Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 47 / Божхона

Давлат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида

 

Яқинда божхона брокерлари уюшмаси (ББУ)нинг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. У жорий йилдаги иккинчи йиғилишдир. Муддатидан олдинги биринчи йиғилиш Уюшма фаолиятидан қониқмаганликлари сабабли май ойида ББУ аъзолари томонидан ташкил этилган эди.

 

Ўзгаришлар тақозо этилди

Божхона брокерлари уюшмаси Адлия вазирлигида 2009 йил сентябрида рўйхатдан ўтказилган. Тошкентнинг йирик божхона брокерларидан еттита МЧЖ унинг муассислари бўлдилар. Мазкур профессионал ҳамжамиятнинг вужудга келиши божхона брокерларининг божхона хизматлари бозори муаммоларини муҳокама қилиш ва уларни божхона органлари билан биргаликда ҳал этишда реал иштирок этиш учун ҳаракат дастурини яратди. Ташкилотнинг режалари кўп эди. ДБҚ билан ББУ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бироқ аста-секин Уюшманинг фаоллиги сўна бориб, жонбозлик пасайди.

Апрелда Божхона кодексининг янги таҳрири кучга кирди, божхона амалиётида туб ўзгаришлар юз берди, ўнлаб меъёрий ҳужжатлар бекор қилинди, божхона идораси божхонага ёндош соҳа масалаларини тартибга соладиган янги ҳужжатларни ишлаб чиқди. Ушбу бурилиш палласида кучли профессионал бирлашмага бўлган эҳтиёж анча сезиларди. Май йиғилиши иштирокчилари, улар жумласида Уюшмага аъзо бўлмаганлар ҳам бор эди, божхона брокерларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва ББУнинг ТИФ иштирокчилари, божхона брокерлари ва божхона органлари ўзаро муносабатларининг замонавий тизимини бунёд этишда божхона брокерлари ролини оширишга қодир бўлган сифат жиҳатидан янги тузилмага ўтиш зарурати тўғрисида фикр билдирган эдилар.

Ўша йиғилишда кузатув кенгашининг янги таркиби сайланди. ББУ ҳаракатларининг чораклик режаси ишлаб чиқилди, шунингдек «Transboj-Servis» МЧЖ бош директори Арсен Айрапетянц ярим йилга Уюшманинг раис-директори этиб сайланди. У, шартли қилиб айтганда, ББУни жонлантириш ва ислоҳ қилиш даврида инқироздан чиқарувчи менежер бўлди.

 

Ярим йил учун ҳисобот беришди

Май ойида ББУда 21 аъзо бор эди. Ярим йил ичида ББУ аъзолари 2,5 бараварга ошди. Ҳозир унда 55 ташкилот мавжуд. Йиғилишда Уюшмага кириш учун қизиқиш билдирган божхона брокерларининг вакиллари ҳам иштирок этишди. Бу қизиқиш табиий. Оз вақт ичида Уюшма вазиятни амалда ўзгартиришга муваффақ бўлди. Офис хонаси ижарага олинди, зарур ускуналар билан жиҳозланди. Уюшма таъсис этган «Expert and Analytical Group» МЧЖ бунёд этилди ва муваффақият билан ишлаяпти. У ЎзР ТИФ ТН бўйича товарларни классификациялаш; товар сони ва сифати экспертизаси; қайта ишлаш жараёни ТИА лойиҳалари, товарларни қайта ишлаш контрактлари, импорт ва экспорт контрактларини ишлаб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатади, шунингдек божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича маслаҳатлар беради. Унинг базасида истиқболда ББУнинг Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларни ўқитиш марказини бунёд этиш, Уюшма аъзолари учун долзарб мавзулар бўйича семинарлар ўтказиш режалаштириляпти. Мисол учун, 17 декабрдаги йиғилишда «Божхона қийматини аниқлаш хусусиятлари» деб номланган дастлабки йиғилишни ўтказиш мўлжалланган. Кейинроқ семинарларни ҳар ойда ўтказиш, уларда қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар билан таништириш, амалиётдаги муаммоли масалаларни муҳокама қилишга келишиб олинди.

ББУ сайтининг (atb.uz) тикланиши божхона брокерларини ахборот билан қўллаб-қувватлашда катта таянч бўлди. Сайтда форумлар – ёпиқ (ББУ аъзолари учун) ва барча хоҳловчилар учун очиқ форумлар ишлаяпти. Telegram даги мессенжерлар (ёпиқ ва очиқ) амалда кеча-кундуз ишлаяпти. Ушбу сервис ёрдамида турли масалалар бўйича онлайн режимида маслаҳатлар бериляпти. Бундай мулоқот турининг афзаллигини дастлабки кунлардан бошлаб божхонага доир инфратузилманинг барча вакиллари баҳолади. Йиғилиш иштирокчилари ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш учун форум ва мессенжерларни бир ҳаракат дастурида бирлаштириш истагини билдирдилар. Сайтни безатиш бўйича бир нечта мулоҳазалар айтилди.

Уюшма қонун ижодкорлиги ишида иштирок этмоқда. Унинг экспертлар гуруҳи бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга ўз ҳиссасини қўшди. Хусусан, Божхона брокери сифатидаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 25.07.2016 йилдаги 239-сон қарори билан тасдиқланган) ва Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитиш, унинг малакасини ошириш, шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, қайта расмийлаштириш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш), тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 21.07.2016 йилда 2814-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ишлаб чиқилди.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар учун аттестатни ҳуқуқбузарлик турига боғлиқ ҳолда тўхтатиб қўйиш сабабларини чеклаш муҳим ютуқ бўлди. Чунончи,  нотўғри маълумотларни кўрсатиш, бу маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, уларни талаб этилаётган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловлари миқдори тўғрисида божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига таъсир этмаган бўлса, мутахассисни маъмурий жавобгарликка тортишда (МЖТК 227-22-моддасининг 2-қисми) мутахассис аттестати тўхтатиб қўйилмайди.

ТИФ иштирокчилари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларни БК ва Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги янги йўриқнома (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кучга кириши муносабати билан қонун ҳужжатларининг янги меъёрларига мослаштириш даврида Уюшма ДБҚга тегишли сўровлар юборди. Уларга олинган жавоблар ББУ сайтида жойлаштирилган. Шунингдек Уюшманинг мурожаатидан кейин божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари ижроси пайтида тўқнаш келинадиган муаммоли масалалар бўйича тушунтиришлар олинди.

Ҳозирги вақтда ББУ раҳбарияти ўз сафларини кенгайтириш, аъзоликка минтақавий божхона брокерларини жалб этиш ишини юритяпти.

Ҳисобот муҳокамаси якунлари бўйича, айтилган мулоҳаза ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда Арсен Айрапетянц 2017 йил 31 декабргача бўлган даврга бир овоздан Уюшманинг раис-директори этиб қайта сайланди. Унинг ваколатлари кенгайтирилди – ББУда ишлаш учун жамоатчилик асосида экспертлар ва бошқа шахсларни, шу жумладан раҳбарлик лавозимларига жалб этиш ҳуқуқи берилди. Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари сайлови бўлиб ўтди. Бадал миқдори белгиланди, 2016 йилга аъзолик тўғрисида шартномалар тузмаган ва Уюшма билан алоқани йўқотган, шунингдек ўз хоҳиши билан аъзоларни ББУ таркибидан чиқариш масаласи кўриб чиқилди. Аъзолар йиғилишларини чоракда камида 1 марта ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Мақсад ва вазифалар белгилаб олинди

Божхона ишининг ишбилармон доираларга нисбатан пухта ва очиқ-ошкора йўлга қўйилганлиги улар назарида мамлакат обрў-нуфузини ҳам белгилаб бериши сир эмас. Бу гап божхона брокерларига ҳам тегишлидир. Зеро тадбиркорлар аввало уларга мурожаат қиладилар, брокер улар бизнес билан божхона ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладилар, умуман божхона тизими тўғрисида қандай таассурот шаклланиши улар ишининг сифатига ҳам боғлиқдир.

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, қонунга итоаткор брокерлар божхонага давлатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, бож ва солиқларни тўлиқ ҳажмда йиғишда ёрдам берадилар. Шу боис Уюшма фаолияти бундай брокерларни бирлаштириш, уларнинг малакасини ошириш ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилгандир. Шундан келиб чиқиб, ББУнинг асосий вазифалари қуйидагича белгиланган:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тижорат ва нотижорат ташкилотлари олдида Уюшма аъзолари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари вакили бўлиш ва ҳимоя қилиш;

Уюшма аъзоларининг ЎзР божхона органлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;

божхона соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва брокерлик хизматлари замонавий бозорини шакллантиришга ёрдам бериш;

Уюшма аъзоларига ахборот, маслаҳат, услубий ва техник мадад кўрсатиш ва бошқа вазифалар.

 

Истиқболга умид билан

Божхона брокерлари Уюшманинг божхона хизматлари соҳаси вакилларини бирлаштириш бўйича фаолияти давлат органларининг қўллаб-қувватлашига лойиқ. Оёққа туриш, минтақаларда шох отган филиаллар тармоғини бунёд этиш учун ББУга вақт керак. Божхонага ёндош соҳада хизмат кўрсатаётган тарқоқ аморф массадан операторлари қонун бўйича ва юксак профессионал даражада ишлашга тайёр бўлган яхши ташкил этилган бозор шакллана бошлаши учун у катта саъй-ҳаракат қилиши керак. Айниқса бу янги Божхона кодекси кучга кирган ҳозирги даврда муҳимдир.

Мамлакатимиз бизнесини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш зарурлиги Ҳукуматимизнинг қарорларида белгиланмоқда, бу профессионал бирлашмалар орқали ҳам бажарилса, янада яхши самара бериши мумкин. Шу боис ББУ божхона брокерларининг ягона профессионал бирлашмаси сифатида давлат органларининг (ДБҚ, ТИАИСВ ва бошқалар) тенг ҳуқуқли реал ҳамкорига айланиши керак. Уюшма мазкур янги мажбуриятларга тайёр. ББУда тайёрлаш ва Давлат божхона қўмитаси билан келишув босқичида турган бир қатор лойиҳалар мавжуд.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1784 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика