Юридик шахс (фирма) жисмоний шахсдан нотурар жой сотиб олиш учун банкдан кредит оляпти.
1. Нотурар жойни реализация қилишдан олинган жисмоний шахснинг даромадларига қандай солиқ ставкасида солиқ солинади?
2. Жисмоний шахс мустақил равишда солиқни тўлаши мумкинми? Ёки буни харидор корхона қилиши шартми?
Л.Карькаева,
МЧЖ бухгалтери.
1
Жисмоний шахсга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган нотурар жойни реализация қилишдан олинган даромадларга жисмоний шахсларнинг даромадларига белгиланган энг кам ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). 2016 йил учун у 7,5% миқдорида тасдиқланган (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 9-илова).
2 |
Нотурар жойни сотганда жисмоний шахс даромад олади, у мулкий даромад деб таснифланади ва унга тўлов манбаида ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 176, 184-моддалари). Харидор корхона даромад тўлаш манбаи ҳисобланади ва, тегишинча, бюджетга солиқ тўланиши учун жавобгар бўлади.
Нотурар жойни реализация қилишдан олинган даромад мазкур жойни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, нотурар жойни реализация қилишдан даромад деб инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди). Нотурар жойни реализация қилишдан даромадларга ЖШДС бўйича имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Жисмоний шахсдан ЖШДС корхонангиз унга тўлаётган ҳар қандай пул маблағлари ҳисобидан ушлаб қолинади. ЖШДС ҳақиқатда жисмоний шахсга ёки унинг топшириғига биноан учинчи шахсларга тўланаётганда ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 185-моддаси).
МИСОЛ. Корхонангиз қиймати 5 000 минг сўмлик (шартли) хонани сотиб оляпти. Илгари жисмоний шахс бу хонани 4 000 сўмга сотиб олган. ЖШДС суммасини тасдиқлаш учун уни сотиб олиш шартномасининг нусхаси керак. Жисмоний шахснинг даромади 1 000 минг сўмни ташкил этади. Бюджетга тўланиши лозим бўлган ЖШДС суммаси – 75 минг сўм (1 000 х 7,5%). Харидор корхона сотувчи жисмоний шахсга ЖШДСни чегирган ҳолда хонанинг қийматини – 4 925 минг сўм (5 000 – 75) тўлаши шарт.
Шундай қилиб, ЖШДСни даромад олувчи жисмоний шахс тўлайди. Бироқ корхона солиқни нотурар жойнинг олди-сотди шартномасига кўра пул маблағларини ҳисоблаб ўтказиш пайтида уни сотувчининг даромадидан ушлаб қолган ҳолда бюджетга тўлайди.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.