Компаниямиз (кичик корхона – ЯСТ тўловчиси) реализация қиладиган асосий дастурий маҳсулот ҳар қандай турдаги жиҳозлар учун антивирус ҳисобланади. Компания антивирусларнинг асосий дистрибьютори билан воситачилик шартномалари тузиб, кейинчалик уларни жисмоний ва юридик шахсларга реализация қилади.
1 |
Дастурий таъминотдан фойдаланиш учун лицензия (калитлар) товар деб ҳисобланадими?
– Дастурий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия корхонангиз учун товар ҳам, номоддий актив ҳам ҳисобланмайди (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган 7-сон БҲМСнинг 6-банди).
Занжирда: ҳуқуқ эгаси – дистрибьютор (воситачи) – корхонангиз – харидор (дастурий маҳсулотдан фойдаланувчи). Корхонангиз дастурий маҳсулот эгаси билан пировард харидор (фойдаланувчи) ўртасидаги воситачилардан бири ҳисобланади. Дастурий маҳсулотга олинган калитлар (кириш кодлари) сиз учун товар ҳисобланмайди, сабаби мулк ҳуқуқида сизга тегишли эмас.
Воситачилар (агентлар) калитларни (кириш кодларини) комитент (дистрибьютор ёки дастурий маҳсулот эгасининг ўзи) билан келишилган нархларда 004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» балансдан ташқари счётида ҳисобга оладилар. Реализация қилингандан кейин калитлар қиймати балансдан ташқари счётдан ҳисобдан чиқарилади.
Комитент билан воситачи ўртасидаги ҳисоб-китоблар (реализация қилишдан пул маблағларини ким олиши керак: комитент – дастурий маҳсулот эгаси ёки ижрочи воситачи) воситачилик шартномасида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин (ФКнинг 46, 48-боблари).
Дастурий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия – унга доир ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказган корхонага (ҳуқуқ эгасига) тегишли бўлган интеллектуал мулк объекти. Тегишинча, лицензия шартномасига биноан НМА объектини бошқа корхонага фойдаланишга берган ҳуқуқ эгаси бўлган корхона номоддий активга мутлақ ҳуқуқларни ўзида сақлаб қолади (унинг эгаси ҳисобланади) ва уни ўз балансидан ҳисобдан чиқармайди.
Ҳуқуқ эгасида дастурий таъминот номоддий актив ҳисобланади, корхона – антивирус дастуридан фойдаланувчида эса бундай актив 016-«Фойдаланиш ҳуқуқи бўйича олинган номоддий активлар» балансдан ташқари счётида ҳисобга олинади (молия вазирининг буйруғи билан киритилган, АВ томонидан 30.05.2017 йилда 1181-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Дастурий маҳсулотга калитларни олиш учун ҳуқуқ эгаси билан тўғридан-тўғри шартномалар тузган бўлсангиз (ҳуқуқий эгаликнинг ўтиши), сизда ушбу калитлар товар деб тан олиниши мумкин (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 5-банди).
2 |
Воситачилик шартномаларига кўра дастурий маҳсулотлар реализацияси қандай фаолият турига киради?
– Дастурий маҳсулотга калитларнинг реализация қилиниши корхонангиз учун воситачилик фаолияти ҳисобланади, у воситачилик (ёки топшириқ) шартномаси асосида амалга оширилиши лозим.
3 |
Фаолиятимиз улгуржи савдо ҳисобланадими, биз тегишли лицензия олишимиз зарурми?
– Воситачилик фаолияти улгуржи савдога кирмайди. Тегишинча, улгуржи савдога лицензия олиш зарурати йўқ.
4 |
Фаолиятимиз учун ЯСТнинг қандай ставкаларини қўллаш мумкин?
– Воситачида ЯСТ солиш объекти кўрсатилган воситачилик хизматлари учун олинган ҳақ суммаси ҳисобланади. Воситачилик, топшириқ шартномаларига кўра воситачилик хизматларини кўрсатадиган корхоналар учун ЯСТ ставкаси 33% миқдорида белгиланган (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова). ЯСТ ставкаси комитент (ҳуқуқ эгаси) ЎзР резиденти ёки норезиденти ҳисобланиш-ҳисобланмаслигига боғлиқ эмас.
5 |
Келгусида хорижий дастурий маҳсулотлар етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузмоқчимиз. Уларни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш зарурми?
– Ҳа, дастурий маҳсулотларни харид қилиш учун импорт контрактини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) рўйхатдан ўтказиш зарур (ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарори). Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ТСОЯЭАТ орқали электрон шаклда ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни мустақил равишда киритадилар.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.