Norma.uz

Яқинларимизга ғамхўрлик қилайлик

 

● Кириб келган йилнинг илк сонида янги қонун ҳужжатларига шарҳлар берилган. Улар кексаларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий муҳофазасини такомиллаштиришга йўналтирилган.

● Пенсия жамғармаси мутахассисларининг тушунтиришлари газетхонларимизга юзага келган вазиятларни ҳал этишларида ёрдам беради.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Қонунчиликдаги янгилик

 

Яқинларимизга ғамхўрлик қилайлик

 

«Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Қонун (26.12.2016 йилдаги ЎРҚ-415-сон, 28.06.2017 йилдан кучга киради) қабул қилинди.

 

Ижтимоий хизматлар нимани англатади?

Қонунга мувофиқ ижтимоий хизматлар уларга муҳтож шахсга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимга оид, тиббий, реабилитация чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар мажмуидир. Қуйидагилар бундай шахслар сирасига киради:

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;

ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.

Ижтимоий хизматлар шахснинг турмуши сифатини оширишга, унга жамият ҳаётида иштирок этишнинг бошқа фуқаролар билан тенг бўлган имкониятларини яратишга ва (ёки) ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

 

Хизматлар турлари ва уларни кўрсатиш шакллари

Ҳужжат билан ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ва турлари мустаҳкамланган.

Ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари нафақат ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, тегишли органлар ва ташкилотларга юборишни ўз ичига олади, балки барча турда кўмак кўрсатишдан ҳам иборат. Масалан, ишга жойлашишда кўмаклашиш; ҳомийлик ва васийликни белгилашда, фарзандликка олишда, етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбиялашга (патронат), болалар интернати муассасаларига қабул қилишда кўмаклашиш; уй-жой-маиший жиҳатдан жойлашишда ва моддий ёрдам олишда кўмаклашиш. Шунингдек болалар интернати муассасалари тарбияланувчисини оилага қабул қилишга ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни тайёрлаш хизматлари ҳам кўрсатилади.

Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматларга маиший хизмат кўрсатиш, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини, гигиена товарлари ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни харид қилиш ҳамда уйга етказиб бериш киради. Шунингдек овқат тайёрлашда, хоналарни йиғиштириш-тозалашда, шахсий гигиена тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш ҳам киради. Зарур тиббий ёрдам кўрсатилишида кўмаклашиш, тиббий кўрсатмаларга кўра протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Кундузи ва (ёки) қисқа муддат бўлиш муассасаларидаги ижтимоий хизматларга қуйидагилар киради: ижтимоий хизматлар олувчиларга ўзига ўзи хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш ва мўлжал олиш, муомала қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш кўникмаларини, ўқиш ёки меҳнат фаолияти учун зарур бўлган кўникмаларни ўргатиш, шу жумладан реабилитация техник воситаларидан фойдаланишни ўргатиш. Оила аъзоларига ёки бошқа қонуний вакилларига соғлиғининг ҳолатида бузилишлар мавжуд бўлган, ногирон шахсларни парваришлаш, улар билан муомалада бўлиш кўникмаларини ва уй шароитида уларни реабилитация қилиш асосларини ўргатиш ҳам шулар сирасидандир.

Оилага тарбияга қабул қилинадиган етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни олган ота-оналарга ҳам болаларни парваришлаш ва тарбиялаш кўникмалари ўргатилади.

Яна бир шакли – интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматлар. Бундай хизматларга мунтазам равишда парваришлашни таъминлаш, яшаш учун қулай шароитларда маиший хизмат кўрсатиш; биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, диспансер кўригидан ўтказиш, стационарда даволаш, дори воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш киради. Махсус психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек бўш вақтни, клуб ва тўгараклар ишини ташкил этиш ва бошқалар учун имконият ҳам эътибордан четда қолмаган.

 

Хизматлар кўрсатиш тартиби

Қонунда муҳтож шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиб-қоидалари тартибга солинган.

Дастлабки босқичда ижтимоий хизматларга муҳтож шахслар аниқланади. Бу уйма-уй юриш чоғида, жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ахборот асосида ёки муҳтож шахс мустақил равишда мурожаат этганда амалга ошади.

Кейин эса ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тегишли органлар ва ташкилотлар томонидан уларнинг турмуши ҳолатини баҳолаш ўтказилади. Унинг натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилинади. Агар қарор билан шахсни ижтимоий хизматларга муҳтож деб топилган бўлса, у олувчилар рўйхатига киритилади ва унга маслаҳатлар берилади.

Зарур бўлган ҳолларда, ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ишлаб чиқилади ва унда хизматлар шакллари, турлари, уларнинг ҳажми, даврийлиги, бундай хизматлар кўрсатиш шартлари ва муддатлари, шунингдек масъул шахслар белгилаб олинади.

Хизматларни олувчининг турмуш ҳолатида ўзгариш рўй берганда якка тартибдаги дастур қайта кўриб чиқилади.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури қуйидаги ҳолатларда тугатилади:

● олувчининг турмуши ҳолатини енгиб ўтганлиги;

● бундай хизматларни олишни рад этганлиги;

● бошқа яшаш жойига кўчиб ўтганлиги;

● олувчининг вафот этганлиги;

● нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганлиги;

● олувчининг қамоққа олинганлиги;

● оилавий ҳолати ўзгарганлиги оқибатида унинг турмуши ҳолати яхшиланганлиги;

● ижтимоий хизматларни олувчининг яшаш жойида узоқ муддат бўлмаганлиги.

 

Маълумот учун!

16 ёшдан катта бўлган болаликдан ногиронга НАФАҚА у даромаднинг бошқа турларини (иш ҳақи, стипендия, алиментлар ва б.) олишидан қатъи назар ТЎЛАНАДИ.

 

 

«Нуроний» жамғармаси: янги вазифалар ва имкониятлар

 

Президентнинг 28.12.2016 йилдаги ПФ-4906-сон Фармони билан Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси номи Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги «Нуроний» жамғармаси этиб ўзгартирилди.

 

Зарурий ўзгаришлар

Жамғарма зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юкланди:

● фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оқсоқоллар, кекса ёшдагилар ва ногиронларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;

● кексаларнинг ҳаёти даражасини ошириш соҳасида давлат сиёсатининг ғоят муҳим устувор йўналишларини амалга оширишда давлатга кўмаклашиш, пенсияга чиққандан кейин уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, шу жумладан уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини ва давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш;

● кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, ушбу масалада давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашиш, эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, ушбу мақсадларда ишлаб чиқариш, тижорат, ноширлик, хайрия тадбирларини ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;

● фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериш;

● кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, махсус спорт мусобақалари, кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, рассомларни ва ижодий зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ижодий кечалар ташкил этиш.

 

Давлат бюджети ҳисобидан тўловлар

2017 йил 1 январдан бошлаб «Нуроний» жамғармаси марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлимларининг штатдаги ходимларини Давлат бюджети ҳисобидан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби жорий қилинади.

Бунда Жамғарманинг барча ходимлари — пенсионерларга пенсиялар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорда тўланади.

 

Ҳар бир туманда фахрийлар учун мажмуалар

2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда, қоидага кўра, маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида «Нуронийлар маскани» мажмуалари очилади. Мажмуаларда бой китоб фондига эга бўлган китобхонлар заллари, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш жисмоний тарбия заллари, шунингдек ошхона ва тиббий хона ташкил этилади, улар зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозланади.

 

Касаба уюшмаси томонидан ёрдам кўрсатилади

Меҳнаткашларни соғломлаштиришга йўналтирадиган маблағларнинг 30%гачаси ҳар йили пенсионерларни, биринчи навбатда 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг тизимидаги санаторийларда соғломлаштиришга (шу жумладан дори воситалари олиш учун) йўналтирилади. Шунингдек меҳнаткашлар уларга ажратилган йўлланмаларини ўзларининг ота-оналарини соғломлаштиришга юбориш учун беришлари мумкин.

 

Кўкрак нишони таъсис этилди

Фармон билан иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги узоқ йиллик ҳалол меҳнатлари учун меҳнаткашларга, шунингдек ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдидаги масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналарга тақдим этиладиган «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони (I, II, III даражали) таъсис этилди.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш ва уни топшириш давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, таклифи билан амалга оширилади.

 

Маҳаллада фахрийлар иши бўйича раис ўринбосари иш юритади

Жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида (овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар) фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинади.

 

Молиялаштириш белгиланди

«Маҳалла» жамғармасига «Наврўз» ва «Мустақиллик» умумхалқ байрамларига бағишлаб ўтказиладиган ҳашарлардан тушадиган маблағларнинг 10%и ҳар йили Жамғармага ўтказилади.

 

 

Пенсия олиш учун олдиндан мурожаат қилинг

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда пенсия
тайинлаш муддатлари қисқартирилди.

 

Киритилган тузатишларга мувофиқ пенсия тайинлашнинг қуйидаги тартиби белгиланди:

ёшга доир пенсия – агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса (илгари – 3 ой эди), пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан;

ногиронлик пенсияси – агар ногиронлик белгиланган кундан бошлаб 60 кун ичида пенсия сўраб мурожаат этилган бўлса (илгари – 3 ой эди), ТМЭК ногиронликни белгилаган кундан эътиборан.

Қолган барча ҳолатларда мурожаат этилган кундан бошлаб пенсия тайинланади.

Бундан ташқари, пенсионер вафот этганлиги муносабати билан олинмай қолган пенсия пули, шунингдек дафн этиш нафақаси пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида (илгари 6 ой эди) мурожаат этилган тақдирда тўланади.

Ўзгартиришлар 27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон Қонун («СБХ» газетасининг 6.01.2017 йилдаги 1 (1169)-сонида чоп этилган) билан киритилди ва 2017 йил 1 январдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma Online» эксперти.

 

Ушбу ҳужжатларнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва улар билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Norma» АҚТда ва norma.uz, nrm.uz сайтларида танишиш мумкин.

 

Маълумот учун!

ЯНГИ рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектининг оила аъзолари давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг КЕЙИНГИ ойдан бошлаб Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ТЎЛАЙДИЛАР.

 

 

Вазият

 

Қайта ҳисоблаш натижаси

 

Қўшимча ҳужжатларнинг тақдим этилиши пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир. Улар иш стажи ва иш ҳақи, армиядаги хизмат ҳақидаги архив маълумотномалари ва бошқалар бўлиши мумкин. Бироқ янги маълум бўлган ҳолатларнинг тасдиқланиши ҳар доим пенсия тўловлари ошишига олиб келадими?

 

9 йилдан буён пенсияда бўлган ўқувчимиз Евгений С. Мирзо Улуғбек тумани мудофаа ишлари бўлимидан армияда хизматни ўтаганлиги ҳақида маълумотнома олганда пенсиясига устама белгиланиши тайин деб ўйлаган эди. Зеро, унинг ёзишича, қонун ҳужжатларига мувофиқ хизмат йиллари унга 15 йиллик стаж қўшар эди. Афсуски, бундай бўлмади. Пенсияни қайта ҳисоблаш учун Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганида стажга уч ҳисса баробарида имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланишини (Қонуннинг 38-моддаси «а» банди) тасдиқлаган бўлсалар ҳам, қайта ҳисоб-китоб нохуш натижа кўрсатди. Унинг пенсияси камайди. Бунга эса қандайдир коэффициент сабабчи бўлди.

Масалага ойдинлик киритиш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Мирзо Улуғбек туман бўлимига мурожаат қилдик. Тез орада ундан жавоб олдик.

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, 19.10.2010 йилдаги аризага биноан 1987–1992 йиллар давридаги 270 608,91 сўм ўртача иш ҳақидан 26 йилу 7 ойлик умумий иш стажи бўйича 151 540,99 сўм миқдорида II гуруҳ ногиронлиги бўйича пенсиядан ёшга доир пенсияга ўтказиш амалга оширилди.

2016 йил январда Мирзо Улуғбек тумани мудофаа бўлими томонидан берилган 4.12.1968 йилдан 17.10.1973 йилгача армияда хизматни ўтаганлик ҳақидаги маълумотномага кўра пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисида ушбу маълумотнома илова қилинган ариза топширилган.

Пенсия ва нафақаларни тайинлаш бўлими томонидан пенсионерга қуйидагилар маълум қилинган:

Қонуннинг 38-моддаси «а» бандига асосан, ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этганлик учун стажга уч ҳисса баробарида қўшиб ҳисобланади.

Амалдаги қонун ҳужжатларига (Низомнинг 156-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) мувофиқ, пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти қўлланган ҳолда амалга оширилади.

Юқорида баён этилганлар асосида пенсия суммаси сезиларли даражада камаяди. Шу муносабат билан қайта ҳисоб-китоб қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Айни пайтда Президентнинг 22.08.2016 йилдаги ПФ-4822-сон Фармонига мувофиқ, 1.10.2016 йилдан бошлаб пенсия миқдори умумий иш стажи 26 йилу 7 ой бўлганда 476 883,68 сўмни ташкил этади.

Бўлим бошлиғи А.Х.Ражабов».

 

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаевдан вазиятни шарҳлаб беришини сўрадик.

 

– Маълумки, пенсия миқдори муай­ян даврдаги иш стажи ва маошдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади (Қонуннинг 25, 26, 27 ва 31-моддалари).

Пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири иш ҳақи ҳисобланади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун биринчи навбатда иш ҳақи миқдорлари уларни пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш мақсадида қайта ҳисобланади.

Олий Кенгашнинг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги қарорига мувофиқ, Қонун амалга жорий этилгунга қадар амалда бўлган пенсиялар тайинлашда ва уларни қайта ҳисоблашда иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш учун тузатиш коэффициентларини қўллаш тартиби сақлаб қолиниши назарда тутилган эди. Улар давлат пенсиялари тайинланиши ва тўланиши учун масъул бўлган тузилмаларнинг юқори турувчи органи ҳисобланган вазирлик қарори билан тасдиқланган.

2010 йилгача тузатиш коэффициентлари меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг қарори билан тасдиқланган. 2010 йилдан бошлаб улар молия вазирининг қарори билан тасдиқланган.

Тузатиш коэффициентларининг охирги миқдорлари 2011 йилда тасдиқланган (АВ томонидан 22.07.2011 йилда 2246-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом, 11.12.2011 йилда ўз кучини йўқотган) ва ўша йилнинг 1 октябригача қўлланган. Шундан сўнг якка тартибдаги коэффициентлар жорий этилганлиги (Низом, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 2-илова) сабабли улардан фойдаланишга барҳам берилди.

Пенсионер томонидан пенсия миқдорига таъсир кўрсатадиган (иш стажи ёки иш ҳақи тўғрисидаги ва бошқа) қўшимча ҳужжатлар тақдим этилганда пенсия миқдори иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда мурожаат қилинган санада қайта ҳисоблаб чиқилади (Низомнинг 12-банди).

Иш ҳақининг тузатиш ва якка тартибдаги коэффициентларини қўллаш механизмлари бир-биридан тубдан фарқ қилиши ҳисобга олинса, тегишинча, пенсиялар миқдорлари қайта ҳисоблаганда ошиши, ўзгаришсиз қолдирилиши, айрим ҳолларда эса ҳатто камайиши мумкин. Якка тартибдаги коэффициентлар тузатиш коэффициентларидан паст бўлиши мумкин. Бу иш ҳақи миқдорлари, шунингдек у олинган даврларга боғлиқ.

Мазкур вазиятда аввал пенсия иш ҳақига тузатиш коэффициентларини қўллаган ҳолда тайинланган. Қайта ҳисоблашни сўраб мурожаат қилгандан кейин иш ҳақи миқдорлари якка тартибдаги коэффициентлар бўйича мувофиқлаштирилган. Мурожаатдан кўринганидек, бу иш ҳақи миқдори камайишига олиб келган.

Тегишинча, Пенсия жамғармаси бўлими пенсияни у қайта ҳисоблангунга қадар бўлган миқдорда тўлашни давом эттириш ҳақида қарор қабул қилди.

 

 

Расмий жавоб

 

Чиқариб ташлаш учун асос йўқ

 

Пенсияни расмийлаштиришда фермер хўжалигида ишлаган йилларимни (2002–2016) стажга қўшмадилар. Фермер хўжалиги солиқ органлари олдида қарздор бўлганлиги сабабли ушбу даврлар ҳисобга олинмади. Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлими, зеро ходимлар фермер хўжалиги раҳбариятининг ҳафсаласизлигидан азият чекмасликлари керак. Бу вақт иш стажига кирмай қолаверадими?

Э.Исоқова.

Фарғона вилояти.

 

– Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми).

Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ходимга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Ўз навбатида ушбу маълумотлар иш берувчининг бухгалтерия дафтарларида қайд этилади. Пенсия жамғармаси ходимлари бухгалтерия дафтарларида қайд этилган маълумотлар асосида ходим суғурта бадалларини тўлаганлиги далилини аниқлайдилар, 2005 йилдан кейин эса улар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига келиб тушган бадаллар ҳақидаги маълумотлар билан солиштирилади.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ҳисобланган суғурта бадаллари ҳақидаги маълумотлар солиқ органларида шаклланган маълумотлар асосида аниқланади (ВМнинг 14.04.2015 йилдаги 90-сон қарори).

Баён этилганлардан келиб чиқилса, иш берувчида ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича қарз мавжудлиги ходимнинг стажидан меҳнат фаолияти даврларини чиқариб ташлаш учун асос бўла олмайди.

 

 

Вақт кўрсатади

 

Пенсия миқдори 2011–2015 йиллар давридаги иш ҳақи асосида ҳисобланган. Бунда 2017 йил март ойида (белгиланган пенсия ёшига етганда) пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилиш кўзланмоқда.

Президентнинг Фармони билан 1.10.2016 йилдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорлари ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилган.

2017 йил март ойида пенсия тайинлаётганда пенсияларни ошириш ҳақидаги ушбу Фармон ва 2011–2015 йиллардаги давр учун унинг ҳисобланган миқдорига нисбатан 1,15 баравар индексациялаш қўлланадими?

Темур З.

Тошкент ш.

 

2016 йил 1 октябргача тайинланган пенсия ва нафақалар қайта ҳисобланади (22.08.2016 йилдаги ПФ-4822-сон). Ушбу санадан кейин тайинланган пенсиялар оширилмайди. Сабаби уларни ҳисоблаб чиқариш ва келгусида тўлаш чоғида Фармонда белгиланган энг кам кўрсаткичларнинг қатъий белгиланган миқдорлари қўлланади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақларини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қайта ҳисобланади (Қонуннинг ­31-моддаси 2-қисми).

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 2-илова) тасдиқланган.

Иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентлари пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини тегишли ойдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорига бўлиш йўли билан, ишдаги мавжуд танаффусларидан қатъи назар меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили мобайнидаги исталган кетма-кет 60 ойидан (пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг танлашига кўра) ҳар бир ойи учун аниқланади.

Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг янги миқдорини аниқлаш учун ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини пенсия тайинланган ойдан олдинги 12 ой учун ўртача ойлик энг кам иш ҳақи миқдорига (мазкур вазиятда 2016 йил мартдан 2017 йил февралгача) кўпайтириш зарур.

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун (пенсия тайинланган санадаги) ЭКИҲнинг 8 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-моддаси 6-қисми).

Ёшга доир пенсиянинг таянч миқдори уни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%ини, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100%ини ташкил этади (Қонуннинг 26-моддаси «а» банди). Мазкур ҳолда ёшга доир энг кам пенсиянинг миқдори ҳам у тайинланган санадаги ҳолатга кўра аниқланади.

 

 

Айирамиз – қўшамиз

 

Битта ташкилотда 15 йиллик узлуксиз иш стажига эгаман. Шу вақт ичида икки марта умумий давомийлиги 2,5 йиллик (1 йилу 4 ой ва 1 йилу 2 ой), яъни йўл қўйиладиган 3 йилдан кам болани парваришлаш таътилида бўлганман.

2 та декрет таътили ва 2 та болани парваришлаш таътилини ҳисобга олган ҳолда ёшга доир пенсияни тайинлаш учун стаж қандай ҳисобланади?

2 та ҳомиладорлик ва туғиш таътили стаждан чиқариб ташланадими? Архивда касаллик варақалари бўлмаганда улар қандай ҳисобланади? 2 ой туққунга қадар ва 2 ой туққандан кейин – яъни 2 та бола учун 8 ой айриладими? Пенсия тайинлаш учун қайси стаж олинади – 15 йилми ёки 14 йилу 4 ойми?

Наталья Н.

Тошкент ш.

 

– Аёлларга иккита таътил: ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда боласи 2 ва 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилади (МКнинг 233 ва 234-моддалари).

Бироқ бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «ж» банди).

Тегишинча, ҳомиладорлик ва туғиш таътили (туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун) иш стажини ҳисоблашда инобатга олинмайди, сабаби ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақага фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди.

Маълумки, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а» банди).

Иш даврида бошланган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври давомийлиги ушбу иш жойи бўйича бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади. Бунда кўрсатиб ўтилган (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) давр иш стажига фақат Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда киритилади (252-сон Низомнинг 64-банди).

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек 252-сон Низом 35-банди «ж» кичик бандига мувофиқ, сизнинг иш стажингиз тахминан: 15 йил (меҳнат дафтарчасига кўра иш стажи) – 8 ой (2 та ҳомиладорлик ва туғиш таътили, ҳар бири қарийб 4 ой давом этган) – 2,5 йил (2 та болани парваришлаш таътилида бўлган вақт) + 2,5 йил (2 та болани парваришлаш таътилида бўлган вақт) = 14 йилу 4 ойни ташкил этади.

 

 

Чет элдаги стаж

 

Агар ходим доимий яшаш учун Қозоғистонга кўчиб кетаётган бўлса, пенсияни ҳисоблашда Ўзбекистондаги иш стажи ҳисобга олинадими?

И.Қораев.

 

– Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг

ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимга (Москва, 13.03.1992 йил) аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия, шу жумладан кўп йил ишлаганлик учун имтиёзли асосларда пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун ушбу давлатларнинг исталгани ҳудудида, шунингдек собиқ Иттифоқ ҳудудида Битим кучга киргунга қадар вақтдаги (Битимнинг 6-моддаси), яъни 1992 йил 13 мартгача эга бўлган иш стажи ҳисобга олинади.

Битимга аъзо давлатлар фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларининг пенсия таъминоти улар ҳудудида истиқомат қилаётган давлат қонунчилигига кўра амалга оширилади (Битимнинг 1-моддаси).

Яъни 1992 йил 13 мартдан кейинги меҳнат фаолияти даврлари Қозоғистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқароларининг чет элда ишлаган даврлари бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иши Ўзбекистон Республикасида ишланганига тўғри келадиган стажнинг 1/3 ҳиссасидан ошмаган миқдорда стажга қўшилади (Қонуннинг 40-моддаси).

 

МИСОЛ. Чет эл фуқаросининг умумий иш стажи 40 йилни ташкил этади, шундан 21 йили Ўзбекистондаги ишга, 19 йили эса хорижий давлатдаги ишга тўғри келади. Ушбу ҳолатда чет эл фуқаросининг хорижий давлатдаги иш стажи пенсияни ҳисоблаш учун 7 йил (21 / 3) доирасида қабул қилинади ва умумий иш стажи 28 йилни (21 + 7) ташкил этади (252-сон Низомнинг 49-банди 2-хатбошиси).

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия
аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

Маълумот учун!

Ойма-ой бўлган ҳолда иш ҳақи тўғрисидаги МАЪЛУМОТНОМА иш берувчи томонидан бу ҳақда ариза олингандан кейин 3 кун ичида БЕПУЛ БЕРИЛАДИ.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 1910 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика