Корхонада муддати ўтган (3 ой) дебиторлик қарзи мавжуд. Директор, муассис ҳам унинг ўзи, ушбу қарздан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилди.
Муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилишини қандай ҳужжатлар билан расмийлаштириш мумкин?
ЯСТ тўловчилари: корхонамиз ва дебиторда ушбу операция юзасидан қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Ф.Еремеева,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Муассис (директор) дебиторлик қарзини корхона зарарига ҳисобдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли.
Қарзнинг ҳисобдан чиқарилиши қарздан воз кечиш ҳақидаги битим билан расмийлаштирилади (ФКнинг 348-моддаси). Қарздан воз кечиш таомилидан фойдаланган тарафлар тузилган шартномалар бўйича ўзаро мажбуриятларга чек қўйиш имконига эга бўладилар.
Одатда, раҳбарлар ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли талқин этилиши боис бундай қарорларни қабул қилишдан қочишга уринадилар. Мулк эгаси (муассис) мол-мулкни сотишдан фойда ёки бошқа наф олишдан манфаатдор. Дебиторлик қарзи атиги 3 ой ўтгач корхона зарарларига ҳисобдан чиқарилганда, бундай қарор нима мақсадда қабул қилинган деган савол туғилади. Шу сабабли даъво қилиш муддати ўтгунча дебиторлик қарзининг ҳисобдан чиқарилиши шубҳали битим дея баҳоланиши мумкин.
Товарлар амалда жўнатилган, ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган кундан бошлаб 90 кун ўтгандан кейин, етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун маблағлар келиб тушмаганда дебиторлик қарзи муддати ўтиб кетган деб ҳисобланади (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармоннинг 2-банди). Сизнинг ҳолатда ҳисобдан чиқариш пайтида дебиторлик қарзи муддати ўтган деб ҳисобланади. Юзага келган вазиятда тўловга ноқобил контрагент билан шартнома тузилган деган хаёлга келиш мумкин. Қарзни бартараф этишга доир бирон-бир чора кўриш (солиштириш далолатномасини расмийлаштириш, тўлов талабномасини қўйиш, қарзни ундириш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилиш) ўрнига корхона қарздан воз кечиб, бунда зарар кўряпти.
Солиқ оқибатлари
Дебиторлик қарзидан воз кечиш сабабли кўрилган зарарлар корхонангиз учун солиқ оқибатларини юзага келтирмайди. Дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш – ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага таъсир кўрсатмайдиган харажатлар (Солиқ кодексининг 356-моддаси).
Қарздорингизда эса мажбурият ҳисобдан чиқарилаётганда даромад юзага келади. У корхонанинг бошқа даромадларига киради (Солиқ кодексининг 132, 136-моддалари) ва унга асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.