26.12.2016 йилдаги ЎРҚ-416-сон Қонун («Норма маслаҳатчи»нинг 1-сонида чоп этилган) билан Жиноят кодексига транспорт воситаларини олиб қочганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи тузатишлар киритилди. Қонун 27.12.2016 йилдан кучга кирди.
Ўзгартишлар автотранспорт воситасини олиб қочганлик учун санкцияларга тааллуқли (ЖКнинг 267-моддаси). Энди ушбу жиноятни содир этганлик 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Илгари 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилар эди.
Ўша ҳаракат такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб; транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида ўғирлик ёки талончилик йўли билан содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракат ўта хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ томонидан; транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида босқинчилик йўли билан содир этилган бўлса, 15 йилдан 20 йилгача (илгари – 5 йилдан 15 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Олег Заманов,
«Norma Online» эксперти.