Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 47 / Ўғирлик техникаси

Жамоа мулкига хиёнат

ёки Ташкилотда мулк талон-торож қилинаётганини қандай аниқласа бўлади

 

Моддий бойлик бор жойда уни талон-торож қилиш ҳам, афсуски, бўлади. Бунга қарши азалдан қаттиқ курашиб келинади, бироқ бу борада узил-кесил муваффақиятга эришилган эмас. Ўғирлик ҳолатига четдан кузатувчи бўлганларнинг баъзилари жабрланганларга ҳамдард бўлишса, бошқалари жиноят учун жазо олганларнинг аянчли тақдирига ачинишади. Лекин ўғирлик уларнинг ҳамёнига дахлдор бўлиб қолса, ҳеч ким лоқайд томошабин бўлмайди. Мазкур мақоламизда биз ташкилотингизда, эҳтимол, талон-торож мавжудлигини фаҳмлаш имконини берадиган аломатларга тўхталамиз ва бунга қандай қаршилик кўрсатиш ҳақида маслаҳат берамиз.

 

Талон-торож қилувчиларга имкон қолдирманг

Ташкилотда молиявий-хўжалик фаолияти ривожланишининг шундай муайян даражаси мавжудки, бунда раҳбар ҳамма ишни мустақил назорат қилиб боришга жисмонан имконга эга бўлмай қолади. Бундай ҳолатга келганда у бошқа кишиларга орқа қилишга мажбур бўлади. Бу ҳамма ишни нолдан бошлаган кишиларга таниш манзара. Агар бунда ходимларнинг ва, аввало, бухгалтерия ҳисоби хизматининг иши тўғри ташкил этилмаса, тартибсизлик (енгил ва ўртача) юзага келади. Бундай тартибсизликда товар-моддий бойликлар ва пул маблағларининг изсиз йўқолиши жуда осон.

 

МИСОЛ. Коммунал-маиший хизмат кўрсатиш ташкилотининг бир омбор мудирини прокуратура товар-моддий бойликларни талон-торож қилишда айблади. Омборда 20 дона Д-15, 16 дона Д-25, 14 дона Д-50 вентили, 14 дона Д-50 задвижкаси (лўкидон), 220 метр ёнғин қўлқоплари, 37,8 кг Д-20 қувури, 16 дона белкурак, 10 дона паншаха, 30 дона этик, 2 дона металл эшик, 18 кв.метр панжара камлиги аниқланди. Шунингдек 53 дона Д-20 вентили, 30 кг карбид, 2 дона осма қулф эса ортиқча бўлиб чиқди.

 

Сўроқ пайтида омбор мудири камомадга сабаб деб омборда жорий йилнинг апрелидан бошлаб ишлашини, тажрибасиз бўлгани ва бойликларни ҳужжатларсиз бериб, кейин ҳаммасини расмийлаштирмоқчи бўлганлигини кўрсатди. Айтишича, омборда қайд этилган металл эшик ва панжаралар гўё ташкилот биносида у ишга келишидан 8–9 йил аввал, баъзилари эса бир йил аввал ўрнатилган экан. Бу ҳол ўрнатиш далолатномаси билан тасдиқланади. Ўз навбатида ортиқча Д-20 вентиллари (53 дона) гўё ҳисоблашдаги хато туфайли, ортиқча карбид эса тортмасдан, кўз билан чамалаб бериш боис пайдо бўлган экан.

Терговчи омбор мудирининг кўрсатмаларини текширишга қарор қилди ва ташкилотнинг бошқа ходимларини сўроққа тутди. Моддий бойликлар гўё расмийлаштирилмасдан берилган ходимлар уларни умуман олмаганликлари ёки кам миқдорда олганликларини айтдилар. Бундан ташқари, икки ходим тақсимлаш қайдномаларида уларнинг ҳар бири Д-15 ва Д-25 вентилларидан иккитадан олганликлари акс эттирилганлигига қарамай, Д-25 вентилларини амалда олмаганликларини кўрсатдилар. Бошқа икки ишчи эса махсус кийим бериш қайдномаларидаги имзолар уларники эмаслигини маълум қилишди. Яна бир ишчининг кўрсатишича, у 19 та задвижка беришга доир талабномага омбор мудирининг илтимосига кўра имзо чеккан, бироқ уларни бунча миқдорда олмаган.

Шу билан бир қаторда аниқланишича, металл эшик ва панжараларни ўрнатиш далолатномаси қалбаки бўлган, у тафтиш вақтида тузилган ва унга омбор мудирининг илтимоси билан эшикларга ҳам, гўё улар амалда ўрнатилган даврга ҳам дахлдор бўлмаган шахслар имзо чеккан.

Бунга асосан терговчи омбор мудири талон-торожлар чизмасидан фойдаланган деган хулосага келган, бунда у омборда қасддан тартибсизлик ҳолатини ташкил этган, сўнгра бойликларни ўзлаштириб, товарларни беришга ҳужжатларни расмийлаштириб, бошқа ходимларни янглиштирган. Ходимлар имзо чекишдан бош тортган кезларда – имзоларни қалбакилаштирган. Бундан ташқари, товарларни (карбид) улар вазнини лозим даражада тортмасдан берар экан, бу билан сунъий равишда ҳисобга олинмаган ортиқча бойликларни ҳосил қилган, кейин уларни ўзлаштирган.

Ташкилотнинг моддий жавобгар бухгалтери сўроқ пайтида у жорий йилнинг февралидан бери ишлашини (омбор мудиридан олдин келган) ва камомад сабабини тушунтира олмаслигини, чунки камомаддаги бойликларни ҳисобдан чиқаришга оид ҳужжатларни омбор мудиридан олмаганлигини айтди. Омборни мунтазам равишда тафтишдан ўтказмаганлиги ўз айби эканлигини эътироф этди. Бироқ мазкур ҳолда унинг ишлай бошлашидан бир неча йил аввал харид қилинган металл эшик ва панжараларнинг камомади омборни қабул қилиш-топширишда ҳам инвентаризация ўтказилмаганлигидан далолат берди. Бош бухгалтер эса мазкур иш бўйича ҳеч нарсани изоҳлай олмаслигини айтди-қўйди.

Кўринадики, агар раҳбар омбор ва бухгалтерия ишини, уларнинг кундалик ҳамкорлиги ва доимий назоратини тўғри ташкил этганда муаммоларга йўл қўйилмаган бўлар эди. Агар ташкилотингизда шунга ўхшаган бирор ҳолатни сезсангиз, дарҳол чора кўринг. Менежмент соҳасида янги бирор нарсани ўйлаб топишга умуман ҳожат йўқ. Барча БҲМС, ҳисобварақлар режаси, ҳисоботларни ўз ичига олувчи бухгалтерия ҳисобининг мураккаб тизими сизнинг бехавотир яшашингиз учун солиқ ва статистика органлари ўйлаб топмаганлигини тушуниб етиш кифоя. Бу аввало сизнинг мулкингиз бут сақланиши учун керак.

Кўп тадбиркорлар буни тушуниб етишган. Мисол учун, илгари камёб бўлган миллий таомлар кафеларида ҳозир профессионал бухгалтер-кассирларни тез-тез учратиш мумкин.

 

Хатар аломатини сезиш керак

Талон-торожни аниқлаш мумкин бўлган барча аломатларни санаб бўлмайди, чунки мулкдан маҳрум қилиш усуллари саноқсиз. Шу билан бирга, камомад ва ортиқча маҳсулотларни аниқлайдиган мунтазам текширишлардан (аудит, инвентаризация, тафтишлар ва ҳоказо) ташқари, қуйидаги далилларга диққат-эътиборни қаратиш ҳам вазиятни назорат қилишга ёрдам бериши мумкин:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатиладиган хизматлар, бажариладиган ишлар сифатининг пасайиши (хом ашё, материаллар, ёқилғи ва ҳоказоларни тежашнинг кўплаб усуллари мавжуд, бироқ тежалган нарсалар қаерга сарфланади – жавоб йўқ);

ташкилот фаолиятида хом ашё ва бошқа ТМБ сарфининг тушунтириб бўлмайдиган тарзда оширилиши, улар чиқиб кетишининг жадаллаштирилиши (эҳтимол, кимлардир ноқонуний ҳисобдан чиқаришларни амалга оширар);

тушум ва касса киримларининг пасайиши (маблағларнинг бир қисми кассага етиб бормаслиги эҳтимоли бор);

чет ташкилотлар товарлари, иш ва хизматлари учун оширилган ҳақ (ким билсин, сизнинг ҳисоб-китоб рақамингиздан кетаётган пуллар ҳисобидан кимгадир хуфиёна «мукофот» тўланаётгандир);

ишлаб чиқариш воситаларидан ортиқ даражада фойдаланиш ёки ходимларнинг сизнинг ижозатингиздан ташқари меҳнат қилиши (буюртмалар унча кўп бўлмаса-да, дастгоҳлар тўлиқ куч билан ишлайди, ишчилар ҳам қўлни қўлга бериб меҳнатга шўнғиган – эҳтимол, сизнинг материалларингиз ҳисобидан «чап» ишни бажаришаётгандир);

бухгалтерия ҳужжатлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар (харид қилинган, кирим қилинган ёки чиқиб кетган мол-мулк ҳажмларининг номувофиқлиги ва ҳоказо);

ходимларнинг узоқ вақт мобайнида кам иш ҳақига рози бўлиши (харажатлар даромадлардан ошмайди, демак даромадлар мавжуд, бироқ ўз ишини севадиган, ҳар доим оз ҳақ эвазига меҳнат қилишга тайёр профессионаллар ҳам бўлади).

 

Хулоса ясашда талон-торож қилиш усуллари анча кўплигини такрорлаймиз. Бироқ нияти бузуқлар қандай усулни танлашмасин, улар ўзидан кейин муқаррар равишда аниқланадиган аломатларни қолдиради. Бироқ ҳаммаси аниқланганда мулкни, эҳтимол, қайтариб бўлмас. Шу сабабли бундай далилларнинг олдини олишда энг самарали усул тўғри қўйилган бухгалтерия ҳисоби ва доимий назорат ҳисобланади.

 

Самир ЛАТИПОВ,

«Norma Online» эксперти.  

Прочитано: 2201 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика