Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) мувофиқ юртдошларимиз ва умуман инсониятга қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган матбаа маҳсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий устунликни ва диний нафратни, ирқчилик ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.
Шунга қарамай, божхона чегаралари орқали жисмоний шахслар томонидан ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқдаки, улар республикамиз божхоначилари томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар давомида фош этилмоқда.
Самарқанд халқаро аэропортида Санкт-Петербургдан учиб келган фуқаро О.Тиллаев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) беҳаё томошаларнинг «ишқибоз»ларидан бири экан. Гап шундаки, божхона назоратидан ўтаётганда унга тегишли қўл телефони кўздан кечирилганда 72 та беҳаё мазмундаги фото ва видеоматериаллар борлиги аниқланди.
Шаҳвоний саҳналар акс этган 200 дан ортиқ видеолавҳаларга телефонидан жой ажратган жиззахлик К.Таджиев ҳам Россиядан қайтар экан, Самарқанд аэропортида божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди.
Хориждан янгийўллик В.Ольга номига юборилган почта жўнатмаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бошпочтамт» ТИФ божхона пости ходимлари томонидан божхона кўригидан ўтказилганда, мазкур жўнатмада беҳаёликни тарғиб этувчи 3 та китоб юборилганлиги аниқланди.
«Челябинск-Тошкент» рейси бўйича поездда кириб келган йўловчи, фарғоналик Б.Аҳроров эса йўлда зерикмаслик учун ноутбукига 370 та беҳаё фотосуратларни жамлаган! Аммо божхона чегарасини кесиб ўтиш вақтида уларни ўчириб ташлашни «унутиб» қўйибди. Натижада «Келес» темир йўл чегара божхона постида бироз «ушланиб» қолишига тўғри келди.
Қўл телефони воситасида беҳаёликни ўзига доимий ҳамроҳ қилганлардан яна бири хазорасплик Б.Кенжаев экан. «Москва-Урганч» рейси бўйича парвозини якунлаган ушбу шахснинг қўл телефони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, унинг хотирасида 94 та беҳаёликни тарғиб этувчи фото ва видеоматериаллар борлиги фош бўлди.
«Ғишткўприк» божхона комплекси орқали қўшни давлатдан кириб келган О.Турсунов уяли алоқа воситаси хотирасида 104 та беҳаё мазмундаги видеофайлларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, мазкур комплексда божхоначилар пойтахтлик Р.Тургуновнинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйишди. Унинг божхона назоратидан яширинча телефон хотира картасида 277 дона видео ва фотоматериалларни олиб киришга урингани аниқланди.
Бухоро аэропортида Москвадан учиб келган А.Жумаевнинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефони хотирасига 173 та шундай мазмундаги видеолавҳалар жойлаштирганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 2 200 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 67,8 минг донадан ортиқ турли шаклдаги беҳаё мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Жиноят кодексига мувофиқ, ЭКИҲнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати катта инспектори.