Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ташқи иқтисодий фаолиятда ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Буни тадбиркорларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кенг эркинлик берилаётгани, бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг бартараф этилаётгани ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларининг янада соддалашганида кузатиш мумкин.
Бинобарин, божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини белгилайдиган Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатдан ўтказилган) жорий йил февраль ойидан тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Маълумки, божхона назорати ва расмийлаштируви якунига етган автотранспорт воситаси 10 кун муддатда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларидан рўйхатдан ўтказилиши лозим. Илгари бунинг учун шахслардан божхона органи томонидан тақдим этиладиган «Автотранспорт воситасини олиб кириш гувоҳномаси» талаб этиларди.
Шунингдек, эркин муомалага чиқарилган автотранспорт воситаси 5 йил муддат доирасида эгаси томонидан ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш учун тегишли ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилгандан ва янги гувоҳнома расмийлаштирилгандан сўнг, гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда эса дубликат олиш учун автотранспорт воситаси эгасининг божхона органига ёзган аризасига асосан тақдим этилиши ҳам белгиланганди.
Соҳадаги тартиб-қоидаларни соддалаштириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахсларга янада енгилликлар яратиш, бу билан ташқи иқтисодий фаолиятга кенг йўл очиш мақсадида Низомга киритилган ўзгартиришларга биноан юридик ва жисмоний шахслар томонидан товар сифатида олиб кирилаётган автотранспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларида рўйхатдан ўтказиш учун асос ҳисобланган гувоҳнома бекор қилинди. Эндиликда аввалги гувоҳнома эмас, балки божхона органи томонидан тўғридан-тўғри онлайн тарзда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларига тақдим этиладиган электрон маълумотлар кифоя қилади.
Шунингдек, эркин муомалага чиқарилган автотранспорт воситаларини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказишда божхона органи томонидан ҳеч қандай қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирилмайди. Мазкур ҳолларда «Вақтинча олиб кириш» божхона режими остида олиб кирилган автотранспорт воситасига электрон маълумотлар қайта расмийлаштирилгандан сўнг йўл қўйилади.
Қолаверса, товар сифатида олиб кирилган автотранспорт воситасига божхона томонидан ҳар бир гувоҳномани расмийлаштирганлик учун транспорт турига қараб 25 еврогача миқдорда ундириладиган божхона тўлови Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори (20.06.2016 йилдаги 211-сон) билан бекор қилинган эди.
Ҳисоб-китобларга кўра, қарор қабул қилиниши натижасида ўтган даврда қарийб 150 млн сўмлик пул маблағи вилоятда фаолият юритадиган ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ихтиёрида қолдирилди.
Жорий этилган бу тартиб-таомиллар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига бир қанча енгилликлар яратиш билан бирга, маблағ, қолаверса, уларнинг қимматли вақтини ҳам тежаш имконини берди.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.