Ўзбекистонда тайёрланган биологик фаол қўшимчалар туркумини қандай қилиб Россияга олиб чиқиш мумкин? Уларга тегишли сертификатлар расмийлаштирилган. Бож тўлаш керак бўладими? Олиб чиқишда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлиши лозим?
А.Дўстматов.
– Ўзбекистондан товарларни экспорт қилишда божхона қийматининг 0,1%и миқдорида, бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими* тўланади (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори).
Маълумот учун! ПФ-1871-сон Фармон билан Экспорт қилиниши тақиқланган буюмлар ва маҳсулотлар рўйхати (4-илова) тасдиқланган.
Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ, экспорт қилиш чоғида божхона органига қуйидагиларни тақдим этиш зарур:
- контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактларидан ташқари;
- божхона юк декларацияси;
- товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактура (инвойс), юклаб жўнатиш ва ўраш варақлари ҳамда товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилишига доир битимлар амалга оширилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, коносамент, юкхат ёки ташиш шартномаси борлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат).
Товарларнинг божхона расмийлаштируви ДБҚнинг ахборот тизимидаги тўловчининг шахсий ҳисобварағи бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги, хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади (Божхона кодексининг 249-моддаси).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.
*Барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар)га экспорт божхона божлари 1997 йилдаёқ бекор қилинган (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон).