Norma.uz

Қарзингиз йўқми? Энди бўлади!

 

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (бундан кейин – Қўмита) газ таъминоти ташкилотлари устидан шикоятлар авжига чиққан кўринади. 2017 йил I чорагида улар УКХ масалалари юзасидан барча мурожаатларнинг (1 323) 70%ини (921) ташкил этди ва ўтган йилларнинг шу давридаги ўхшаш кўрсаткичлардан ошди. Табиий газ етказиб берувчилар коммунал соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш бўйича мутлақ чемпион бўлиб қолмоқдалар. Томонларнинг ўзаро муносабатлари доим мураккаб бўлган. Истеъмолчилар учун бу УКХдаги энг муаммоли идора бўлса ажаб эмас. Газчиларни қонунга риоя этишга даъват қилиш, истеъмолчилар у ёқда турсин, назорат органлари учун ҳам мушкул иш. Йилнинг дастлабки 3 ойи статистикаси ортиб, томонлар муносабатларидаги жиддий муаммолардан далолат бермоқда.

 

Cалмоқли тўловлар тўланмаслиги cоҳа корхоналарининг самарали ривожланишига имкон бермаяпти, албатта. Уларни сўндириш мақсадида газ етказиб берувчилар имкони борича барча усулларни ишга солиб, кўпинча қонун ҳужжатларини писанд қилмай, муаммони инсофли тўловчилар зиммасига юклаб қўя қоляптилар. «Қарз йўқми – топамиз!» ёндашувидан келиб чиқяптилар. Йилдан йилга асоссиз қарзларни ҳисоблаб ёзишнинг янги чизмаларини кашф этишда анча муваффақиятга эришганларини қайд этиш лозим. Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов бу ҳақда батафсил ҳикоя қилади.

– Агар абонент базасига назар ташласангиз, бугун истеъмолчиларнинг қарийб 100%и туман газ таъминоти ташкилотлари (бундан кейин – тумангаз) олдида қарздорлар. Бу ҳолатни англаш мушкул, лекин аслида ҳам шундай. Агар инсофли тўловчи бўлсангиз ва қарзингиз йўқлиги ҳақида маълумотнома керак бўлиб қолса, буни узоқ исботлашга тўғри келишига тайёр туринг. Қарзингиз йўқлигини тасдиқловчи маълумотномани олдингиз дейлик. Бир-икки соат ўтгач ёки эртаси куни эса, компьютер қаршисида бошқа оператор ўтирганда қарзингиз борлигини маълум қиладилар. Маълумотлар базасида ўлда-жўлда ҳисоб юритилган, газчиларни уни тартибга солишга ундай олмайсиз.

Муаммо устида анчадан буён бош қотирамиз. Гап нимада? Такомиллашмаган дастур, билимсиз операторлар, етказиб берувчининг найрангларими? Масалан, абонент ҳисоблагичга қараб тўлайди. Маълумотлар базасида ҳисобга олиш асбобига кўра реал истеъмол ва яшовчилар сони, газ ускуналари миқдоридан келиб чиқиб истеъмол қилиш нормаси ҳақида ахборот бор. Моҳиятан олганда, бу устун газ истеъмолини таҳлил қилиш мақсадида киритилган. Кўпинча ҳисобланмалар ҳисоблагич кўрсаткичларига биноан эмас, истеъмол нормасига қараб қилинади. Ёки бундан ҳам ўтиб тушадилар: аввал ҳисоблагичга биноан, кейин эса норматив бўйича ҳисоблайдилар. Биттагина «лекин»ини айтмаса, бу техник хато эканлигига ишонгинг келади. Истеъмолчи судга ёки Қўмитага мурожаат этиши, ҳисоблаб ёзилган қарз асоссизлигини исботлаши мумкин. Далилларни ўрганиб ва қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаб, етказиб берувчига кўрсатма берамиз, материалларни прокуратурага топширамиз. Афсуски, асоссиз қарзни қайта ҳисоблашга эришиш жуда мушкул.

Охирги пайтда газ етказиб берувчилар 5–10 йиллик қарзларни кўрсата бошладилар. Даъво қилиш муддати (3 йил) мавжуд, албатта. Фуқаролик кодексининг 149-моддасига мувофиқ, бу истеъмолчи ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Бироқ уларнинг кўпчилиги газчилар билан судлашишга шошилмайди. Афсуски, истеъмолчиларимизда ўз манфаатларини судда ҳимоялаш маданияти йўқ. Уларнинг ниманидир исботлашлари ҳам қийин.

Ҳисоблагичларни қиёслашга келсак, умуман олганда масала ечимини топди. Истеъмолчиларнинг кўпчилиги уни ўтказиш зарурлигини биладилар. Етказиб берувчилар уларга қиёслашлар оралиғидаги интервал ўтаётганлигини эслатиб турадилар. Бироқ у ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотларни ахборот базасига киритиш муаммоси аввалгидек ечилмай қоляпти. Агар истеъмолчи ушбу жараённи ўзи назорат қилмаса, қиёслаш ўтказилмаганлиги учун ҳисоблаб ёзишлари аниқ. Тағин абонентларни хабардор қилмаган ҳолда уларни бир неча йил учун тақдим этадилар, бу ҳам қонунбузарликдир. Бунинг устига маълумотлар базасига ахборот бериш – тумангаз ходимларининг иши. Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 27-бандида назарда тутилишича, тумангаз ходими қиёслашдан сўнг ҳисоблагични ўрнатишдан олдин сертификатнинг мавжудлигини текширади. Истеъмолчи маълумотлар базасига ахборот киритилиши учун газчига унинг нусхасини тақдим этиши керак. Бироқ етказиб берувчининг вакиллари буни бир қилиб, бир қилмайдилар. Ана шунда ҳаммаси чаппасига кетади. Тумангаз ходими буни қилишни унутса, айби учун ҳеч қандай жавоб бермайди. Истеъмолчи эса, аксинча, вақтини кетказиб, навбат кутиб, маълумотномаларни тўплаб, ҳеч қандай қоидабузарлик қилмаганлигини исботлаши керак.

Сўнгги пайтда газ таъминоти ташкилотлари ходимлари газ истеъмоли ҳақини тўлашнинг белгиланган муддатларини ўтказганлик учун ҳисоблаб ёзишни бошладилар. Уй-жой кодексининг 134-моддасига мувофиқ, коммунал хизматлар ҳақи ҳар ойда, ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўланиши керак. Шу муддатда коммунал хизматлар учун тўловлар тўланмаган тақдирда жисмоний шахслар кечиктирилган ҳар бир кунга 0,1% миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар. Шунча йил давомида кимгадир пеня ҳисобланган, кимгадир – йўқ. Ҳозир тумангаз идоралари газ истеъмоли ҳақини тўлаш муддатларини таҳлил қилиб, ҳатто 1–2 ой муддатни ўтказганлик учун бир неча йилга кейинги сана билан пеня ҳисоблай бошладилар. Кўпчилик истеъмолчилар улардан пеня ундирилган-ундирилмаганини исботлай олмайдилар – узоқ вақт ўтган, квитанциялар сақланиб қолмаган. Етказиб берувчилар учун бу айни муддао. Аванс тўловларига ҳам шундай ёндашилмоқда.

Ҳисоблагичсиз газ ҳақи тўланганда вафот этганига анча бўлган оила аъзосига ҳисобланмалар эвазига қарз юзага келиши мумкин. Бунда абонент етказиб берувчига ўз вақтида ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этган бўлади, у эса базада йўқ бўлиб чиқади. 5–10 йилдан кейин эса аллақачон ҳаётдан кўз юмган оила аъзоси учун қарз ҳисоблангани ҳақида билдиришнома олади. Буни оила таркибидаги ўзгаришларни абонент базасига ўз вақтида киритмаган газчиларнинг ишга совуққонлиги ёки иш бериб қолар қабилида атайин қилинган иш деб қабул қилиш мумкин. Нима ҳам дейсиз, буни ақлга сиғдириш қийин...

Ёки киши квартира сотиб олиб, уни расмийлаштиради, етказиб берувчи билан шартнома тузади. Хотиржам яшаб, газ ҳақини тўлайди, шунда аввалги уй эгасининг катта қарзи борлиги ҳақида билдиришнома келади, нимагадир янги мулкдордан уни тўлашни талаб қиладилар. Нега у тўлаши керак? Ахир кўчмас мулк олди-сотдисида нотариусга қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома тақдим этилади, янги уй эгаси квартиранинг аввалги соҳиби қарзлари учун жавоб бермаслиги керак. Демак, аввалги эгасининг қарзи бўлган, у маълумотномалар берувчи ходим билан «келишган». Охир-оқибат қарз юзага қалқиб чиққан. Бунинг учун аввалги мулкдор ва тумангазнинг беғам ходими жавоб беришлари керак. Ана ўшаларни сўроққа тутиш лозим. Бунинг учун нотариусга тақдим этилган маълумотномани кўтариш, уни ким берганига қараб, квартиранинг янги эгасига эмас, ўша ходимга даъво билдириш ўринли. Айбсиз мулкдорга нисбатан жазо чоралари қўлланади. Соғлом фикрга, барча норма ва қоидаларга зид иш кўришда давом этилади.

Ҳисоблагичларни ўз вақтида кўздан кечирмайдиган, ахборот базасидаги маълумотларга тузатиш киритмайдиган газчиларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги туфайли ҳисобланмалар чалкаш бўлади. Маълумотлар базасини йўлга қўйиш: қарзларни асосли равишда ҳисоблаш, қалбаки эмас, реал ҳисобланмаларни юритиш керак дея уларга неча марталаб мурожаат қилганмиз. Барибир парво қилмайдилар.

Коммунал хизматлар учун қарзлар оммавий тартибда суд буйруқлари асосида, судлар тўламаслик сабабларини аниқламаган шароитда ундирилади. Тўғри, тўламайдиганлар билан курашиш зарур. Бироқ улар орасида қалбаки қарзи бўлган истеъмолчилар ҳам бор.

Коммунал хизматларни етказиб берувчилар истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган қарз суммасини қайтармоқдалар. Жорий йилнинг I чорагида Қўмита томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижалари юзасидан истеъмолчиларга коммунал хизматлар учун қайта ҳисоб-китоблар қилинган ва 800 млн сўмга яқин маблағ қайтарилган.

 

Кескинлик камайди

Электр таъминотига келсак, истеъмолчилар ва етказиб берувчилар орасида бундай кескинлик кузатилмайди. Шу йилнинг биринчи чорагида электр таъминоти соҳаси устидан шикоятлар 18,9%ни (250) ташкил этди. Назоратчилар электр ҳисоблагичларни мунтазам кўздан кечириб, кўрсаткичларни солиштирмоқдалар. Бироқ текширувчиларнинг ҳисобга олиш асбобларидан пломбаларни узиши муаммоси ҳал этилмаяпти, бу ҳақда «Норма маслаҳатчи»нинг 9.03.2014 йилдаги 9-сонида («Ҳисоблагич пломбаси шикастланган. Айб кимда?») сўз юритганмиз. Шу сабабли айрим истеъмолчилар уларни квартирага ўтказа бошладилар, бироқ етказиб берувчилар йўлакка қайтариб қўйишни талаб қиладилар. Уларга шуниси қулай. Ҳисоблагич қаерга ўрнатилиши кераклигини аниқ тартибга солувчи ҳужжат йўқ. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) 98-бандида айтилишича, зинапоя майдончаларида ўрнатилган электрни ҳисобга олиш приборларининг сақланиши ва бутлиги учун ХУМШ ҳамда уй-жой тасарруфида бўлган идора жавоб беради. Бироқ электр ҳисоблагичи ХУМШ аъзоларининг умумий мол-мулки эмас, балки квартира соҳибларининг хусусий мулки. Нима сабабдан улар учун ширкат жавоб бериши керак?

Кучланишнинг ўзгаришига дахлдор саволлар ҳал этилмаганича қолмоқда. Бу соҳада қиёслаш билан боғлиқ муаммолар йўқ деса ҳам бўлади. Бирин-кетин электрон ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда, улар Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭИҲНАТ) уланмоқда. Фуқаролар улар кимнинг ҳисобига алмаштирилиши билан қизиқмоқдалар. Қоидаларнинг 103-бандида назарда тутилишича, эскилари ўрнига ЭИҲНАТга уланадиган янги ҳисобга олиш приборлари ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳисобига ўрнатилади. ВМнинг 1.11.2013 йилдаги 295-сон қарори 2-бандида ҳам айтилишича, алмаштириш ва замонавий электрон приборларни ўрнатиш «Ўзбекэнерго» ДАКнинг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Алмаштириш жадвалга кўра амалга оширилмоқда. Бунда эски ҳисоблагич жойида ва соз ҳолатда бўлиши керак, акс ҳолда истеъмолчи электрон ҳисоблагични ўз ҳисобидан сотиб олишига тўғри келади.

 

Мурожаатлар сони камайди

Жорий йил I чорагида иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича истеъмолчиларнинг мурожаатлари камайди. Улар 3,7%ни (43) ташкил этди ва квартиралар иситилмаслиги; бир нечта қарздорни деб инсофли тўловчиларга азият етказган ҳолда бутун уйда иссиқ сувнинг ўчирилиши; квартирада яшамайдиган фуқароларга асоссиз ҳисобланмалар (иссиқ сувни ҳисобга олиш прибори бўлмаганда) ва ҳ.к. билан боғлиқ.

Бугун иссиқлик таъминоти соҳаси улкан ислоҳотлар бўсағасида турибди. Яқинда Президентнинг «2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори (20.04.2017 йилдаги ­ПҚ-2912-сон) қабул қилинди. Ҳужжат соҳанинг истиқболдаги магистрал йўналишини белгилади. Устувор вазифалар қуйидагилардир – энергия ва ресурсларни тежайдиган янги технологиялар ва ускуналарни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этиш. Энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш йўли билан номарказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш. Ҳисобга олишни ташкил этиш, истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти хизмати ҳақини ҳисоблаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш ва ҳ.к. Бу соҳа корхоналари самарадорлигини ошириш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини яхшилаш имконини беради. Кўп йил давомида квартиралар ичида иссиқлик таъминоти тизимлари ўрнатилишини ёқлаб чиқдик. Ўшанда норматив база, молиявий-техник имкониятлар мавжуд бўлмаган. Ҳозир соҳа ривожи учун очиқ йўл. Ўзгаришларни кутяпмиз.

ХУМШ билан боғлиқ катта муаммолар мавжуд. Уларнинг аксарияти мажбуриятларини бажармайди, қўл учида ишлайди, уй аҳли маблағлари очиқ-ойдин сарфланишини таъминламайди. Бу кўп квартирали фонднинг техник ҳолатида акс этади. Уйларни мукаммал таъмирлашга имтиёзли кредитлардан мақсадсиз фойдаланиш далиллари учрамоқда. Масалан, у мукаммал таъмирлаш мақсадида олинади, аслида жорий таъмирлаш ўтказилади. Ёхуд йўлакларни таъмирлашга қарз маблағлари олинади. Икки қавати таъмирланиб, қолганлари қолиб кетади. Афсуски, уй аҳли бундай ҳолатларни лозим даражада назорат қилмайди. Ахир уйлари ҳақида ўзлари қайғуришлари лозим. Маблағлари самарали сарфланишидан ўзлари манфаатдорлар. Кўп фуқароларнинг умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар юзасидан қарзлари бор. Бу ХУМШ нормал ишлашига имкон бермайди. Ширкат қарзларни фаолроқ ундириши, суд қарорлари бажарилишини талаб қилиши даркор.

Аммо, умид қиламизки, қайд этилган камчиликлар бартараф этилади. Зеро, яқинда 2017–2021 йилларда УКХ соҳаси бошқарувини, кўп хонадонли уй-жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришга доир ҳужжатлар қабул қилинди. Улар соҳадаги аҳволни тубдан яхшилашга қаратилган.

 

 

УКХ ҳужжатлари

 

Янги вазирлик иш бошлади

 

Ниҳоят, ниятимиз рўёбга чиқди! Уй-жой-коммунал хўжалиги ўз Вазирлигига эга бўлди. Президентнинг 2017 йил 18 апрелдаги Фармони билан қудратли тузилма – ЎзР Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Уйжойкомхизмат вазирлиги) ташкил этилди.

 

Унинг ташкил этилишини қуйидаги зарурат тақозо этди:

 УКХ соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

 кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

 уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш;

 кўп хонадонли уйларни сақлаш талабларига риоя этилиши устидан техник назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш;

 ХУМШнинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш.

Унинг тузилмасида Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари туманлардаги (шаҳарлардаги) бўлимлари билан ташкил этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилиши билан уй-жой соҳасида тартиб ўрнатилишига кўп умид боғланмоқда.

Вазирлик ҳузурида «Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК ва унинг ҳудудий филиаллари фаолият юритади.

Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги «Коммунхизмат» агентлиги этиб қайта ташкил қилинади. Унинг зиммасига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида халқаро молия ташкилотлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари юклатилади.

Вазирлик ҳузурида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси тузилмоқда.

Президентнинг «2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида» (20.04.2017 йилдаги ПҚ-2912-сон) ва «2017–2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон) қарорларининг қабул қилиниши уй-жой соҳаси учун яна бир муҳим жиҳат бўлди. Ушбу ҳужжатларга мутахассислар тайёрлаган шарҳлар мавзувий соннинг кейинги сонларида чоп этилади.

 

 

Коммунал хизматлар учун ушланмалар – ходимнинг ёзма розилиги билан

 

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УК Тошкентдаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларига ходимларининг иссиқлик таъминоти (иссиқ сув ва иситиш) хизматлари учун қарзини қоплашда кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилди. «Кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун аҳолининг улкан қарзи энергия ресурслари етказиб берувчи олдида ўз вақтида тўлиқ ҳажмда ҳисоб-китоб қилиш, бюджет олдидаги солиқ мажбуриятларини ижро этиш имконини бермаяпти», – дейилади teploenergo.uz сайтидаги мурожаатда.

 

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УК маълумотларига кўра 2017 йил 1 апрелдаги ҳолатга кўра аҳоли иссиқлик энергияси етказиб берувчиларга 96 млрд сўм атрофида қарз бўлиб қолган. 2016 йил билан солиштирганда қарзлар атиги 8%га камайган.

Ташкилот ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартибини Низом (АВ томонидан 15.05.2001 йилда 1031-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгилайди. Умуман олганда, бу аҳолига тақдим этиладиган коммунал хизматлар ҳақини тўлаш усулларидан бири бўлиб, кимгадир жуда қулай ва манзур бўлиши мумкин. Тўловчилар танлаш ҳуқуқига эга. Бироқ илгари амалиётда Низом билан белгиланган тартиб бузилиши ҳоллари учраган. Масалан, айрим ташкилотларда ходимлардан коммунал тўловлар бўйича қарзлари йўқлиги ҳақида маълумотномаларни ва тўлов ҳужжатлари нусхаларини тақдим этишни талаб қилганлар. Акс ҳолда иш ҳақини тўламай, бўшатиб юборишларини айтиб пўписа қилганлар, тўламаганларнинг иш ҳақидан бир қисмини қарзни қоплаш ҳисобига автоматик равишда ушлаб қолганлар.

Белгиланган тартиб бузилишига йўл қўймаслик учун Тошиссиққуввати корхоналар томонидан ходимлардан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш қоидаларини эслатади.

Низомнинг 8-бандига кўра, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналарнинг раҳбарлари: ўз ходимлари ўртасида иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан коммунал тўловларни тўлаш тартиби ва имкониятлари тўғрисида тегишли тушунтириш ишини доимий равишда ўтказишлари; ўз ходимлари ёзма равишда мурожаат қилганида тегишли ҳисоб-китобларни бажаришлари, коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланадиган суммаларни аниқлашлари; маблағлар коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўтказилганидан кейин иш ҳақидан ушланма амалга оширилган ходимга коммунал тўловлар тўланганини тасдиқлайдиган, корхона бош бухгалтери имзо чеккан ҳужжат топширишлари керак.

Ушбу маблағларнинг коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўз вақтида ўтказилиши учун корхоналарнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари шахсан жавобгар бўладилар (Низомнинг 9-банди).

Бирлашма ҳар ойда ходимларнинг Ф.И.О., яшайдиган тумани, манзили, жойи, квартиранинг шахсий счётини (11 та рақамли) кўрсатган ҳолда рўйхатларини тақдим этишда уларда мавжуд қарз тўғрисидаги маълумотларни қайд этади. Ходимларнинг рўйхатини электрон кўринишда (MS Excel форматида бўлгани маъқул) personal1031@teploenergo.uz e-mail манзилига жўнатиш мумкин. Маълумотлар учун телефон: 245-39-06.

Бироқ бир жиҳат савол туғдиради. Хабарда айтилишича, «иш берувчининг ходимлари тўғрисидаги маълумотлар долзарб бўлиши учун ташкилот тизимли асосда ҳар ойда «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКга ходимлари ҳақидаги маълумотлар ўзгарганини (ишга қабул қилингани, ишдан бўшатилгани, манзили ва шахсий счёти ўзгарганини) хабар қилиши керак». Бунда ихтиёрий равишда, ёзма мурожаат асосида коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида тўлашга қарор қилганлар ҳақида сўз бораётган кўринади. Акс ҳолда – яна ўша ҳолат такрорланади.

Марказий банк ва Молия вазирлиги Низомга ўзгартиришлар киритдилар (АВ томонидан 13.04.2017 йилда 1031-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Уларда назарда тутилишича, ходим коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисидаги аризада ўз шахсий счёти, коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари, ушлаб қолиш зарур бўлган даврни ҳам кўрсатиши керак. Ушланманинг умумий миқдори ходимга тўланиши лозим бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ошмаслиги керак.

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Домофон учун ҳақ тўлашни истамайман

 

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида уй аҳлидан кимдир уйда домофон ўрнатишни таклиф қилди. Кўпчилик бунга рози бўлиб, овоз берди. У қарийб 1,5 млн сўмга тушади, айни пайтда ўз ечимини кутаётган муҳимроқ муаммоларимиз бор. Мен қарши овоз бердим, бироқ умумий йиғилиш қарорини бажаришим шартлигини айтдилар. Ўрнатилиши мажбурий бадал миқдори ошишига олиб келадиган домофондан воз кеча оламанми?

В.Бурҳонова.

 

– ХУМШ уй-жой фондини биргаликда бошқариш ва уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкидан фойдаланишни таъминлаш учун ташкил этилади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддаси). Жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шарт (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддаси).

Эслатиб ўтамиз:

кўп квартирали уйнинг умумий жойлари (масалан, холл, арава қўйиладиган жой, ахлат камералари хоналари ва ҳ.к.);

таянч ва тўсиқ конструкциялар (балконлар, пешайвонлар деворлари, тўсиқлари, конструкциялари, фасадларнинг ойнаванд жойлари);

квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар;

зинапоялар (йўлакдаги, ташқи, бинога кириш жойлари);

лифтлар;

лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар (масалан, вентиляцион);

даҳлизлар;

техник қаватлар;

ертўлалар;

чордоқлар ва томлар;

уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари;

жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 28-моддаси).

Бироқ домофон ХУМШ аъзоларининг умумий мулки ҳисобланадими? Бу низоли масала. Бир томондан, бу – биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатувчи, ободонлаштириш, яшаш шароитини яхшилаш элементи. Бошқа томондан – усиз яшаш мумкин, уйнинг техник ҳолати, уй-жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бундан азият чекмайди.

Домофонга якка тартибда фойдаланиш учун мўлжалланган мулк деб қараш мумкин. У уй-жой фаолият юритиши учун зарур эмас, бу умумий мулкка мансубликни белгилашда таянч тушунча бўлиб хизмат қилади. Агар уни ўрнатиш мажбурий бўлмаса, масала фақат уй аҳли хоҳишига кўра ҳал этилади.

Шу сабабли домофон ўрнатишга ХУМШ аъзоларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, бу қаршилик билдирган турар жой мулкдорлари зиммасига мажбурият юкламаслиги керак. Киши квартирада жиҳоз ўрнатилишидан воз кечишга ҳақли, ундан қўшнилари фойдаланишига бу таъсир қилмайди.

Бундай ҳолда қаршилик билдирганларнинг мажбурий бадалидан домофон сотиб олиш, ўрнатиш ва унга хизмат кўрсатиш харажатлари чиқариб ташланиши керак. Ширкат аъзолари бадаллари миқдорини тегишинча камайтириш ҳақида ХУМШга ариза ёзишлари керак.

Домофонни қурувчи кўп квартирали уйни қуриш чоғида ўрнатган, у лойиҳада назарда тутилган ва унга мувофиқ умумий мол-мулк рўйхатига киритилган, уй фойдаланишга топширилганда қабул қилинган бўлса, бошқа гап. Акс ҳолда – бу уни сотиб олишда қатнашган айрим мулкдорларнинг мулки. Агар улар ширкатга уни сотиб олиш, ўрнатиш ва унга хизмат кўрсатиш ваколатини берган бўлсалар, ХУМШ етказиб берувчи билан шартнома тузади, бунинг барча харажатларини айни шу мулкдорлар кўтаради.

Домофонга қарши овоз берган мулкдорлар ушбу жиҳоз ўрнатилган эшикдан бепул ўтиш ҳуқуқига эгалар. Бунинг учун уларга қўшимча тўловсиз калитлар берилиши керак.

 

 

Келишамиз ёки хизматни буюртирамиз

 

Мен йўлакбоши этиб тайинланганман. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида йўлакбошилар йўлакларнинг тозалигини кузатишларига қарор қилинди. Йўлакда 12 та квартира бор. Уларнинг тўққизтасида ижарага олувчилар, учтасида эса кекса кишилар яшайди. Ижарага олувчилар жой мулкдорлари эмас, вақтинча яшовчи сифатида тегишинча муносабатда бўладилар. Йўлакда озодаликни сақлашни истамайдилар. Аксинча, улар орқасидан тозалаб улгурмаймиз. Бир қарасанг, ё қоғоз, ё сигарета ташлаб кетган бўладилар, ҳамма ёқни писта пўчоғи билан ивирситадилар. Йўлакларни ким тозалаши керак, қонун ҳужжатларида бу масала қандай тартибга солинган? Ижарага олувчиларни тозаликка риоя этишларига қандай мажбурлаш мумкин?

А.Мансурова.

 

Кўп квартирали уйнинг умумий жойлари, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, даҳлизлар, техник қаватлар ҳам умумий мол-мулк рўйхатига киритилган (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 28-моддаси).

Агар ширкат уй-жой фондини биргаликда бошқариш, уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, умумий мол-мулкдан фойдаланишни таъминлаш учун ташкил этилса (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддаси), кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлашга доир талаблар йўлакларга ҳам тааллуқли.

Ижарага олувчилар умумий фойдаланиладиган жойларни, шунингдек йўлак ва зина майдончаларини озода ва тартибли сақлашлари шарт (Қоидаларнинг 4, 11-бандлари, ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон қарорига 3-илова). Умумий фойдаланиладиган жойларда тозалаш бўйича навбатчилик барча мулкдорларнинг (ижарага олувчиларнинг) ўзаро келишувига кўра белгиланади (Қоидаларнинг ­19-банди). Яъни йўлакларни тозалаш – жамоанинг масъулияти.

Агар ижарага олувчилар уларда тозаликни сақлашдан бош тортаётган бўлсалар, умумий мол-мулкни сақлаш учун масъул бўлган квартира мулкдорига мурожаат қилиш мумкин.

Амалиётда йўлакларни тозалаш масаласи қуйидагича ҳал этилади: уй аҳли уни жадвалга биноан ўз кучи билан тозалайди ёки бунинг учун кимнидир ёллаб, ўз ҳамёнидан ҳақини тўлайди.

Тўғри, йўлакларни тозалашни ширкатга ёки бошқарувчи компанияга топшириш мумкин. Бироқ бунда ушбу иш бажарилишини сметага киритиш керак бўлади, бу мажбурий бадал миқдори оширилишига олиб келади.

 

 

Интернет-товламачилик

 

Эҳтиёт бўлинг: «Энергогербалайф»

 

Интернет тўлиб кетган шубҳали шов-шувларга содда фуқаролар кўпинча лаққа тушадилар. Доим ҳам булар оддий машмаша ва товламачилик эканлигини тушуниб етмайди киши. Улардан бири, синчиклаб қаралса, бизга Россия ҳудудларидан келиб қолган. Бу энергия тежовчиларнинг ноҳалол рекламаси бўлиб, у Интернетда тўлиб-тошган. Сотувчилар уларни «мўъжиза асбоблар» деб тасвирлашади: гўё улар электр қувватини 50%гача тежайди, электр асбобларнинг хизмат қилиш муддатини узайтиради ва ҳоказо. Бир сўз билан айтганда, «энергогербалайф». Нима эмиш – сотиб олсангиз, бахт қушининг ўзи елкангизга қўнармиш. Реклама чақириғи янада ишончли бўлиши ва истеъмолчиларга таъсир кўрсатиши учун унинг муаллифлари қойилмақом сюжетга эга бўлган афсона ҳам тўқишган ва уни бизнинг воқелигимизга мослаштириб, ҳатто унга миллий колорит бағишлашган. Шундай бўлса-да, бу мўъжизакор асбоб ортидан қувишга ҳеч ким шошилаётгани йўқ. У фақат кишини кулдириши мумкин, холос...

 

«Шов-шув» муаллифлари дарҳол ташаббусни қўлга олишга қарор қилиб, гўё ФАС (!) (Россиянинг монополияга қарши федерал хизмати) «Ўзбекэнерго» ДАК компаниясига «ўзбошимчалик ва мижозларни ғайриқонуний талаблар» билан қўрқитганлик учун оз эмас-кўп эмас, нақ 10 млрд сўм (!!!) жарима солганлигини хабар қилдилар. Бунда ҳатто бир давлатнинг идораси қандай қилиб бошқа давлатнинг идорасига жарима солиши мумкинлиги тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмадилар. Тўқимага кўра бундан олдин бир тошкентлик киши Интернетдан энергияни тежовчи асбобнинг рекламасини топган. Ўзига дарҳол ундан иккитасини буюртирган. Гўё кейинги ойдаёқ электр қуввати учун харажат 2 баравар камайган.

Бироқ унинг қувончи узоққа чўзилмади. Гўё «Ўзбек­энерго» ДАКнинг асбобдан фойдаланишни тўхтатиш ва бошқалар каби истеъмол ҳақини тўлаш талаб қилинган хати қувончини йўққа чиқарган. Ана шунда ҳуқуқлари камситилган фуқаро гўё прокуратура ва ФАСга мурожаат қилган, улар мазкур далилни текшира бошлаган. Бунда, воқеа баёнидан маълум бўлишича, истеъмолчи миллий компаниядан шундай хат олган ва ҳуқуқлари камситилган бирдан-бир киши эмаслиги аниқ бўлди.

Охир-оқибатда «адолат» тантана қилди. ФАС гўё «Ўзбекэнерго»га 10 млрд сўм жарима солган. 5 млрд сўм гап-сўзларга кўра давлат бюджетига ўтказилган, қолган 5 млрд сўмни жабрланувчилар ўзаро бўлишиб олишган. Бунда «инновацион техника мўъжизаси»ни тарқатувчилар ҳатто Россия идораси (ФАС) номини миллий номга алмаштиришни ўзларига эп кўрмаганлар.

Ушбу воқеада ўз сўзининг ишонарли чиқиши учун «Тошкент адвокатлик ҳайъати»нинг «адвокати» фикр билдирди. Гўё энергетика компаниялари «мўъжиза асбоб» рекламасига йўл қўймасликка ҳаракат қиляптилар. Улар фуқаролар унинг ёрдамида электр қувватини тежашга ва 2 баравар кам ҳақ тўланишига ҳар томонлама қаршилик кўрсатганлар. Уни харид қилганларни қўрқитганлар. «Адолатли» жазо олган амалдорлар тўғри жазоланган эмиш.

Кутилаётган якунловчи хулоса шуки, энергия тежовчини кўрсатилган манзилдан имкон борича тезроқ харид қилиш керак. Ҳозир чегирма амал қиляпти экан, тез орада электр қуввати нархлари ошиши керак ва асбоб қимматлашади.

Тушунтириш сўралиб мурожаат қилинган мутахассислар бизда бундай асбоблар сертификатланмаганлигини маълум қилишди. Техник томонларини-ку қўйиб турайлик, маиший истеъмолчиларда улардан электр қувватини тежаш амалда юз бермайди. Ахир, реклама электр истеъмолини 50%га қадар пасайтиришни ваъда қилганди-ку. Аксинча, унинг сарфи ҳатто анча-мунча кўпайиши мумкин. Фойдага фақат сотувчилар эга бўладилар, улар ана шу арзон хитой буюмларини арзимаган нархларда сотиб оладилар, хабари бўлмаган истеъмолчиларга эса ўн карра қимматга сотадилар. Ҳақиқатан электр қувватини эса ҳамёнбоп ва арзон воситалар билан тежаш мумкин.

 

Турмушда электр қувватини тежашнинг 12 усули

 

1. Хонадан чиқаётганда чироқни ўчиринг.

2. Афзалликни умумий, яъни «марказий» лампаларга эмас, балки локал чироқларга беринг. Кечқурун ўқиш учун девор шамдондан фойдаланиш тавсия этилади. Ошхонада стол усти лампасини ўрнатган маъқул.

3. Чўғланма лампаларни энергия тежовчи лампалар билан алмаштиринг. Бироқ лампалардан узоқ вақт фойдаланиладиган хоналардагина уларни алмаштириш мақсадга мувофиқдир. Ваннахона, ҳожатхона, омборхона, балконда энергия тежовчи лампаларга зарурият йўқ.

4. Агар электр асбобларидан узоқ вақт фойдаланилмаса, уларни ўчиринг. Техникани «кутиш режими»да ушлаб туриш учун электр қувватининг харажатлари, озгина бўлса ҳам мавжуд.

5. Харид чоғида электр асбоблари ва маиший техниканинг энергия самарадорлиги даражасига эътибор қаратинг. А даражадаги асбоблар энг тежамлидир.

6. Кийимларни 300С ҳароратда тез-тез ювинг. Агар 400Сдаги кир ювиш харажатлари билан таққосласак, электр қувватини тежаш қарийб 40%ни ташкил этади. Кир ювиш машинасини нормадан кўп ёки кам юклаш ҳам электр қуввати сарфининг кўпайишига олиб келади.

7. Совуткич учун жойни тўғри танланг. Совуткични хонанинг ташқи девори яқинига қўйиб, унинг ишида сарфланадиган электр қувватининг қарийб 20–30%ини тежаш мумкин. Совуткич ошхона плитаси, батерея билан ёнма-ён ёки қуёш тиғида турмаслиги керак.

8. Тайёрланган таомни совуткичга қўйиш олдидан у совутилган бўлиши ва совуткич эшиги зич ёпилганини кузатинг.

9. Совуткични муздан тез-тез туширинг. Ички деворлардаги муз унинг энергия истеъмолини анча кўпайтиради.

10.     Ошхона (электр) плитасини таом тайёрлаш тугалланишига бир неча дақиқа қолганда, дазмолни эса – кийимни дазмоллаб бўлишдан бир неча дақиқа олдин ўчиринг. Турмушда электр қувватини электр асбобларнинг қолдиқ иссиқлигидан фойдаланиш ёрдамида тежаш анча самаралидир.

11.     Электр чойнакда сувни эҳтиёжга қараб қайнатинг.

12.     Агар электр қувватидан квартирани иситиш (ёки совутиш) учун фойдалансангиз, эшик ва деразаларнинг мустаҳкам иссиқлик изоляцияси тўғрисида қайғуринг, квартирадан иссиқлик чиқиб кетишига йўл қўйманг.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1994 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика