Мен бошловчи ҳайдовчиман. Кўпинча светофорнинг милтилловчи яшил чироғига тўқнаш келиб қоламан. Бу ишорада ҳаракатланиш мумкинми? Қандай ҳолларда светофорнинг сариқ ишорасида ўтиш мумкин? «Йўналтиргич» ишораси чорраҳада ҳаракатланиш чоғида имтиёз берадими?
А.Стасина.
Тошкент ш.
– Йўл ҳаракати қоидаларининг (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган) 31-бандига мувофиқ, яшил ишора ҳаракатланишга рухсат беради; милтилловчи яшил ишора ҳам ҳаракатланишга рухсат беради ва унинг таъсир вақти тугаётганлиги ҳамда кўп ўтмай тақиқловчи ишора ёниши ҳақида ахборот беради.
Сариқ ишора ҳаракатни тақиқлайди, Қоидаларнинг 42-бандида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари, ва ишоралар алмашуви ҳақида огоҳлантиради.
Сариқ ишора ёнганда, ЙҲҚнинг 41-бандида назарда тутилган жойларда (чорраҳада, темир йўл кесишмаси олдида, бошқа жойларда – светофор ёки тартибга солувчининг олдида, ҳаракатланишига рухсат берилган транспорт воситалари ва пиёдаларга халақит бермаган ҳолда), кескин тормоз бермасдан тўхташга улгура олмайдиган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига ҳаракатни давом эттиришга рухсат этилади.
Бундан ташқари, светофорнинг қизил ёки сариқ ишораси билан бир вақтда ёнган қўшимча тармоқнинг йўналтиргичли яшил ишораси йўналишида ҳаракатланаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси бошқа йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.
ЎзР ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.