Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 44 / Бухгалтерга ёрдам

Ўқиш учун тўлов: имтиёз бериш ва ҳисобга олиш

 

Куз келиши билан ўқиш учун тўлов мавзуси нафақат пуллик асосда олий ўқув юртларида таълим олувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари учун, балки ушбу имтиёзлар бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттирилиши юзасидан масъул бўлган корхоналарнинг бухгалтерлари учун ҳам жуда долзарб мавзуга айланади.

Жисмоний шахслар таълим учун тўлов тўлашда солиқ имтиёзи олишлари мумкинлигидан ҳамма хабардор деб ҳам бўлмайди. Ҳолбуки у 2010 йил 1 январдан фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олишга йўналтириладиган суммаларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш кўринишида жорий этилган.

Бугунги материалда «Norma Ekspert» мутахассислари жисмоний шахслар ва уларнинг фарзандлари олий ўқув юртида пуллик асосда таълим олганда имтиёзлар олиши вариантларини ҳамда тўлов усулига қараб солиқ чегирмасини ҳисобга олиш тартибини батафсил кўриб чиқдилар.

 

Шундай ҳуқуқингиз бор

Имтиёз Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг таълим олиши учун тўлов тўлайдиган жисмоний шахслар учун назарда тутилган. Улар таълим олиш учун йўналтирадиган даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилган (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди). Имтиёз солиқ чегирмаси, яъни солиқ солинадиган даромадларни олий ўқув юртида ўқиш учун сарфланган маблағлар суммаларига камайтириш кўринишида қўлланади. Унинг қўлланиши махсус Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2107-сон Низом) билан белгиланган.

 

Аккредитацияланмаганми – чегирма йўқ

Солиқ чегирмаси фақат Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов тўлашда берилади. Бундай олий ўқув юртлари деганда олий таълимнинг таълим дастурларини (бакалавриат ва магистратура) амалга оширадиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган, ўз устави ва Олий таълим тўғрисидаги низом (АВ томонидан 22.02.2003 йилда 1222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосида фаолият юритувчи юридик шахслар тушунилади.

Ўзбекистон олий ўқув юртлари белгиланган тартибда аттестациядан ўтишлари ва аккредитация олишлари керак. Уларда таълим олиш солиқ чегирмасини қўллаш имконини берадиган олий ўқув юртларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан шакллантирилади ва www.dtm.uz сайтида жойлаштирилган.

 

Кимларга имтиёз берилади

Қуйидагилар имтиёз – солиқ чегирмасини қўллай оладилар:

ота-оналар, бироқ фақат таълим олувчи 26 ёшга тўлгунга қадар. Бошқа қариндошлар (ака-укаси, опа-синглиси, амма-холаси, амаки-тоғаси, васийи ва б.) имтиёзни қўллай олмайдилар. Ушбу ёш чегарасидан ўтганда ота-оналар солиқ чегирмаси олиш ҳуқуқини йўқотадилар;

ёши чекланмаган ҳолда таълим олувчининг ўзи. Яъни ўзининг солиқ солинадиган даромадлари ҳисобига таълим учун тўлов тўлайдиган талаба ёшидан қатъи назар имтиёзни қўллашга ҳақли.

 

Тўлов қандай тўланади

Ўқиш учун тўлов қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилганда имтиёз тақдим этилади:

ота-оналар ва (ёки) таълим олувчиларнинг ўз маблағлари (даромадлари);

тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари;

жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган қарзлар.

Агар корхона олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартнома бўйича таълим учун тўловни кейинчалик ходимдан ушбу суммаларни ушлаб қолмаган ҳолда тўлаган бўлса, тўлов суммаси корхонанинг харажати ҳисобланади (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 11-банди). Бу ҳолда солиқ чегирмаси қўлланмайди.

Таълим учун тўлов усулига қараб солиқ чегирмаси даромадлар олинадиган жойда (тўлов манбаида) ҳам, жами йиллик даромад декларацияланаётганда (декларант яшайдиган жойдаги солиқ органи томонидан) ҳам қўлланиши мумкин.

 

Даромадлар олинадиган жойдаги имтиёзлар

Даромадларни тўлаш манбаи – жисмоний шахсга иш ҳақи, мукофотлар, устамалар, компенсациялар ва меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларга кирувчи бошқа тўловларни ёхуд бошқа даромадларни (мулкий, моддий наф тарзидаги, бошқа) тўловчи корхона. Агар:

ҳисоблаб ёзилган солиқ солинадиган даромад мавжуд бўлса ва бир қисми (ёки бутун суммаси) олий ўқув юртига таълим учун тўлашга ўтказилган бўлса;

илгари корхона қарз шартномасига кўра таълим олиш (ходим ёки фарзандлари) учун тўлаган суммалар ходимга ҳисоблаб ёзилган даромадлардан ушлаб қолинса;

ходимнинг даромадлари таълим кредитини қоплаш учун тижорат банкига ўтказилса, у солиқ чегирмасини қўллайди.

 

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади

Ходим (ота-она ёки таълим олувчи) имтиёзни қўллаши учун корхона бухгалтериясига:

√ даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга, қарзни беришга) ўтказиш тўғрисидаги ариза;

√ талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

√ тижорат банки билан тузилган кредит шартномаси нусхаси;

√ таълим олувчининг паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси керак бўлади (2107-сон Низомнинг 11-банди).

Ушбу ҳужжатларга асосланган ҳолда корхонада буйруқ чиқарилади, унга кўра бухгалтерия керакли суммани олий ўқув юртига ёки банкка ўтказади ва солиқ чегирмасини қўллайди.

 

Ўз маблағлари билан тўлаш

Ходимга (ота-онага ёки таълим олувчининг ўзига) бир ой учун ҳисоблаб ёзилган, таълим учун тўловни бир йўла тўлашга етарли даромадлар суммасига имтиёзни қўллаш жуда қулай. Таълим учун тўлашга ўтказиладиган маблағларнинг бутун суммасига солиқ чегирмаси қўлланади, яъни бу суммалардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланмайди.

Фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларига ушбу имтиёз татбиқ этилмайди. Улар умумий тартибда белгиланган ставкада (2016 йилда – 7,5%) ушланади. ШЖБПҲга мажбурий ажратмалар ходимнинг солиқ солинадиган даромадларидан ҳисобланади. Тегишинча, ЖШДС бўйича, шу жумладан таълим учун тўлов юзасидан имтиёз мавжуд бўлганда ШЖБПҲга ажратмалар ЖШДС ушлаб қолинадиган даромадлар суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

1-МИСОЛ. 2016 йил августида ходим сентябрь ойи учун иш ҳақини ўғли (21 яшар) ўқув йилининг I семестрида таълим олиши учун тўлашга ўтказиш ҳақида ариза ёзди. Шу ой учун ҳисоблаб ёзилган иш ҳақининг умумий суммаси 5,4 млн сўмни ташкил этди. Шартномага кўра I семестр учун таълим қиймати – 4,8 млн сўм.

Таълим учун тўлов тўлашга йўналтирилган иш ҳақи – 4 800 минг сўмга ЖШДС солинмайди, иш ҳақининг қолдиғи (600 минг сўм) ходимнинг жами солиқ солинадиган даромадига киритилади (ортиб борувчи якун билан) ва унга белгиланган тартибда (шкала бўйича) ЖШДС солинади. Фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлардан ушлаб қолинади. Сентябрь ойи учун улар 405 минг сўмни (5 400 х 7,5%) ташкил этади.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар гуруҳига кирмайдиган, балки мулкий даромадлар, моддий наф тарзидаги даромадлар ҳисобланган даромадлар ва бошқа даромадлар, шунингдек даромадлар сифатида қаралмайдиган ва ЖШДС солинмайдиган тўловлар таълим учун тўлов тўлашга йўналтирилиши мумкин. Ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиш лозим, сабаби баъзи даромадларга солиқ чегирмалари қўлланиши, бошқаларига эса қўлланмаслиги мумкин.

 

2-МИСОЛ. Ходимга сентябрь ойида қуйидагилар ҳисоблаб ёзилган:

иш ҳақи – 2 500 минг сўм;

шахсий автомобилидан хизмат мақсадларида (меъёрлар доирасида) фойдаланганлик учун компенсация – 586,08 минг сўм.

Ходимнинг аризасига кўра таълим учун 3 000 минг сўм тўлов ўтказилди.

Солиқ чегирмаси фақат иш ҳақи суммаси – 2 500 минг сўмга қўлланади, сабаби меъёрлар доирасидаги компенсация ходимнинг даромади ҳисобланмайди ва унга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми). Суғурта бадаллари 2 500 минг сўмдан ҳам ушланади – 187,5 минг сўм.

 

3-МИСОЛ. Ишловчи пенсионер сентябрь ойидаги даромадлари – иш ҳақи (2 200 минг сўм), мукофот (1 150 минг сўм), овқатланиш учун компенсация (260 минг сўм) ва пенсия (450 минг сўм), жами – 4 060 минг сўмни ўғли (25 яшар) республика олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлашга ўтказишлари ҳақида ариза ёзди.

