Октябрь ойининг охирида Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (ЎзБАМУ) «Молиявий ҳисобот–2016: халқаро молиявий ҳисобот стандартларининг илк қўлланилиши» мавзусида семинар ўтказди. Тадбирда ЎзБАМУ аъзолари – акциядорлик жамиятларининг бухгалтерлари, аудиторлар, САР/СIРА халқаро сертификатлари соҳиблари ҳамда Ўзбекистоннинг «Сертификатланган малакали бухгалтер» миллий сертификати соҳиблари қатнашдилар. Жами 170 нафардан ортиқ мутахассис иштирок этди.
2015–2018 йилларда акциядорлик жамиятлари йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиш ва халқаро аудит стандартлари ҳамда ХМҲСга мувофиқ ташқи аудитни ўтказишга ўтадилар (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон Фармоннинг 9-банди). Шунингдек АЖ ХМҲСга мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин эълон қилиши шарт («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 102-моддаси).
Тадбир қатнашчилари 1-ХМҲС (IFRS) «ХМҲСнинг илк қўлланилиши»га мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот хусусиятлари билан танишдилар. «PricewaterhouseCoopers» МЧЖ мутахассислари Низомиддин Хўжабеков ва Шоҳрух Бўтаев ХМҲС бўйича молиявий ҳолат (баланс) ҳақида бошланғич ҳисоботни тайёрлаш; ХМҲСга ўтиш санаси; ташкилот ХМҲС бўйича ўзининг илк молиявий ҳисоботида тўлиқ солиштирма ахборотни тақдим этадиган энг бошланғич давр бошини аниқлаш; ХМҲС бўйича дастлабки молиявий ҳисоботни шакллантириш масалаларини ёритдилар.
«Ernst&Young» МЧЖ вакиллари Муҳаммадмирзо Маҳкамов ва Темурбек Маҳмудов семинар қатнашчиларини 15-ХМҲС (IFRS) «Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум» ва 18-ХМҲС (IАS) «Тушум»ни илк қўллаш хусусиятлари билан таништирдилар.
15-ХМҲС (IFRS) – 2018 йил 1 январдан қўлланиши мажбурий бўлган янги стандарт. Шуни қайд этиш лозимки, 18-ХМҲС (IАS) «Тушум» ва 11-ХМҲС (IАS) «Қурилиш учун шартномалар» («Пудрат шартномалари») 1.01.2018 йилдан бекор қилинади. Ўз навбатида 13-ХМҲСТ (IFRIC) «Мижозларга холислик дастурлари», 15-ХМҲСТ (IFRIC) «Кўчмас мулк объектлари қурилиши учун битимлар», 18-ХМҲСТ (IFRIC) «Харидорларнинг активларни бериши» ва 31-ДТҚ (SIC) «Тушум – реклама хизматларини ўз ичига олувчи бартер операциялари» шарҳлари ҳам қўлланмайди.
«Deloitte & Touche» МЧЖ ходимлари Ойбек Шомаъруфов, Бахтиёр Сўфиев ва Исломбек Аҳмедов 12-ХМҲС (IАS) «Фойда солиқлари», 23-ХМҲС (IАS) «Қарзлар бўйича харажатлар»ни илк қўллашда ҳисобни ташкил этишнинг амалий материалларига асосланган ахборотни тақдим этдилар. Семинарда миллий ва халқаро стандартлар бўйича муддати кечиктирилган солиқларни ҳисоблаш ва улар ҳисобини юритиш, ХМҲСни илк қўллаганда юзага келувчи фарқларни тузатиш жиҳатларига катта эътибор қаратилди.
Ўз ахборотимиз.