Дастурий маҳсулот жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилган, бироқ у ташкил этган хусусий корхонада асосий хизматларни реализация қилиш учун ишлатилади.
Агар интеллектуал мулк объектидан хусусий корхонанинг асосий фаолиятида фойдаланилса, унга доир мутлақ ҳуқуқ корхона мулкдорига тегишли бўлган дастурий маҳсулот қийматидан ушбу хусусий корхона қандай ҳолларда ЯСТ тўлаши зарур?
ХК менежери.
– Хусусий корхона (юридик шахс) ва мулкдор (жисмоний шахс) – фуқаролик муносабатларининг мустақил қатнашчилари. Жисмоний шахс «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ юридик шахснинг мулкдори ҳисобланиши ва унинг номидан ҳаракат қилиши аҳамиятга эга эмас.
Хусусий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади. У ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда уларни амалга ошириши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Бинобарин, жисмоний шахснинг мулки бўлган дастурий маҳсулот корхонанинг ҳам мулки ҳисобланади деб бўлмайди. Корхона жисмоний шахснинг интеллектуал мулк объектидан фойдаланишини тўғри расмийлаштириш зарур.
Жисмоний шахс интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси сифатида бу ҳуқуқни бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказишга, интеллектуал мулк объектидан фойдаланишига рухсат беришга (номутлақ ҳуқуқларни бериш) ва ҳ.к. ҳақли (ФКнинг 1034-моддаси).
Мазкур вазиятда ХК билан мулкдор ўртасидаги битимни расмийлаштиришнинг бир нечта варианти бўлиши мумкин, солиқ солиш қайси вариант қўлланишига боғлиқ бўлади.
1. ХК мулкдори дастурий маҳсулотни корхона устав фондига киритиши мумкин. Бу ҳолда унга бўлган мулк ҳуқуқи ХКга ўтади. Дастурий маҳсулот корхона балансида номоддий актив сифатида, башарти бир вақтнинг ўзида бундай активнинг барча мезонларига тўғри келса, ҳисобга олинади (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган 7-сон БҲМСнинг 6-банди).
Устав фондига ҳисса ЯСТ ва бошқа солиқлар солинадиган объект ҳисобланмайди.
2. Жисмоний шахс дастурга доир мутлақ ёки номутлақ ҳуқуқларни ҳақ эвазига беришга ҳақли бўладиган лицензия (муаллифлик) шартномасини тузиш мумкин. Бундай шартномаларни тузиш тартиби ФКнинг 1068–1070-моддаларида назарда тутилган.
Интеллектуал мулк объектига мутлақ ҳуқуқ берилганда корхона дастурий маҳсулот мулкдорига айланади. Мазкур ҳолда дастурий маҳсулот сотиб олинади, у корхона учун ҳеч қандай солиқ оқибатларини келтириб чиқармайди.
Башарти дастурга доир номутлақ ҳуқуқлар ҳақ эвазига бериш шартномасига кўра берилса, жисмоний шахс интеллектуал мулк объектини тасарруф этиш ҳуқуқисиз ундан фойдаланишгагина рухсат беради. Шартномада дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқининг муддати назарда тутилади.
Бухгалтерия ҳисобида муайян муддат фойдаланиш ҳуқуқи кейинчалик харажатларни ҳисобга олувчи счётлар дебетига ҳисобдан чиқариладиган келгуси давр харажатлари (3100-счёт) сифатида акс эттирилади.
Шартномага кўра дастурдан фойдаланганлик учун ҳақ назарда тутилгани боис корхона учун солиқ оқибатлари ҳам юзага келмайди.
3. Ҳадя шартномасини тузиш. Бунда дастурий маҳсулотга доир мутлақ ҳуқуқлар текинга берилади. Солиқ солиш мақсадида текинга олинган мол-мулк (номоддий активлар) қиймати ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 132, 355-моддалари). Мол-мулк текинга олинганда корхона даромади топшириш ҳужжатлари билан ҳам тасдиқланадиган бозор қиймати бўйича аниқланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси). Бу дастурий маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўлиши мумкин.
4. Интеллектуал мулк объектига доир номутлақ ҳуқуқларни текинга бериш бўйича лицензия шартномасини тузиш. Бу ҳолда мулкдор корхонага дастурий маҳсулотдан текинга фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади.
Текинга олинган мулкий ҳуқуқлар корхонанинг бошқа даромади ҳисобланади ва ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 132, 355-моддалари).
Мулкий ҳуқуқлар қиймати бозор қиймати бўйича аниқланади. Текинга фойдаланиш ҳуқуқи берилишига қарамай, шартномада мулкий ҳуқуқ қийматини белгилаш мақсадга мувофиқ. Ҳужжатлар билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқ қиймати бозор қиймати ҳисобланади ва корхона даромадини аниқлаш учун асос бўлади.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.