Лизинг компаниясини ташкил этиш учун лицензия керакми? Агар керак бўлса, устав капитали учун энг кам миқдор белгиланганми? Қаерга ва қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилиш лозим?
О.Каримов.
– Лизинг фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олиш талаб этилмайди (Рўйхат, ОМнинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарорига 1-илова).
Қонун ҳужжатларида лизинг компанияларининг устав фонди миқдорига доир алоҳига талаблар белгиланмаган. Бироқ корхонангизнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгилаб олишингиз зарур. Масалан, жамият устав фондининг энг кам миқдори уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра ЭКИҲнинг 40 бараваридан кам бўлмаслиги лозим («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси). Акциядорлик жамияти учун эса – у давлат рўйхатидан ўтказилган санада ЎзР МБнинг курси бўйича 400 000 АҚШ долларига тенг суммадан камни ташкил этмаслиги керак («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси).
Корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун туман ҳокимлиги ҳузуридаги «ягона дарча» марказига қуйидаги ҳужжатларни (шахсан келиб, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали) тақдим этиш лозим:
♦ белгиланган шаклдаги ариза (ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 1-илова);
♦ давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг 2 асл нусхаси: устав ва таъсис шартномаси (агар муассис битта бўлса, фақат устав тақдим этилади);
♦ давлат божи тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;
♦ фирма номларининг захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль, шунингдек 2 нусхада муҳр ва штамп эскизлари (Низомнинг 11-банди).
Сабоҳат Султонова,
«Norma Online» эксперти.