Солиқ чегирмаси фақат меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича даромадлар – иш ҳақи, мукофот, овқатланиш учун компенсация – 3 610 минг сўмга нисбатан қўлланади. Чегирмани пенсияга қўллаб бўлмайди, сабаби у Солиқ кодексининг 179-моддаси 25-бандига асосан ЖШДС тўлашдан озод этилган, ундан фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ундирилмайди. Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича даромадлардан (3 610 минг сўм) 7,5%лик ставкада суғурта бадали ушлаб қолиниши лозим.

 

Бухгалтерия ҳисобида олий ўқув юртига таълим учун тўлов тўлаш ва солиқ чегирмасини қўллаш операциялари қуйидаги ёзувлар билан акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ходимга иш ҳақи, мукофот, овқатланиш учун қўшимча тўлов ҳисоблаб ёзилди

 

2010;

9430

6710

 

Ходимга шахсий автомобилидан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсация ҳисоблаб ёзилди

 

9430

 

6990

 

Олий ўқув юртидаги таълим учун тўлов ўтказилди

 

6710;

6990

5110

 

Ушлаб қолинди:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар);

суғурта бадали

6710

 

6410;

6520

Олий ўқув юртига таълим учун тўлов ўтказилгандан кейин ходимга иш ҳақи ва бошқа даромадлар тўланди

 

6710;

6990

5010

 

 

Солиқ чегирмаси олий ўқув юртидаги таълим учун тўлов тўлашга йўналтириладиган асосий бўлмаган (ўриндошлик асосида) иш жойидаги даромадларга, мулкий даромадларга ҳам қўлланилади. Даромад (ижара ҳақи, дивидендлар) тўлаш манбаи тегишли ҳужжатлар бўлганда имтиёзни қўллайди. Ҳар бир алоҳида ҳолатда даромадларга солиқ солиш хусусиятини инобатга олиш зарур. Чунончи, асосий бўлмаган иш жойида фақат шкала бўйича ЖШДС ушланганда солиқ чегирмасини қўллаш мумкин. Агар ўриндошнинг аризасига кўра солиқ энг юқори ставкада ушланса, тўлов манбаи Солиқ кодексининг 186-моддасига мувофиқ имтиёзни қўллашга ҳақли бўлмайди. Бироқ ўриндош ходим ДСИда йиллик даромадни декларациялашда имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Таълим учун тўлов 10%лик ставкада солиқ солинадиган ҳисоблаб ёзилган дивидендлар ёки ижарадан олинган даромадлар ҳисобига тўланганда солиқ чегирмаси олий ўқув юртига йўналтирилган бутун суммага қўлланилади. Биринчи ҳолатда у 10%лик ставкада солиқ солинадиган дивидендлар суммасини, иккинчи ҳолатда –белгиланган энг кам ставкада (2016 йилда – 7,5%) ЖШДС солинадиган даромадни камайтиради.

 

4-МИСОЛ. Масъулияти чекланган жамият муассисларининг (2 нафар жисмоний шахс) умумий йиғилиши ўз дивидендларининг бир қисмини (6 000 ва 10 000 минг сўм) фарзандларининг (21 ва 27 яшар) республика олий ўқув юртларида таълим олишлари учун тўлов тўлашга йўналтириш ҳақида қарор қабул қилди. Дивидендларга 10%лик ставкада солиқ солинади, у тўлов манбаида ушлаб қолинади.

Талабаларнинг бири 27 ёшга тўлганлиги сабабли таълим олиши учун тўлов суммасига (10 000 минг сўм) солиқ чегирмаси қўлланмайди. Имтиёз 6 000 минг сўмлик суммага қўлланади, у солиқ ушланмаган ҳолда ўтказилади.

 

Мулкий даромадлар сифатида дивидендларга (Солиқ кодексининг 176-моддаси) фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари солинмайди.

 

5-мисол. Хусусий корхона мулкдори барча солиқлар тўлангандан кейин қолган соф фойдани қизининг (19 яшар) Ўзбекистон олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлов (8 000 минг сўм) тўлашга йўналтириш ҳақида буйруқ чиқарди.

Бу ҳолда солиқ чегирмаси қўлланмайди, сабаби солиқлар тўлангандан кейин ХФ мулкдори тасарруфида қоладиган соф фойдага шундай ҳам ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 6-банди).

 

6-МИСОЛ. Корхона жисмоний шахсдан (корхона ходими эмас) савдо хонасини ижарага олган. Шартномага кўра ижара ҳақи ойига 3 000 минг сўмни ташкил этади. Ижарага берувчининг аризасига биноан сентябрь ойида ижара ҳақининг бутун суммаси қизининг олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлов тўлашга ўтказилди. Ариза билан бирга зарур ҳужжатлар тақдим этилган.

Корхона олий ўқув юртига йўналтирилган таълим учун тўлов суммаси – 3 000 минг сўмга имтиёзни қўллайди.

 

Ҳисобда жисмоний шахснинг мулкий даромадлари ҳисобига олий ўқув юртига тўлов ва солиқ чегирмасининг қўлланиши қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ижара ҳақи ҳисобига таълим учун тўлов тўлаш

 

Ижара ҳақи ҳисоблаб ёзилди

 

2500;

9400

6990

 

Олий ўқув юртидаги таълим учун тўлов ўтказилди

 

6990

 

5110

 

Олий ўқув юртига ўтказилгандан кейин қолган ижара ҳақидан ЖШДС ушланди

 

6990

 

6410

 

ЖШДС ушлангандан кейин ижара ҳақи тўланди

 

6990

 

5110

 

Дивидендлар ҳисобига тўлаш

 

Дивидендлар ҳисоблаб ёзилди

 

8710

 

6610

 

Таълим учун тўлов ўтказилди ва дивидендларнинг қолдиғи тўланди

 

6610

 

5110

 

Дивидендлар қолдиғидан 10%лик ставкада солиқ ушланди (тўловчиларда)

 

6610

 

6410

 

 

 

Қарз ҳисобига ўқиш

Агар ходимнинг (ота-она ёки таълим олувчининг ўзи) даромадлари олий ўқув юртидаги таълим учун тўловни бир йўла тўлашга етарли бўлмаса, қарздан фойдаланиш мумкин. Иш берувчи таълим учун тўловга қарз беришга рози бўлганда Фуқаролик кодексининг 732–743-моддаларига мувофиқ шартнома расмийлаштирилади. Қарз шартномаси, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида, қарз суммасидан қатъи назар оддий ёзма шаклда тузилади ва пул топширилган (олий ўқув юртига пул маблағлари ўтказилган) пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Солиқ чегирмаси қарз қопланганда ва тегишли ойда ушлаб қолинадиган даромадларнинг фақат бир қисмига қўлланади.

 

7-МИСОЛ. Ходимга 2016 йил сентябрь ойида 18 яшар ўғли олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлов тўлашга 6 000 минг сўм қарз берилди. Шартномага кўра қарзни қоплаш учун 2017 йил январь ойидан бошлаб ходимнинг иш ҳақидан ҳар ойда 1 000 минг сўм ушлаб қолинади. Бинобарин, ЖШДС бўйича солиқ чегирмаси ҳам 2017 йил январидан бошлаб қўлланади.

 

8-МИСОЛ. Корхона йил давомида (2016 йил сентябридан 2017 йил августигача) қарзнинг 1/12 қисмини (700 минг сўм) кейинчалик ҳар ойда ушлаб қолиш шарти билан ходимига 18 яшар қизининг олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлов тўлашга 8 400 минг сўмлик суммада қарз берди. Олий ўқув юртига тўлов қисмлаб: 50%и – 2016 йил 15 сентябргача, қолган 50%и – 2017 йил 15 январгача ўтказилади.

Ушбу вазиятда бухгалтерия солиқ чегирмасини қуйидаги тартибда қўллайди:

2016 йилда чегирма ходимнинг сентябрь–декабрь ойларидаги иш ҳақидан ушлаб қолинган сумма – ҳар ой учун 700 минг сўмга қўлланади. Чегирманинг умумий суммаси – 2 800 минг сўм (700 х 4);

2017 йилда – январь–август ойлари учун иш ҳақидан ушлаб қолинадиган қолган қарз суммаси – 5 600 минг сўмга (700 х 8).

 

Тарафларнинг келишувига кўра қарз бир календарь йил давомида қайтарилиши мумкин. Бу ҳолда ушбу солиқ даври (календарь йил) учун солиқ чегирмаси таълим учун йўналтирилган бутун суммага қўлланади.

Агар талабанинг отаси ёки онасига қарз берилган бўлса, таълим олувчи фақат 26 ёшга тўлгунга қадар қарзни қоплашга йўналтириладиган маблағларнинг бир қисмига солиқ чегирмаси берилишини инобатга олиш зарур.

 

9-МИСОЛ. Корхона ходимига ўғли 2016/2017 ўқув йилининг I семестрида олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлов тўлашга қарз беради. 6 000 минг сўмлик қарз ярим йилга, ходимнинг иш ҳақидан (2016 йил сентябридан декабригача ва 2017 йил январидан февралигача) унинг суммасининг 1/6 қисмини ҳар ойда ушлаб қолиш шарти билан берилди. Ходимнинг ўғли 2017 йил 14 январда 26 ёшга тўлади.

Қарзни қоплашда ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан чегирма фақат унинг ўғли 26 ёшга тўлгунига қадар, яъни 2016 йил сентябридан 2017 йил 14 январигача бўлган давр учун қўлланади ва 4 452 минг сўмни (1 000 х 4 + 1 000 / 31 х 14) ташкил этади. Қарзнинг қолган қисми – 1 548 минг сўмга (1 000 + 1 000 / 31 х 17) солиқ чегирмаси қўлланмайди.

 

Ҳисобда қарз бериш, маблағларни таълим учун тўлов тўлашга ўтказиш ва иш ҳақидан қарзни ушлаб қолиш қуйидаги проводкалар билан расмийлаштирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Қарз шартномасига кўра ходимга берилган маблағлар ҳисобига олий ўқув юртидаги таълим учун тўлов ўтказилди

 

4720

 

5110

 

Даромад ҳисоблаб ёзилди

 

2000;

2300;

9400 ва б.

6710

 

Шартномада белгиланган миқдордаги қарз ушлаб қолинди

 

6710

 

4720

 

 

 

Кредит ҳисобига ўқиш оқибатлари

Таълим кредити ҳисобига ҳам олий ўқув юртида таълим олиш ҳақини тўлаш мумкин. У тижорат банклари томонидан олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун берилади. Уни талабанинг ўзи, унинг ота-онаси ёки васийлари олишлари мумкин (ВМнинг 26.07.2001 йилдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-банди). Бундай кредитни қоплашда талабанинг ўзи ёшидан қатъи назар ёки унинг ота-онаси у 26 ёшга тўлгунига қадар солиқ чегирмасини қўллашлари мумкин. Васийлигидаги талаба олий ўқув юртида таълим олиши учун тўлов тўлашга таълим кредитини ўз номига расмийлаштирган васийга имтиёз татбиқ этилмайди.

Солиқ чегирмаси кредитни қоплаш усулига қараб қўлланади:

даромадларни тўлаш манбаида, яъни корхона томонидан – агар кредит иш берувчи тижорат банкига ўтказадиган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг бошқа солиқ солинадиган даромадлари ҳисобига қопланса;

декларациялаш пайтида – агар жисмоний шахс кредитни нақд пул маблағлари билан, банкдаги ўз ҳисобрақамидан ёки пластик карточкани қўллаган ҳолда мустақил равишда қоплаётган бўлса.

Таълим кредити суммасига солиқ чегирмаси қуйидаги ҳужжатлар асосида берилади (2107-сон Низомнинг 11-банди):

√ даромадларини кредитни қоплашга ўтказиш тўғрисидаги ариза;

√ талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

√ тижорат банки билан тузилган таълим кредити олиш шартномаси нусхаси;

√ таълим олувчининг паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Жисмоний шахснинг аризасига кўра иш ҳақидан ташқари, мукофотлар, овқатланиш ва йўлкира учун қўшимча тўловлар, дивидендлар, ижара ҳақи ва ҳ.к. кредитни тўлашга йўналтирилиши мумкин. Тўлов манбаи сифатида корхона солиқ солинадиган исталган даромадлар ҳисобига таълим кредитини қоплашда имтиёзни қўллаши мумкин.

Солиқ чегирмаси асосий ва асосий бўлмаган иш жойида қўлланиши мумкин. Асосий бўлмаган иш жойида ЖШДС энг юқори ставкада ушланиши ҳолатлари бундан мустасно (Солиқ кодексининг 186-моддаси 9-қисми).

 

10-МИСОЛ. Ходим сентябрь ойида 18 яшар қизининг ТДИУда таълим олиши учун тўлов тўлашга банкда таълим кредитини расмийлаштирди. Унинг иш ҳақи 1 200 минг сўмни ташкил этади.

Октябрь ойидан бошлаб ҳар ойда банкка 500 минг сўм ўтказилади. Банкка ўтказилган суммага (500 минг сўм) солиқ чегирмаси қўлланади, ЖШДС қолган сумма – 700 минг сўмдан ушланади.

Суғурта бадали ҳисоблаб ёзилган иш ҳақининг бутун суммасидан (1 200 минг сўм) 7,5%лик ставкада ушланади.

 

Бухгалтерия ҳисобида таълим кредитини қоплаш учун тижорат банкига маблағларнинг ўтказилиши қуйидаги ёзувлар билан расмийлаштирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Даромад ҳисоблаб ёзилди

 

2000;

2300;

9400 ва б.

6710

 

Шартномага кўра кредитнинг бир қисми ушлаб қолинди ва банкка ўтказилди

 

6710

 

5110

 

 

Агар талабанинг отаси ёки онаси кредит олган бўлса, имтиёзни қўллашда ёшга доир чегара – таълим олувчининг 26 ёшга тўлмаганлиги инобатга олиниши керак. Таълим олувчи фақат 26 ёшга тўлгунга қадар кредитни қоплашга йўналтириладиган ота-онанинг даромадларига солиқ чегирмаси қўлланилади. Қолган суммага имтиёзни талабанинг ўзи, агар солиқ солинадиган даромадга эга бўлса, қўллаши мумкин.

 

Солиқ чегирмаси билан декларация

Ўзбекистон олий ўқув юртида таълим олиш учун тўловни нақд пул маблағлари билан, банкдаги ўз ҳисобрақамларидан ёки пластик карталарни қўллаган ҳолда мустақил равишда тўлаган жисмоний шахслар (талаба ёки унинг ота-онаси) жами йиллик даромад тўғрисида декларация топшираётганда солиқ чегирмасини қўллашга ҳақли бўладилар. У яшаш жойидаги ДСИга ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача тақдим этилади – 2016 йилда олинган даромадларни 2017 йил 1 апрелигача декларациялаш лозим.

Муайян сабабларга кўра йил давомида солиқ чегирмасидан фойдалана олмаган жисмоний шахслар декларациялаш чоғида уни қўллаш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда ЖШДС солинадиган даромадларга эга бўлмаган шахслар имтиёзни қўллашга ҳақли бўлмайдилар. Чунончи, фарзандининг олий ўқув юртида таълим олиши учун тўловни тўлаган ва пенсиядан бошқа даромадларга эга бўлмаган пенсионер ота ёки она декларация асосида солиқ чегирмасидан фойдалана олмайди. Солиқ кодексининг 179-моддаси 25-бандига мувофиқ пенсиядан ЖШДС ушланмайди, бинобарин, унинг солиқ солинадиган даромадлари йўқ. Тадбиркорлик фаолияти доирасида олган даромадларидан таълим учун тўловни тўлашга қарор қилган якка тартибдаги тадбиркор ҳам имтиёздан фойдалана олмайди, чунки у жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини эмас, қатъий белгиланган солиқни тўлайди.

Таълим учун тўловга доир имтиёзни қўллаш мақсадида декларация билан бирга қуйидагиларни тақдим этиш зарур:

√ талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

√ тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси;

√ олий ўқув юрти ҳисобрақамига (таълим кредитини қоплаганда тижорат банки ҳисобрақамига) пул маблағлари мустақил тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

√ паспорт нусхаси – солиқ имтиёзи таълим олувчининг ўзи томонидан қўлланилганда;

√ таълим олувчининг паспорт нусхаси ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси – солиқ имтиёзи ота-она томонидан қўлланилганда;

√ агар солиқ чегирмасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар битта солиқ инспекциясида ҳисобда турган бўлса, имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ушбу шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхалари;

√ солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар (ота, она, таълим олаётган фарзандлар) турли ДСИда ҳисобда турган бўлсалар, имтиёзни қўллаганликлари (ёки қўлламаганликлари) тўғрисидаги маълумотнома.

Ушбу ҳужжатлардан ташқари ҳар бир тўлов манбаи бўйича тўланган даромадлар ва ЖШДСнинг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотнома ҳам керак бўлади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида декларациянинг тегишли бўлимлари ва кўрсаткичлари тўлдирилади, уларга қараб жами йиллик даромад суммаси, солиқ чегирмаси ва солиқ солинадиган даромад миқдори, имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС суммаси аниқланади, у йил давомида ушлаб қолинган солиқ суммаси билан солиштирилади. Тўланган сумма билан имтиёз ҳисобга олинган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ ЖШДС бўйича ортиқча тўлов ҳисобланади. У ариза асосида жисмоний шахсга (ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида) қайтарилади ёхуд мол-мулк солиғи ёки ер солиғини тўлаш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин (Солиқ кодексининг 56, 57-моддалари).

Солиқ чегирмаси жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган миқдорда олий ўқув юртида таълим олиш учун амалга оширилган харажатлар суммасига берилади (2107-сон Низомнинг 16-банди).

 

11-МИСОЛ. 2016 йилда олий ўқув юрти талабаси ўзининг ўқиши учун 8 000 минг сўмни нақд пул билан тўлади. Унга берилган тўланган даромадлар ва ЖШДСнинг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномага кўра унинг жами даромади 8 890 минг сўмни ташкил этган. Ундан ЖШДС – 651,716 минг сўм, шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 73,271 минг сўм ушлаб қолинган. Бюджетга 578,445 минг сўм солиқ тўланган.

Жами даромад олий ўқув юртига ўтказилган суммадан ошади. Шу сабабли солиқ чегирмаси 8 000 минг сўмга тўлиқ қўлланади. Йил якунларига кўра солиқ солинадиган даромад 890 минг сўмни (8 890 – 8 000) ташкил этди. 2016 йилги шкалада ЖШДС айни шу суммадан ҳисобланади, у бир йилдаги ЭКИҲнинг бир баравари суммасидан (1 562 880 сўм) камлиги сабабли ЖШДС нолга тенг бўлади.

ЖШДС бўйича ортиқча тўлов 578,445 минг сўмни ташкил этади.

 

Агар йиллик даромад олий ўқув юртидаги таълим учун тўлов суммасидан кам бўлса, қолган суммага солиқ чегирмасини ушбу имтиёзни олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа оила аъзоси, башарти илгари тўлов манбаида уни қўлламаган бўлса, қўллаши мумкин.

 

12-МИСОЛ. 20 яшар қизининг олий ўқув юртида таълим олиши учун 8 500 минг сўм тўлов нақд пул билан тўланган. Отасининг жами йиллик даромади 6 000 минг сўмга, онасиники 4 200 минг сўмга тенг. Талаба қиз даромадга эга эмас.

Ота-онасининг иккови солиқ чегирмасини қўллаш ҳуқуқига эга. Отаси декларация топшираётганда унинг жами йиллик даромади – 6 000 минг сўмга чегирма қўлланиши мумкин, талабанинг онаси декларация топшираётганда қолган 2 500 минг сўм чегирилиши мумкин.

 

Агар тўлов манбаи фақат таълим олувчи 26 ёшга тўлгунига қадар талабанинг отаси ёки онаси қарзни (кредитни) қоплашга йўналтирган даромадларига солиқ чегирмасини қўллаган бўлса, қолган суммага имтиёзни талабанинг ўзи солиқ солинадиган даромадга эга бўлганда қўллаши мумкин. Бунинг учун ДСИга декларация билан бирга қуйидагилар тақдим этилади:

√ имтиёзни қўллаш ҳуқуқига эгалигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

√ тўлов манбаида чегирмани қўллаган ота ёки онанинг тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотномаси;

√ маблағларни олий ўқув юртига ўтказишга тўлов топшириқномасининг нусхаси.

 

13-МИСОЛ. Ўғлининг Миллий университетда ўқиш ҳақини тўлаш учун корхона ходимнинг аризасига ва раҳбарнинг буйруғига биноан 4 500 минг сўм қарз берди. Тўлов 2016/2017 ўқув йилининг I семестри (сентябрь–январь ойлари) учун тўланди. Шартномага кўра қарз сентябрь–январь ойлари давомида тенг улушлар билан ойига 900 минг сўмдан қайтарилади.

Талаба ўғли 12 декабрда 26 ёшга тўлган. Унинг жами йиллик даромади 1 800 минг сўмни ташкил этди. Ундан 17 784 сўм ЖШДС, 2 371,2 сўм ШЖБПҲга ажратмалар ушланди. Бюджетга 15 412,8 сўм солиқ тўланди.

Онасининг иш жойидаги корхона бухгалтерияси фақат ўғли 26 ёшга тўлгунга қадар, яъни 2016 йил сентябридан 12 декабригача қарзни қоплаш ҳисобига ушлаб қолинадиган суммаларга солиқ чегирмасини қўллади. Чегирма суммаси 3 048,387 минг сўмни (900 х 3 + 900 / 31 х 12) ташкил этди.

Имтиёзнинг қолган қисми – 1 451,613 минг сўм (4 500 – 3 048,387) ишловчи талабанинг ўзи декларация тақдим этганда қўлланади. ДСИ ҳисоблаб ёзилган жами даромад – 1 800 минг сўмдан келиб чиқиб солиқни қайта ҳисоблайди. Чегирмадан (1 451,613 минг сўм) кейин солиқ солинадиган даромад – 348,387 минг сўм (1 800 – 1 451,613) қолади. Ушбу сумма бир йилдаги ЭКИҲнинг бир баравари суммасидан (1 562 880 сўм) кам, шу сабабли ЖШДС нолга тенг бўлади.

ЖШДС бўйича ортиқча тўлов 15 412,8 сўмни ташкил этади.

 

Агар солиқ даврида чегирмадан тўлиқ фойдаланиб бўлмаса (таълим учун тўловга харажатлар солиқ солинадиган даромаддан кўп бўлса), унинг қолдиғи келгуси солиқ даврларига ўтказилмайди (2107-сон Низомнинг 8-банди).

 

14-МИСОЛ. 2016 йил сентябрида ота ўғлининг ўқиши учун (2016/2017 ўқув йилининг I семестрида) 4 800 минг сўм тўлади. 2016 йилда йиллик солиқ солинадиган даромад 3 200 минг сўмни ташкил этди. Ўғли ва турмуш ўртоғи даромадга эга эмас. Аслида таълим учун тўловга ҳақиқатдаги харажатлар 4 800 минг сўмни ташкил этган бўлса ҳам, декларациялаш чоғида отасининг фақат солиқ солинадиган даромади – 3 200 минг сўм доирасида солиқ чегирмаси қўлланади. 1 600 минг сўмлик қолдиқ 2017 йилга ўтказилмайди.

 

Ҳисобда турган жойи аҳамиятга эга

Солиқ чегирмасини қўллаш учун декларациялаш тартиби ота-она ва республика олий ўқув юртларида таълим олаётган уларнинг фарзандлари битта ёки турли солиқ инспекцияларида ҳисобда турганликларига боғлиқ бўлади. Жисмоний шахснинг солиқ ҳисобига олинган жойи унинг доимий яшаш (прописка қилинган) жойига қараб белгиланади (Солиқ кодексининг 192-моддаси).

Агар имтиёзга ҳақли бўлган шахслар (ота, она, талаба фарзанд) битта тумандаги ДСИ ҳисобида турган бўлса, улар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация билан бирга фақат солиқ чегирмасига ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхаларини тақдим этадилар. Масалан, ота даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмоқда. У билан бирга қуйидагиларни тақдим этиши керак:

√ имтиёзга ҳақли бўлган бошқа оила аъзолари, яъни турмуш ўртоғи ва талаба фарзандининг паспорт ва СТИР нусхалари;

√ талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

√ олий ўқув юрти ҳисобрақамига ёки таълим кредитини қоплаганда тижорат банки ҳисобрақамига пул маблағлари мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

√ фарзандининг паспорт нусхаси ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

√ тўланган даромадлар ва ЖШДСнинг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотнома.

ДСИ ўзида мавжуд бўлган ахборот ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида солиқ чегирмасига ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахслар уни қўллаган-қўлламаганликларини аниқлайди.

Агар имтиёзга ҳақли бўлган шахслар турли солиқ инспекцияларида ҳисобда турган бўлсалар, декларация билан бирга солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органининг имтиёзни қўллаганликлари ёки қўлламаганликлари тўғрисидаги маълумотномасини (ёки маълумотномаларини) тақдим этишлари зарур. Масалан, олий ўқув юрти талабасининг онаси жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этмоқда. Декларация билан бирга ДСИга унинг қизи ва турмуш ўртоғи солиқ чегирмасини қўлламаганликлари ҳақида солиқ органи берган, 2107-сон Низомга 1-илова шаклидаги маълумотномани тақдим этиши шарт.

Солиқ чегирмаси суммаси декларация тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади суммасидан ошган ҳолларда қолган суммага солиқ чегирмаси унга ҳақли бўлган бошқа шахсларга, башарти улар бошқа шахс солиқ чегирмасини қўллаганлигини тасдиқловчи маълумотнома (маълумотномалар) тақдим этганда, берилиши мумкин.

 

15-МИСОЛ. 18 яшар ўғли олий ўқув юртида ўқиши учун 8 000 минг сўм нақд пул билан тўланган. Тўланган даромадлар ва ЖШДСнинг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномаларга кўра, отасининг (Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида пропискадан ўтган) жами йиллик даромади 5 200 минг сўмни, онасиники (Миробод туманида пропискадан ўтган) 3 800 минг сўмни ташкил этди.

Агар отаси биринчи бўлиб декларация топширса, чегирмани қўллаш учун турмуш ўртоғи имтиёзни қўлламаганини тасдиқловчи Миробод туман ДСИнинг маълумотномасини тақдим этиши керак. Шу асосда Яшнобод туман ДСИ маълумотномаларда кўрсатилган даромад – 5 200 минг сўм доирасида чегирмани амалга оширади.

Қолган суммага (2 800 минг сўм) имтиёзни қўллаш учун онаси Миробод туман ДСИга отанинг даромадларидан солиқ чегирмалари ҳақидаги Яшнобод туман ДСИнинг маълумотномасини тақдим этади.

 

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 11044 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-02-04 17:02:56, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-12-26 11:40:06, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика