Давлат солиқ сиёсати бизнес фаолиятида улкан аҳамият касб этади. Малоллик келтирадиган норматив-ҳуқуқий режим тадбиркорларни ўз ишини ривожлантиришдан чалғитади. «Бизнес юритиш» тадқиқоти айнан содда, ҳамма учун мақбул, оқилона ва самарали бошқарувни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади.
Жаҳон банки гуруҳи «Бизнес юритиш» (Doing Business) лойиҳаси доирасида ҳар йили тадқиқотлар ўтказади.
Ушбу лойиҳа тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи нормаларни баҳолайди. У бизнес юритиш учун ҳуқуқий нормаларнинг мақбуллиги ва мулкчилик ҳуқуқларини ҳимоялаш даражасини тавсифловчи, шунингдек 190 та мамлакатдан олинган маълумотларни ўзгаришига қараб қиёслаш имконини берувчи миқдор кўрсаткичларидан фойдаланади.
Тадқиқот доирасида турли давлатлардаги тадбиркорликни тартибга солиш шартлари динамикада таққосланади. Бу билан «Бизнес юритиш» лойиҳаси уларни янада самарали тартибга солишга ундайди, ислоҳотлар қай йўналишда олиб борилиши лозимлигини кўрсатади ҳамда якка тартибдаги тадқиқотчилар ва ҳар бир мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити билан қизиқувчи бошқа шахслар учун ресурс сифатида хизмат қилади.
Бизнес юритиш шароитлари қулайлиги рейтингида ҳар бир мамлакат муайян позицияни эгаллайди. Рейтинг 190 та позицияга эга. Мамлакатнинг рейтингдаги позицияси қанчалик юқори бўлса, корхона очиш ва фаолият юритиши учун тадбиркорлик муҳити шунчалик қулай бўлади. Ҳар бир мамлакатнинг рейтингдаги позицияси 10 та йўналиш бўйича олдинги чегарадан нарилиги кўрсаткичи бўйича олган жами баҳоси билан белгиланади.
Барча мамлакатлар учун «Бизнес юритиш 2017» рейтинги 2016 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра тузилган. Тадбиркорлар учун хизматларнинг турлари бўйича Ўзбекистон йиғма рейтинги қуйидаги кўринишга эга:
2006 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра
|
2015 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра
|
2016 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра
|
138
|
87
|
87
|
Лойиҳа амалга оширила бошлаган пайтдан (2006 йил) буён Ўзбекистон рейтингда 138-ўриндан 87-ўринга (2017 йил) кўтарилди. 10 йил ичида тадбиркорлик учун шароитлар анча яхшиланганлиги кўриниб турибди. Бироқ 2015 йилдан буён сезиларли ривожланиш кузатилмаяпти.
Давлат бизнес («Бизнес юритиш» лойиҳаси қамраб олган) учун кўрсатадиган хизматларнинг 10 та тури бўйича рейтинг қуйидагича:
Хизматларнинг турлари
|
2015 йилнинг
|
2016 йилнинг
|
Корхоналарни рўйхатдан ўтказиш
|
23
|
25
|
Қурилишга рухсатномалар олиш
|
147
|
147
|
Электр таъминоти тизимига уланиш
|
78
|
83
|
Мулкни рўйхатдан ўтказиш
|
81
|
75
|
Кредитлар олиш
|
42
|
44
|
Миноритар инвесторларни ҳимоялаш
|
78
|
70
|
Солиқ солиш
|
139
|
138
|
Халқаро савдо
|
166
|
165
|
Контрактлар ижросини таъминлаш
|
37
|
38
|
Тўловга ноқобилликни ҳал этиш
|
72
|
77
|
Лойиҳа ўтказилаётган ислоҳотларга қараб ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини ҳам инобатга олади. 2006–2017 йилларда тадқиқотда 186 мамлакатда 2 782 та ислоҳот қайд этилди, ҳар бир мамлакатга ўрта ҳисобда 15 та ислоҳот тўғри келади. Лойиҳа маълумотларига кўра Ўзбекистонда ушбу даврда 27 та ислоҳот ўтказилган. Ислоҳотларнинг энг кўп қисми корхоналарни рўйхатдан ўтказиш (5), мулкни рўйхатдан ўтказиш (4) таомиллари, кредитлар олиш тартиби (4), солиқ солиш тизими (5) билан боғлиқ бўлган.
Жадвалдан кўринганидек, айни ислоҳотлар ўтказилаётган соҳалар: корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, кредитлар олиш, контрактлар ижросини таъминлашда рейтинг кўрсаткичлари самаралироқ ўсган. Қурилишга рухсатномалар олиш ва халқаро савдо соҳасида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар юқори даражада деб бўлмайди.
Солиқ солиш соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларга қарамай, ундаги вазият тубдан яхшиланмаяпти. Тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистонда:
● бир томондан – кичик бизнес камроқ солиқ тўлай бошлади. Бу ягона солиқ тўлови, ягона ижтимоий тўлов ва фойда солиғи ставкасини камайтириш, айрим солиқлар ҳисобланиши ва тўланишини соддалаштириш, бюджетга катта тушум келтирмаётган мажбурий тўловлардан воз кечиш натижасидир;
● бошқа томондан – солиқ ушланмалари анча катталигича қолмоқда. Солиқлар ҳисоб-китоби мураккаб, кўп вақт талаб қилади. Бир-бирини такрорловчи ёки бир хил базага эга солиқлар мавжуд. Электрон топшириш ва солиқларни тўлаш тизими етарлича ривожланмаган. Солиқ тўловчилар учун сервис марказлари ривожлантирилмаган.
«Бизнес юритиш» лойиҳасида солиқ солиш тизимини таҳлил қилиш услубияти барча мамлакатлар учун ягона. Унда солиқ ставкаси «жами солиқ юки» принципи бўйича ҳисобланади. Бунда қуйидаги ёндашувлардан фойдаланилади:
ўртача ҳажмдаги корхона тегишли йилда тўлаши керак бўлган солиқлар ва мажбурий тўловлар таҳлил қилинади. Солиқ солиш билан боғлиқ маъмуриятчилик юки инобатга олинади. Компания юридик шахс сифатида тўлайдиган солиқлар кўрилаётган бюджетга тўловлар сирасига киради;
ҳисобот тақдим этилганидан ва солиқлар тўланганидан кейин юз берувчи жараёнлар акс эттирилади. Уларга нотўғри солиқ солинганлиги муносабати билан солиқларнинг қайтарилиши, солиқ аудити ва маъмурий шикоятлар тушиши киради. Солиқ солиш тизимини умуман олганда яхшироқ англашни кўзлаб шундай қилинади;
солиқлар ва ажратмалар сонини ҳар битта солиқни тўлаш даврийлигига кўпайтириш йўли билан йиллик солиқ тўловлари миқдори ҳисобланади. Тўлаш даврийлигига аванс ва доимий тўловлар киритилади. Солиқ тўловлари кўрсаткичи тўланган солиқлар ва ажратмаларнинг умумий миқдори, тўлаш усули, ҳисобот топшириш даврийлиги ва ушбу жараёнга жалб этилган идоралар сонини акс эттиради;
тўловлар миқдорида электрон ҳисобот ҳам инобатга олинади. Тўлиқ электрон тарзда декларациялар тақдим этилиши ва муайян солиқ тўланиши таъминланадиган мамлакатларда, ҳатто ҳисобот топшириш ва тўловни тўлаш кўпроқ маротаба амалга оширилса ҳам, тадқиқот мақсадлари учун бундай солиқ йилда 1 марта тўланади деб ҳисобланади;
солиқ тўловчи мажбуриятларини ижро этиш учун тайёргарлик кўриш вақтига тўланиши лозим бўлган солиқ ва тўланадиган суммани ҳисоблаш учун зарур барча ахборотни жамлашга кетадиган вақт киритилади. Ҳисоботни топшириш вақти солиқ декларацияларининг барча зарур шаклларини тайёрлаш ва тегишли ҳисоботларни солиқ органларига топшириш вақтини ўз ичига олади. Шунингдек «онлайн» режимида ёки шахсан тўловни тўлаш учун зарур вақт инобатга олинади.
Шу тариқа, тадқиқот услубияти фақат солиқлар ставкаларининг миқдорини (солиқ юкини) эмас, балки солиқ тизимидаги ишлар ва хизматларнинг бутун комплексини инобатга олади. Тадқиқот натижаси қуйидагича:
Индикатор
|
2006 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра
|
2015 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра
|
2016 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра
|
Тўловлар (йиллик миқдори)
|
66.0
|
46.0
|
46.0
|
Ишлов бериш вақти (йилдаги соатлар)
|
196
|
192.5
|
192.5
|
Умумий солиқ ставкаси (фойдадан %)
|
96.7
|
41.1
|
38.1
|
Ҳисоботлар топширилган ва солиқлар тўланганидан кейинги таомилларнинг суммар индекси (1–100)
|
–
|
47.0
|
47.0
|
Ўзбекистон ИҲТТ мамлакатлари (Ғарбий ва Ўрта Европа мамлакатлари), Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари билан солиштирилганда қуйидаги натижалар акс этади:
Индикатор
|
Ўзбекистон
|
Шарқий Европа ва МДҲ
|
ИҲТТ мамлакатлари
|
Тўловлар (йиллик миқдори)
|
46.0
|
17.6
|
10.9
|
Ишлов бериш вақти (йилдаги соатлар)
|
192.5
|
221.5
|
163.4
|
Умумий солиқ ставкаси (фойдадан %)
|
38.1
|
33.8
|
40.9
|
Ҳисоботлар топширилган ва солиқлар тўланганидан кейинги таомилларнинг йиғма индекси (1–100)
|
47.0
|
71.2
|
85.1
|
Ортда қолишимиз йилига солиқлар бўйича тўловлар миқдори ҳамда ушбу солиқларга ишлов бериш ва тўлаш вақти билан боғлиқ.
Экспертнинг таклифлари
Жаҳон банки ва ўзбекистонлик экспертларнинг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда солиқ тизимини такомиллаштириш ҳисобига бизнес юритиш самарадорлигини ошириш ва рейтингни кўтариш учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
1) республикамизда аксарият солиқлар ва тўловлар ҳар чоракда тўланишини инобатга олиб, ЯИТ бўйича тўловларни ойига эмас, ҳар чоракда тўлашга ўтиш. Бу ҳолда ЯИТ йилига 12 марта ўрнига 4 марта тўланади. Тегишинча, солиққа доир ойлик ҳисобот чораклик ҳисобот бўлади. Компаниялар оборот маблағларини тежаш, тўлов маъмуриятчилигини соддалаштириш юзасидан қўшимча афзалликларни қўлга киритадилар. Буларнинг бари солиқларнинг суммар индексини камайтиради;
2) фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини бирлаштириш. Ушбу солиқлар бир хил солиқ солиш базасига эга. Фойда солиғи ставкаси ҳар йили пасайиб бораётган бўлса (2013 йилда – 9%, 2014 йилда – 8%, 2017 йилда – 7,5%), инфратузилма солиғи ставкаси (8%) 2002 йилдан буён ўзгармади. Ушбу 2 та солиқни 14–15%лик ставкага эга битта фойда солиғига бирлаштиришни таклиф этамиз. Бир вақтнинг ўзида фойда солиғи бўйича имтиёзлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг бир қисмини бекор қилиш лозим. Бундан ташқари, 90-йиллардаги эскилик – аванс тўловларини бекор қилиш – чораклик ягона тўловни белгилаш жоиз. Бу бюджет йўқотишига олиб келмайди. Солиқ тўловчилар оборот маблағларини тежай оладилар, солиқ бўйича ҳисоботга ишлов бериш ва уни топширишга кам вақт сарфланади;
3) тўлов манбаидаги фойда солиғи (дивидендлар ва фоизлардан солиқ) ставкасини камайтириш. У (10%) 2006 йилдан буён ўзгармади. Фойда солиғининг ставкаси эса ҳар йили камаймоқда. Ҳозир у тўлов манбаидаги солиқ ставкасидан паст, бу инвестициялар оқиб келишини рағбатлантирмайди. Шу сабабли ушбу ставкани камида 7–7,5%гача пасайтирган мақсадга мувофиқ. Шунда унинг миқдори таклиф этилаётган ягона фойда солиғига қараганда 2 баравар паст бўлади;
4) кичик корхоналар учун Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига йўналтириладиган чиқиндиларга доир ажратмалар сонини йилига 4 мартадан 1 мартагача қисқартириш;
5) солиқ солиш базаси бир хиллигини ҳисобга олиб, солиқлар ва уларга доир тўловлар сонини камайтириш мақсадида қуйидаги тўловлар – корхоналар маҳсулоти сотилишидан тушган тушумдан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ҳамда Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни битта тўловга бирлаштириш. Ягона тўловни тўлаш даврийлигини йилига 12 марта ўрнига 4 марта этиб белгилаш. Бу ҳолда барча тўловчилар чораклик тўловга ўтадилар;
6) тўловлар сонини камайтириш мақсадида қуйидагиларни тўлаш даврийлигини йилига 12 мартадан 4 мартага қисқартириш, яъни чораклик тўловга ўтиш:
барча компаниялар учун мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (у кичик ёки йирик корхона бўлишидан қатъи назар);
қатъий белгиланган солиқ;
7) электрон ҳисоботлар ва тўловлар. «Бизнес юритиш» лойиҳасига кўра декларациялар тақдим этиш ва солиқларни тўлаш тўлиқ электронлаштирилган мамлакатларда, ҳатто ҳисобот топшириш ва тўловни тўлаш кўпроқ маротаба амалга оширилса ҳам, тадқиқот мақсадлари учун бундай солиқ йилда 1 марта тўланади деб ҳисобланади. Ўзбекистонда 2013 йилдан мажбурий электрон ҳисобот жорий этилган. Бироқ («Бизнес юритиш» тадқиқоти маълумотларига кўра) жойларда солиқлар тўланишига доир маълумотлар баъзан ҳанузгача қоғозда берилади. Ҳисобот топшириш ва солиқларни тўлаш чоғида қоғоз ҳисоботлардан фойдаланишни қонун билан тақиқлашни таклиф этамиз. Бунда электрон ҳисобот юзасидан ўқув ва тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим;
8) солиқ тўловчилар учун сервис марказлари ишини кенгайтириш ва яхшилаш чора-тадбирлари комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Жорилла АБДУЛЛАЕВ,
иқтисодий шарҳловчи.