Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 31 / Янгиликлар

Солиқ маъмуриятчилиги: ислоҳотларнинг янги босқичи

 

Президентнинг 18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон Фармони билан солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланди СБХ»нинг 25.07.2017 йилдаги 30 (1198)-сони ҳужжатлар пакетида чоп этилди).

 

Ҳужжатда 2018 йил 1 январдан солиқ маъмуриятчилигининг янги механизмлари жорий этилиши назарда тутилган.

Хусусан, кейинги йилдан бошлаб мамлакатимизда:

● солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилади. У солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутади;

йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСБлар томонидан амалга оширилади;

вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари берилиши мумкин;

ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчи томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади;

ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади;

● солиқ органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади;

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади;

● солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади;

● солиқ органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради.

 

Соддалаштирилган тизим учун иккинчи мезон

1997 йилдан буён Ўзбекистонда аксарият кичик бизнес субъектлари (савдодан ташқари) солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини (СССТ) танлашга ҳақли. Умумбелгиланган солиқларни тўлаш тизими билан солиштирганда унинг афзалликлари:

● солиқ юкининг анча камлиги;

● камроқ ҳисобот топширилиши;

● солиқ маъмуриятчилиги соддароқлигида намоён бўлади.

Корхоналарни мазкур имтиёзли шартлардан фойдаланишга ҳақли бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга киритишнинг ягона мезони ходимларнинг сони ҳисобланади.

 

Экспертларнинг шарҳи

Йирик ва кичик бизнеснинг солиқ солиш ва ҳисобот топшириш шартларидаги сезиларли тафовут қуйидаги оқибатларга олиб келади:

● СССТдан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишни кўзлаган ҳолда ходимлар сонини камайтириш;

● йирик корхоналарни (умумбелгиланган солиқларни тўловчиларни) сунъий равишда кичик корхоналарга бўлиш;

● асосий воситалар ва ер участкаларини мол-мулк солиғи ва ер солиғи солишдан озод қилиш мақсадида кичик корхоналар балансига қабул қилиш.

Халқаро амалиётда солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимларидан фойдаланишда ходимлар сони қаторида қўшимча мезонлар қўлланилади. Булар чекланган оборот миқдори, асосий фондлар миқдори, рентабеллик даражаси ва ҳ.к.

Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда Фармон билан бизнес субъектларини кичик субъектларга киритишда иккинчи мезонни жорий этиш назарда тутилмоқда. У солиқ тўловчининг тушуми миқдори бўлади. У ошганда кичик корхона СССТда қолган ҳолда қўшимча солиқ мажбуриятларини бажаради. Ушбу мезоннинг аниқ миқдорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак, уларни тай­ёрлаш вазифаси Фармонга мувофиқ ташкил этилган Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича ишчи комиссия зиммасига юкланди.

 

Солиқ юки камаяди

Ишчи комиссияга қуйидагиларни ҳам назарда тутувчи НҲҲ лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди:

● солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ҳамда методологиясини тубдан такомиллаштиришни;

хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтиришни;

● хўжалик юритувчи субъектларни «йирик солиқ тўловчилар» тоифасига киритиш мезонларини белгилашни (уларнинг солиқ маъмуриятчилиги янги йилдан вилоят солиқ бошқармаларига ўтади);

бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштиришни;

● бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштиришни;

● алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкаларини;

ҳалол, шу жумладан иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этишни;

● Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишни;

● давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришни;

● ДСҚ Солиқ академияси фаолиятини янада такомиллаштиришни.

 

Экспертларнинг таклифлари

Президентнинг Фармонига мувофиқ «хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтириш» таъминланиши шарт. Шу сабабли кичик бизнес субъектлари тоифасига киритиш тартибига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартиришлар тоифаси уни касод қилмаслиги керак.

Бунинг учун экспертлар қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб биладилар:

● кичик корхоналарнинг фақат 5–10%и мансуб бўлиши учун оборотнинг чегаравий миқдорини анча юқори қилиб белгилаш;

● ушбу мезон миқдорини бир йил ҳисобида белгилаш;

● чекланган тушумни фаолият турларига қараб табақалаштириш. Масалан, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдаги оборотлар маиший хизматлар бўйича оборотлардан анча юқори бўлиши тайин. Кўп тармоқли корхоналар чегаравий миқдорни ҳисоб-китоб қилиши учун асосий фаолият туридан фойдаланиш;

● инфляцияни ҳисобга олиш мақсадида ушбу мезон миқдорини энг кам иш ҳақи ёки бошқа кўрсаткичга қараб белгилаш;

● чекланган тушумга бошқа даромадларни киритмаслик, улар асосий даромадлар ҳисобланган корхоналар бундан мустасно;

● қўшимча солиқ мажбуриятлари белгиланган чекланган тушумдан ошадиган суммадан оширилган ЯСТ ставкаси ҳисобига таъминланиши шарт. Солиқ солишнинг умумий тизимидан мол-мулк солиғи, ер солиғи ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлаш талаби СССТдан чиқишни англатади.

Иккинчи мезон ушбу шартлар билан жорий этилса, инсофли тадбиркорлар зиммасига унча кўп солиқ юки тушмайди.

 

Самарали ҳамкорлик принциплари

Қабул қилинган ҳужжатга биноан, мамлакатимизда кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан алоқа қилиш янги механизмлари жорий этилади.

Бунинг учун жорий йил тугагунига қадар ДСҚ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тузилмалар билан биргаликда:

● солиқ тўловчиларга солиқ органларининг барча давлат хизматларидан, шу жумладан ЯИДХП орқали электрон фойдаланиш имкониятини таъминлаши;

● солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ назоратини такомиллаштириш мақсадида солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига тақдим этиладиган ахборотнинг мазмунини танқидий қайта кўриб чиқиши;

● барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, статистика, адлия, прокуратура органлари, судлар, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК корхоналарининг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига интеграция қилинишини таъминлаши;

● тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.

 

Ҳисоб палатаси даромадлар прогнозланишини баҳолайди

Президентнинг мазкур Фармонида республика Ҳисоб палатаси ва Давлат солиқ қўмитаси таркибий жиҳатдан ўзгартирилиши белгиланган.

Ҳисоб палатаси тузилмасида Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади. Унга қуйидаги асосий вазифалар юкланади:

● солиқ солиш тизими, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини таҳлил қилиш ва баҳолаш асосида бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш;

● солиқлар турлари ва ҳудудлар кесимида солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилиш, унинг тармоқ ва ҳудудлар кесимида пасайишига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг оқибатларини аниқлаш;

● ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва солиқ тўлаш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Давлат бюджети даромадлари прогноз кўрсаткичларининг холислиги ва асослилигини баҳолаш;

● солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан қатъий назорат ўрнатиш, манзилли йўналишлар ва назорат дастурларини, шу жумладан солиқ ва бошқа молия органларининг ахборот тизимлари маълумотларини таҳлил ва мониторинг қилиш асосида шакллантириш;

● давлат органлари ва ташкилотларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини баҳолаш;

● даромадлар прогнозини сифатли шакллантириш ва бажариш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлиги ва солиқ тўловчилар ҳисобининг тўлиқлигини таъминлашда молия ва солиқ органларининг масъулиятини ошириш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш чораларини кўриш.

Давлат солиқ қўмитаси тузилмасига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Унинг бир қатор бошқармалари қайта тузилади, номи ва вазифалари ўзгартирилади.

Бундан ташқари, солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун масъул бўлган ДСҚ раисининг ўринбосари – Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилади.

 

Шарҳни экспертлар

Олег ЗАМАНОВ, Жорилла АБДУЛЛАЕВ,
Михаил ПЕРПЕР
тайёрлади.

Прочитано: 1654 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика