Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилдаги фаолияти якунларини ва бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Палатанинг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий баҳоланди, депутатларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати каби муҳим йўналишлардаги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланди. |
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш келгусида Қонунчилик палатасининг жорий фаолиятида устувор йўналиш бўлишини таъкидладилар. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик депутатлар корпуси фаолиятининг асосий принциплари бўлади. Шунингдек, ишларнинг ҳолатини шахсан ўрганиш ва аҳолининг зарурий эҳтиёжларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида депутатларнинг жойлардаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг иш юритувида бўлган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилишини судлар ваколатига ўтказишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг ролини оширишга, маъмурий ишларнинг ушбу тоифаларини кўриб чиқиш чоғида беғаразлик ва холисликни таъминлашга хизмат қилади.
«Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси депутатлар эътиборига биринчи ўқишда тақдим этилди. Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан хўжалик судининг апелляция инстанцияси чиқарган қарорлар кассация ва назорат тартибида қайта кўриб чиқилмайди. Бу эса, ўз навбатида, кредиторлар ва қарздорларнинг юқори турувчи инстанцияларга судларнинг қарори устидан шикоят қилиш борасидаги ҳуқуқларини чеклайди. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мазкур чекловни бартараф этиш имконини беради ҳамда кредитор ва қарздорларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда кўпроқ эркинлик беради. Муҳокамадан сўнг депутатлар қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати
материали асосида.