Баъзан божхона расмийлаштирувидан сўнг божхоначилар нотўғри декларациялаш далилларини фош этадилар. Одатда импортчи тақдим этган ҳужжатлар асосида ишловчи божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис айбдор бўлиб чиқади. Натижада маъмурий ундирув қўлланилади ёки, бундан ҳам ёмони – аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилади.
Шу муносабат билан декларант божхона юк декларацияси тақдим этилгунча олиб кирилган юкни кўздан кечиришга ҳақли ёки ҳақли эмаслигини билмоқчи эдим. Аризани қандай шаклда тақдим этиш лозим, божхона органи бундай таомилни ўтказишни рад этиши мумкинми?
С.Азимова.
– Декларантнинг божхона юк декларацияси тақдим этилгунча товарларни кўздан кечириши тартиби Товар ва транспорт воситаларининг божхона кўздан кечируви ҳамда уларни божхона кўригидан ўтказиш бўйича йўриқнома (АВ томонидан 11.09.2015 йилда 2714-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.
Ҳужжатда БЮД божхона органига тақдим қилингунга қадар божхона органи ходими иштирокида декларант томонидан кўздан кечирилиши мумкинлиги назарда тутилган. Бундай кўздан кечириш жараёнида божхона органи ходимининг ваколатлари ҳам белгиланган. У йўл юк ҳужжатлари мос келишини ва қиёслаш воситалари бутлигини текширади, уларнинг олиб ташланиши ва транспорт воситасининг юкхонаси очилишида иштирок этади. Ортиқча товарлар қўшиб қўйилиши ёхуд олиб қўйилмаслигини назорат қилади. Кўздан кечириш якунланганидан сўнг товар ва транспорт ҳужжатларига тегишли ёзувларни ҳамда санани қайд қилади, имзо қўяди ва шахсий муҳри билан тасдиқлайди.
Декларант товарларни кўздан кечирганлиги тўғрисидаги ушбу ҳужжатларга исми, фамилиясини ёзиб, имзо қўяди.
Товарлар божхона кўриги амалга оширилгунга қадар декларант томонидан божхона омборида кўздан кечирилганда уларнинг божхона назорати остида сақланиши учун божхона омбори эгаси жавобгар ҳисобланади. Кўздан кечириш божхона омбори мақомига эга бўлмаган бинолар ва (ёки) очиқ майдончаларда амалга оширилганда эса жавобгарлик декларант зиммасига юклатилади.
Декларантнинг БЮД қабул қилингунгача кўздан кечириш зарурлиги ҳақида ариза тақдим этиши тартиби ва унинг шакли ҳамда уни ўтказишни рад этиш сабаблари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмайди.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.