғлом, бақувват чинор ва шумтол арралаб ташланди. Уларнинг аксариятидан 4–7 метрлик ғўдайган устунлар қолди. Бу тошкентликларнинг кўпчилиги учун таниш манзара. Бундай тўнкаларни «пальма» деб атай бошладилар. Уларни шаҳар бўйлаб кўп учратасиз: берухсат ишловчиларнинг шафқатсизлиги ва очкўзлиги меваси булар. Дарахт кесувчилар учидан нимжонгина шохни қолдириб, у яна ҳам кўркам бўлиб кетади дейдилар. Бироқ дарахтни бундай кесиб ташлаш (топпинг) унинг учун ҳалокатли бўлиб, энди у ўзини ўнгламайди.

Уйларимиз олдидаги кесиш ишлари маҳаллий ҳокимиятнинг яшил фонди муҳофазаси учун масъуллар: ҳокимлик вакили бўлмиш «округ бошлиғи»дан тортиб, маҳалла қўмитасидагиларнинг кўз олдида қилинди. Унинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмадилар. Сирдарё ва Тошкент вилоятлари бўйича биохилмахиллик ва қўриқланадиган табиат ҳудудларининг муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилишини назорат қилувчи минтақавий инспекциянинг Тошкент филиали инспекторлари билан биргаликда ҳаракат қилиб, браконьерларни тўхтатиб қолдик. Аслида улар ҳам мавзедаги дарахтлар ноқонуний кесилаётганлиги ҳақидаги мурожаатларимизга аввалбошдан тезкор муносабат билдирмадилар. Дарҳол ишга киришганларида дарахтларни сақлаб қолиш мумкин бўларди...

 

«ДАРАХТЛАР КЕСИЛМАГАН, ТЕКИСЛАНГАН ХОЛОС»

Қонунбузарларга нисбатан чора кўрилиши учун деярли бир ой роса уринишимизга тўғри келди. Дарахтларни кесаётганларида кимдан мадад кутиш мумкин деб ўйлаб қолади киши. Шунга қарамай, шахсий тажрибамга таянган ҳолда бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини биламан (ҳаракат учун қўлланмада у билан ўртоқлашганман). У табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликдаги нуқсонларни, инспекция ишидаги муаммоларни шундоққина кўрсатиб қўйди.

Дарахт кесувчиларни тўхтатиш учун нима қилдик? Машиналарнинг рақамларини ёзиб олиб, ёғочларни уларга ортишларига йўл қўймадик; қаршилик кўрсатсалар ҳам, фотосуратга олдик; участка нозирларини чақирдик; кесиш оқибатларини қайд этиш учун далолатнома туздик. Уй аҳлининг қатъиятини кўрган қонунбузарлар қочиб кетдилар.

Воқеа содир бўлган заҳоти етиб келган ёшгина инспектор ҳеч қандай чора кўрмади, сабаби дарахт кесувчилар кетиб бўлган эдилар. Бироқ бундай вазиятда ҳаракат қилишнинг муай­ян механизми мавжуд. Браконьерлар бригадаси арралари билан тўлиқ таркибда келганида уни иккинчи марта чақирдик. Инспектор уларнинг рухсатномаси борлигини текширмоқчи бўлди. Улар ҳам рухсатномани олиб келишга ваъда бердилар-да, натижада рухсатнома ҳам олиб келмадилар, ўзлари ҳам бошқа кўзга кўринмадилар. Аслида қонун ҳужжатларида рухсатнома йўқми – дарахт кесиш қонунга зид деб ёзиб қўйилган.

Пировард натижада инспектор арраловчиларни топди. Далолатнома тузиб, бригадир шахсини аниқлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳужжатларни топширди. Қонунбузар ўз қилмишлари учун жавоб беради деб умид қиламан. Бироқ бунгача қанча вақт йўқотилди...

«Дарахтлар кесилмаган, текисланган холос», – деди экологлардан бири, тажрибали инспектор Аёз Иноғомов. Масаламизни у билан бирга ҳал қилдик, тўнкаларнинг диаметрларини ўлчадик, улар асосида жарималар ҳисобланиб, даъволар билдирилади. Сўнг барча қонунбузар ва бошқа иштирокчилар тушунтириш хати ёзишди. Уларнинг бригадири бу соҳада анча «тажрибали» бўлиб чиқди – бошқа мавзеда ноқонуний дарахт кесгани учун жаримага тортилган экан.

Дарахт кесиш билан одатда ким шуғулланади? Уларнинг қарийб ­40%и сайёр бригадалар тузиб, мавзедан мавзега кўчиб юрувчи хусусий шахслар, ашаддий браконьерлар. ­60%и – ҳокимликларнинг туман ободонлаштириш бошқармалари (ТОБ) ходимлари. Уларнинг айримлари ҳам браконьерлик қилишдан тап тортмайди.

Ноқонуний дарахт кесувчиларнинг схемалари равшан. Ширкат, маҳалла қўмитаси ёхуд «округ бошлиғи» бир нечта дарахтни санитария мақсадида кесиш учун ТОБ ходимлари ёки хусусий шахсларни таклиф қилади. Бунинг учун уларга ваколатли органлар рухсатнома бермаган. Пуллари ҳам йўқ. Ишчилар қуриган дарахтларни, шу қатори 2–3 та соғлом дарахтни кесишлари ҳақида аҳдлашиб оладилар – кейингилари иш учун ҳақ бўлади. Иштирокчилар ёғоч сотилишидан улушга ҳам эга бўлишлари мумкин.

 

Ҳаракат учун қўлланма

ДАРАХТЛАР НОҚОНУНИЙ КЕСИЛАЁТГАНИГА ГУВОҲ БЎЛСАНГИЗ, ҚАЕРГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИШ КЕРАК

Тошкентдаги «тезкор мулоқот» телефонлари:

1) минтақавий Инспекция: 268-36-86;

2) Давлат экология қўмитаси: 236-26-66, 207-07-70 (коммутатор орқали – 5012);

3) участка нозирига қўнғироқ қилиб туша олмаётган бўлсангиз, шаҳар бўйича ИИБ навбатчисига мурожаат қилинг: 233-71-47.

 

«ОКРУГ БОШЛИҒИ» ЖАЗОЛАНДИ

Инспекторларнинг сўзларига қараганда, турар жойларнинг сақланишини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштиришга кўмаклашиш учун ҳокимликлар томонидан ваколат берилган «округ бошлиқлари» кўпинча ноқонуний дарахт кесиш ташаббускорлари бўлиб чиқадилар. Уларнинг ноқонуний дарахт кесишга алоқадорликларини исботлаш мушкул. Шунга қарамай, улардан бири табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун жаримага тортилди, бу бошқаларга сабоқ бўлар…

Браконьерларимиз аввалига «округ бошлиғи»нинг оғзаки кўрсатмаларини важ қилдилар, бироқ тушунтириш хатида ҳамма айбни ХУМШга тўнкадилар. Оғзаки гапларини инобатга олишнинг иложи бўлмади. Қандай бўлмасин, ўзини ҳокимлик вакили деб ҳисоблаётган «округ бошлиғи» ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларига кўз юммасдан, унга ишониб топширилган ҳудуддаги дарахтларнинг ҳолатини қонуний асосда назорат қилиши лозим.

Дарахтлар ўсади, қарийди, қурийди, ҳамма тирик жон қатори парваришни талаб қилади, албатта. Улар уй аҳли, коммуникациялар хавфсизлигига таҳдид яратиши мумкин. Дарахт кесувчиларни эса фақат соғломлари қизиқтиради. Баъзан ширкат ёки маҳалла қўлида рухсатнома бўла туриб, қуриб қолган дарахтларни олиб ташлаш учун ҳеч кимни топа олмайди. Мавземизда ҳам худди шу аҳвол. Соғлом дарахтлар тўнкалари ёнгинасида ҳашаротлар кемириб адо қилган, қақшаб ётганлари турибди. Қаттиқроқ шамол эсса, оқибати ёмон тугашидан қўрқади киши.

Пойтахтимиз тез суръатларда ўзгариб бормоқда, турли объектлар реконструкция қилинмоқда, барпо этилмоқда. Бироқ бунда ҳам оқилона иш тутиб, яшил фондни иложи борича сақлаб қолиш даркор.

Кўпинча санитария мақсадида кесиш ва бунинг оқибатлари учун жавобгарликни ХУМШ зиммасига юклайдилар. У ер участкаси тутиб турилиши учун масъул, бинобарин, унда ўсувчи дарахтлар учун ҳам жавобгар деган нуқтаи назардан келиб чиқадилар. Ширкатимиз кадастр ҳужжатларига кўра ер участкасига эга эмас. Ер йўқми – масъулият ҳам йўқ. Бундай вазиятларда дарахтларни тутиб туриш масаласи – ер ва яшил экинлар мулкида бўлган давлат ҳокимияти органининг хос ҳуқуқи. Ширкат дарахтлар билан алоқадор бўлишни истамайди, бунинг учун тўлашга тўғри келишидан қўрқади, аслида ҳамма пул кредитларни қоплашга кетаяпти. Фақат соғлом дарахтлар учун тўлаш зарур. Ҳокимликнинг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган қарорига кўра санитария мақсадида кесиш ишлари амалга оширилса, ҳақ ундирилмайди.

 

Ҳаракат учун қўлланма

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

1. Дарахт кесувчилардан санитария мақсадида кесиш учун рухсатномани талаб қилинг. У ариза берувчининг Ф.И.О., унинг манзили, телефон рақами, ишлар олиб бориладиган ҳудуд, уларни бажариш муддати, дарахтлар номи, сони, танасининг диаметри кўрсатилган махсус бланкада бўлиши керак. Рухсатнома табиатни муҳофаза қилиш органининг белгиси мавжуд бўлсагина ҳақиқий саналади.

2. Рухсатнома бўлмаса, демак, дарахтлар ноқонуний кесилаяпти. Юқорида кўрсатилган телефонлар орқали қўнғироқ қилинг.

3. Инспекторлар келгунича қонунбузарларни тўхтатиб туриш учун участка нозири, маҳалла қўмитаси, ширкатга мурожаат қилинг.

4. Қонунбузарлар инспектор келгунча яширинишлари мумкин. Кесганлик далили қайд этилиши учун улар ҳақидаги бирламчи ахборотни: исм-фамилиялари, кимнинг вакили эканликлари, кесишга ким кўрсатма берганлигини йиғиш муҳим. Уларнинг ўзини, кесилган дарахтлар ортилаётган машиналар рақамларини фотосуратга олинг.

5. Дарахт кесилганлиги далили ҳақида далолатнома тузинг. Уни камида уч киши имзолаши керак. Инспектор қонунбузарлар яширингандан кейин келган бўлса, бу унга ёрдам беради.

6. Фуқаролик позициянгизни намоён этиб, ишни охирига етказинг. Инспекцияга мурожаат қилинг, суриштирув қандай бораётганлиги, қандай чоралар кўрилганлиги билан қизиқинг.

 

 

РУХСАТНОМА ОЛИШ МЕХАНИЗМИ

Ариза берувчи санитария мақсадида кесиш зарурлиги ҳақида ҳокимликка мурожаат қилади. Ҳокимлик қарорни минтақавий Инспекцияга юборади. Инспектор жойига чиқиб, дарахтларнинг ҳолатини ўрганади, фотосуратга олади, текширув далолатномасини тузади, хулоса чиқариб, уни Экология давлат қўмитасига йўллайди. Махсус комиссия ҳужжатларни ўрганиб, рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади. У худди шу схемада тескари тартибда қайтарилади.

 

 

РУХСАТНОМАНИ КИМ БЕРАДИ ВА НИМА УЧУН ТЎЛАШ КЕРАК?

Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари билан келишув бўйича, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра, бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларнинг қурилиши билан боғлиқ санитария кесишлари тартибида йўл қўйилади.

(Низомнинг 13-банди, ВМнинг 20.10.2014 йилдаги 290-сон қарорига 1-илова)

 

Қуриб қолган, табиий зараркунандалар ва касалликлар таъсирида кучли зарарланиб қуриётган дарахт ва буталарни кесиш ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари билан келишилган ҳолда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра махсус рухсатномасиз (яъни ҳақ тўламай – И.Г.) амалга оширилади.

(Низомнинг 14-банди)

 

Табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахтлар ва буталарни кесиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган қарорига кўра ҳақ тўламасдан амалга оширилади.

(«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси)

 

Бинолар, иншоотлар, коммуникацияларни қуриш чоғида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмиталари билан келишилган қарорига кўра махсус рухсатнома асосида (тўлов эвазига) дарахтлар ва буталар кесилади. Тўловлар миқдори Низомга 2-иловада белгиланган.

 

БУТУН БОШЛИ ШАҲАРГА ЕТТИТА ИНСПЕКТОР

Ўсимлик дунёсининг муҳофаза қилиниши ва ундан фойдаланилиши устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Экология давлат қўмитаси зиммасига юклатилган. Инспекция 4 ой аввал ташкил этилди. Унинг Тошкент филиалида атиги 7 киши ишлайди. Пойтахтда дарахтлар қандай миқёсда йўқ қилинаётганлигига қараб ўлчайдиган бўлсак, уларнинг сони жуда ҳам кам. Бу барқарор тенденцияга айланди. Бир томондан – худбинларча иш тутувчи (буюртмачилари, ҳомийлари бўлган) яхши ташкиллаштирилган ашаддий браконьерлар гуруҳи. Бошқа томондан – иш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар. Аҳолиси 2,4 млн кишидан ошадиган мегаполис учун денгиздан томчи деган гап.

Минтақавий Инспекциянинг Тошкент филиали бош инспектори Ойбек Раҳимовнинг айтишича, аҳоли «тезкор мулоқот» телефони орқали кунига 40–50 марта мурожаат қилади. Бундан ташқари – қурилиш объектлари, Портал, рухсатномалар бериш учун дарахтлар ҳолатини текшириш... Қоғозбозлик: далолатномалар, баённомалар, қарорлар, ишларни прокуратура, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ошириш, буни назорат қилиш ва ҳ.к. Ҳар бир ходимга кунига ­7–15 та ариза тўғри келади – ҳар бири бўйича иш олиб боришнинг амалда имкони йўқ. Айрим инспекторлар 2 ва ҳатто 3 та туман учун масъул. Энг қийинлари – Учтепа, Чилонзор, Юнусобод туманлари. Транспорт йўқлиги тезкор назорат қилиш имконини бермайди.

Минтақавий Инспекция бошлиғи Равшан Мажидов билан кадрларнинг профессионал даражаси масаласини муҳокама қиламиз. Шубҳасиз, улар тасодифий кишилар бўлмаслиги керак. Уларни танлов орқали, маълумоти, шахсий сифатларини инобатга олиб саралаб олиш, ўқитиш даркор. Ҳозир Экология давлат қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш курсларида ўқиш бошланди. Раҳбар Тошкент филиали штатини кўпайтириш зарурлиги ҳақида Қўмитага хат йўллаган. Бу ечимини кутаётган жиддий масалалар.

Бу пайтда эса браконьерлар ғафлат босиб ётгани йўқ.

 

ИНСПЕКТОРНИНГ ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИ

1. Қонунбузарларнинг устидан чиқилса. Инспектор дарахт кесувчилардан ҳокимликнинг қарори асосида олинган ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилган кесиш учун рухсатномани талаб қилиши шарт. У бўлмаса, дарахтлар ноқонуний кесилаётган бўлади. Инспектор шикастланган (кесилган) дарахтлар ҳолатини (диаметри, сони, нави, браконьерлар қилган ишнинг туси ва бошқаларни) текширади. Қонунбузарлар тушунтириш хати ёзадилар. Арра, болталари олиб қўйилади, қонунбузарликка олиб келган буюмлар рўйхати тузилади. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисида далолатнома ва баённома жойнинг ўзида тузилади, қонунбузарлар улар билан танишиб чиқишлари ва имзолашлари керак. Унга асосан жарима солиш ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни қоплаш ҳақида даъво аризаси бериш тўғрисида қарор чиқарилади. Белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда ҳужжатлар судга оширилади.

2. Қонунбузарлар яширинган бўлса. Инспекторнинг хатти-ҳаракатлари механизми худди шундай. Бироқ қонунбузар бўлмаганда гувоҳлар, ХУМШ, маҳалладаги ходимлардан сўралади. Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилганлиги тўғрисидаги далолатнома ва баённома нусхалари қонунбузар шахсини аниқлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилади. Шундан кейин жарима солиш ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни қоплаш ҳақида даъво аризаси бериш тўғрисида қарор чиқарилади. Белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда ҳужжатлар судга оширилади.

 

ҲОКИМЛИК ИШТИРОКИСИЗ РУХСАТНОМА БЕРИШ

Қонунчиликда ечими етарлича тартибга солинмаган масалалар кўп. Яшил экинларни сақлаш бўйича асосий ҳужжатлар – «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 290-сон қарорига 1-илова). Ҳозир ушбу қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир таклифлар тайёрланмоқда. Минтақавий Инспекция ўсимлик дунёсини сақлаш қисмида турли объектларни қуриш ва реконструкция қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини қатъийлаштиришни таклиф этмоқда. Худди ўша топпинг – кўп йиллик манзарали дарахтлар танасининг тепа қисмини кесиб, уларни фонар устунига айлантириб қўйишни тақиқлаш таклифи бор. Яна бири – қуриб қолган дарахтларни кесишга рухсатнома олишда ўсимликларни муҳофаза қилиш ИТИ хулосасини тақдим этиш. Энг муҳимларидан бири – ҳокимликни рухсатнома бериш жараёнидан чиқариб ташлаш бўлса керак. Бу рухсат бериш таомилини соддалаштиради, улар ходимларининг суиистеъмолчиликларини қисқартиради. Дарахтларга шакл бериш, санитария мақсадида кесишга доир услубий қўлланмаларни ҳам ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда. Ҳозир буни ҳар ким ўз билганича қилиб, дарахтларга зиён етказаяпти.

Қонуний дарахт кесиш устидан назоратни кучайтириш жуда муҳим. Рухсат берувчи ҳужжатнинг борлиги арраловчилар соғлом дарахтларни ҳам кесмаслигига кафолат бера олмайди. Қонунчиликда қайд этилишича, ариза берувчи бажарилган иш тўғрисида 10 кун ичида ҳисобот бериб, уни ҳокимликка, у эса ўз навбатида Инспекцияга топшириши керак. Шу билан иш якунланади. Бироқ ҳисоботда истаган маълумотни ёзиш мумкин. Кесилган дарахтларнинг ўрнига бошқасини экиш масаласига келсак. Уларни қаерга экадилар, умуман, экадиларми ўзи? Ёндашув қуйидагича бўлиши лозим: дарахт кесдингми – ёнига бир нечтасини экиб қўй.

Қонунчиликда «санитария мақсадида кесиш», «шохларни кесиш», «шакл бериш» тушунчалари, айни қандай турдаги ишларга табиатни муҳофаза қилиш идорасининг рухсатномасини олиш кераклиги аниқ ёзиб қўйилиши лозим. Браконьерлар ва уларнинг буюртмачилари ушбу нуқсонлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланадилар. Экология давлат қўмитаси дарахт кесиш устидан назорат қилиш қисмида ИИВ органлари билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Участка нозири унинг мавзесида нималар рўй бераётганлигидан хабардор, рухсатномаларни текширишга ваколатли. Улар бўлмаса – Инспекцияга хабар бериши мумкин.

 

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ

Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

● атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;

● атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини хабардор қилиш;

● атроф-муҳитнинг ҳолати, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш.

(«Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси)

 

 

ҚОНУНИЙ ДАРАХТ КЕСИЛИШИ УСТИДАН НАЗОРАТ

Ариза берувчи рухсатнома олгач, унинг нусхасини дарахт кесувчига бериши шарт. Ишни муайян муддатда, кўрсатилган ҳудудда бажариш зарурлигини тушунтириши, ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик ҳақида маълумот бериши керак. Иш бажарилгач, ариза берувчи 10 кун ичида рухсатнома нусхасини қисқа ҳисобот билан бирга берилган жойга қайтариши лозим.

 

Ҳудудларни ободонлаштириш, яшил экинларни сақлаш масалалари маҳалла қўмиталарининг вазифалари сирасига киради. Бу ишда уларнинг ролини кучайтириш наф берган бўлар эди. Масалан, экологик ҳаракат фаоллари, маслаҳатчи экологлар билан биргаликда талабалар, мактаб ўқувчиларини жалб этган ҳолда маҳалла бошчилигида яшил экинлар инвентаризациядан ўтказилиб, «яшил» паспортлар ишлаб чиқилса.

Яшил фонд сақлаб қолиниши устидан жамоат назорати Инспекцияга таянч бўлиши даркор. Аҳоли табиатни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг сайтларида жойлаштирилган, берилган рухсатномалар реестрлари асосида уй олдидаги дарахтлар кесилиши устидан назорат қилган бўлар эди. Бу қонунчиликда назарда тутилган, бироқ ҳанузгача ишламаяпти.

Камроқ ҳис-ҳаяжонга берилиб, амалда ишлаш керак, албатта. Бунда ўзимизни назарда тутаяпман. Ҳар биримиз дарахтлар кесилишини тўхтатиш учун қилишимиз мумкин бўлган ёки қилган ишлардан келиб чиқишимиз даркор. Тавсияларимизда шу ҳақда сўз юритилган. Биргаликда қудратли кучга айланамиз. Ҳар бир дарахт учун қатъият билан, елкама-елка туриб курашсак, ўз мақсадимизга эриша оламиз.

 

ҚОНУНБУЗАРЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Дарахтларни ноқонуний равишда кесганлик ва шикастлаганлик учун қуйидаги қонунчилик нормалари қўлланилиши мумкин:

ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш, худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш – фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 60-моддаси);

Айрим жойларда иморат қураётганда шу ерда ўсиб турган дов-дарахтларга шикаст етказиш, уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш ёки бошқа жойга кўчириш, шунингдек фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз ихтиёрларидаги дов-дарахтларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслиги, – фуқароларга ЭКИҲнинг 1/3 қисмидан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 162-моддаси);

ЖКнинг 202-моддаси озодликдан маҳрум қилишгача бўлган санкцияларни назарда тутади;

ВМнинг 290-сон қарори билан дарахтлар ва буталар ноқонуний равишда кесилиши ва шикастланиши сабабли ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундирув миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун коэффициентлар белгиланган.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК, махсус мухбиримиз. 

Прочитано: 2049 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика