Norma.uz

Республика универсал агросаноат биржаси – 25 ёшда

 

Республика универсал агросаноат биржаси (РУАБ) 1991 йил 23 октябрда ташкил этилган. Ўз вақтида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигини таъминлаш-таъмирлаш идораси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, жамоа хўжаликлари ва бошқалар тимсолида агросаноат мажмуасининг асосий тузилмалари унинг муассислари бўлган.

 

Ўзининг дастлабки савдоларини РУАБ 1991 йил 25 декабрда Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг «Сув хўжалиги» павильонида ўтказди. Ўшандан бери мамлакатимиз билан бирга Агросаноат биржаси 25 йиллик йўлни босиб ўтди.

Ўтган йиллар РУАБ учун ўсиш ва биржа савдолари технологияларини такомиллаштириш даври бўлди. Бугунги кунда биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларининг замонавий электрон тизимига эга бўлган, ўз атрофига бозор иштирокчиларини бирлаштирган Агросаноат биржаси республиканинг жадал ривожланаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун биржа хизматларининг кенг мажмуасини тақдим этмоқда.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг нохуш таъсири давом этаётганига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишнинг барқарор юқори суръатларига эга бўлиб келяпти. Чунончи, 2016 йил I ярмининг якунларига кўра Ўзбекистон ЯИМ ўтган йилнинг худди шундай даври билан таққослаганда 7,8%га, саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми 6,7%га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлариники эса 6,8%га ўсган. Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти жорий йилниг I ярми мобайнида 354 минг тоннадан ошди, бу эса 2015 йилнинг худди шундай даври билан таққослаганда 1,3 баравар кўпдир (шу жумладан 270 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 130 минг тоннадан зиёд мева ва узум, 1,3 минг тонна полиз экинлари экспорт қилинди).

Келтирилган кўрсаткичлар халқаро савдода, бунга маҳсулотни биржада сотиш сегменти ҳам киради, республикамиз жуда катта имкониятларга эгалигини тасдиқлайди. Бунда корхоналар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари ишлаб чиқарган ва етиштирган маҳаллий маҳсулотлар экспортини моддий-техник таъминлаш ҳамда ҳар томонлама унга кўмаклашиш биржанинг устувор вазифаси ҳисобланади.

Республика универсал агросаноат биржасининг 25 йиллиги арафасида у ана шу йиллар ичида қандай натижаларга эришишга муваффақ бўлганлигини эслаш ўринлидир.

Биржанинг техник мажмуаси ўтган ўн йилликлар ичида сезиларли равишда ўзгарди. У 1991 йилдаги РС/АТ туридаги дастлабки компьютерлардан замонавий серверлар кўринишидаги ҳозирги ҳисоблаш тизимлари ва электрон маълумотлар базаларини ташкил этишга қадар, ADSLдан 4 Мб/сония тезлигида WiMAX канали бўйича симсиз алоқага, кейинчалик 10 Мб/сония тезлигида оптик-толали алоқага эга бўлган каналларга қадар бўлган йўлни босиб ўтди.

Бугунги кунда биржа ишончли телекоммуникация, зарур ускуналар ва замонавий дастурий воситаларга, мамлакат минтақаларида фаолият юритаётган филиалларга эга. Буларнинг ҳаммаси иштирокчилари сони чекланмаган биржа савдоларида қатнашиш имконини беради.

Савдоларнинг замонавий электрон платформаси ҳар кимнинг биржа ва ярмарка-кўргазма савдоларига қўйилган товарлар билан танишишига имкон беради, уларни сотишга доир таклифлар билан барча таниша олиши учун товарларни фақат кейинги кунда харид қилиш мумкин.

Биржада электрон ҳужжатлар айланиши жадаллик билан жорий этиляпти. Нафақат брокерлар, биржанинг Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси мижозлари ҳам электрон рақамли имзоларга эгадир. Мижозлар битимларни реал вақт режимида кузатишлари мумкин.

Агросаноат биржаси, бозор инфратузилмаси сифатида, мамлакат иқтисодиёти билан биргаликда ўсди ва ривожланди, мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчиларини моддий-техник таъминлаш ҳамда уларнинг маҳсулотларини экспортга реализация қилиш бўйича муҳим вазифаларни бажаришда фаол иштирок этиб, биржа савдоларининг очиқ-ошкорлиги ва адолатли бўлишини, шунингдек барча мулкчилик шаклидаги корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг товар ресурсларидан тенг фойдалана олишларини таъминлади.

Ўз устав вазифаларини бажараётган ва филиаллар тармоғига эга бўлган ҳолда, республика агросаноат бозорини ривожлантириш мақсадида у биржа хизматларини барча минтақаларга етказиб бермоқда.

Халқаро савдони кенгайтириш ва ривожлантиришнинг муҳимлигини англаган ҳолда Агросаноат биржаси кўп йиллардан бери Россия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг етакчи агросаноат ва озиқ-овқат биржалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Агросаноат биржасининг энг аҳамиятли хорижий ҳамкорлари орасида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Товар ва озиқ-овқат биржалари иттифоқи (Москва), Украина аграр биржалари уюшмаси (Киев), Халқаро озиқ-овқат биржаси (Москва), Киев агросаноат биржаси (Киев), Белоруссия товар биржаси (Минск), Евросиё ҳамкорлиги универсал товар-хом ашё биржаси (Астана), Қирғизистон товар биржаси (Бишкек).

Агросаноат биржаси Савдо-саноат палатасининг дастурларида иштирок этади, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли «Деҳқон савдо» АЖ, «Озиқ-овқат холдинг» холдинг компанияси ва республика агросаноат мажмуаси корхоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Агросаноат биржаси ташкилий жиҳатдан ҳам ривожланмоқда. Бугунги кунда «РУАБ» АЖ акциядорлари таркибида хорижий ҳамкор ҳам бор, бу эса корпоратив бошқариш усулларини такомиллаштиришга, биржани модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга имкон яратиши шубҳасиз.

Кўрилган чоралар натижасида маҳсулот ҳажмлари анча ўсиб, РУАБда биржа савдосининг сифат кўрсаткичлари яхшиланди.

Чунончи, жорий йилнинг 9 ойида биржа ва ярмарка-кўргазма савдоларида тузилган битимлар ҳажми 418,6 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес корхоналари ҳиссасига 45,3% тўғри келади, бу эса 180,6 млрд сўмни ташкил этади.

Биржа савдоларида экспорт битимлари ҳажми 2016 йилнинг 9 ойида 138,5 млрд сўмга етди, шу жумладан валюта экспорти 324,3 минг АҚШ долларини ташкил қилди. Ўтган йилнинг худди шундай даври билан таққослаганда экспорт ҳажмларининг ўсиши фоиз нисбатида 30,8%ни ташкил этди.

Биржа савдоларида йил бошидан бери 114,02 млрд сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилди, 2015 йилнинг худди шундай даврида эса 25,4 млрд сўмлик миқдорда сотилган эди, сотиш ҳажмлари 4 баравардан кўп ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича сотиш турларига кўра биржанинг 2016 йил 9 ойидаги обороти қуйидагича бўлди. Экспорт 41,06 млрд сўмни ташкил этди. Мевали дарахтлар кўчатлари ва ширинмия илдизининг экстракти экспорт қилинди. Импорт бўйича оборот 72,96 млрд сўмга етди. Унинг асосини дон экинлари (озуқабоп буғдой, арпа), қулмоқ (хмель)нинг Геркулес нави, ширинмия, кунгабоқар ва соя кунжараси ташкил этди.

Кўрилаётган даврида биржа импорти 111,5 млрд сўмни ташкил этди. Экспорт ҳажмлари ҳар доимгидек устун туради ва импорт ҳажмларидан 27 млрд сўм ёки 20% ошади.

Биржа экспорт-импорт битимларига алоҳида эътибор бериб, экспортчи ва импортчилар учун жозибали шарт-шароитлар яратмоқда. Биржа йиғимлари ҳажмнинг 0,1%идан ошмайди ва битимлар ҳажми ошганда камайиш тамойилига эга бўлади.

Тадбиркорларга фаол ёрдам бериш учун биржа таркибида бизнес субъектлари билан ишлайдиган махсус бўлинма ташкил этилган. Унинг мақсади – тадбиркорларга товарларни излашда ва маҳсулотларини сотишда ёрдам беришни ташкил этиш, уларга биржа савдоси имкониятларини батафсил ва аниқ тушунтириш, маҳаллий маҳсулотларни экспортга йўналтириш.

Бугунги кунда товар-хом ашё биржалари республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар ва хом ашёни миллий валюта – сўмга импорт қилиш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этиб, мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ривожланишларига ҳамда халқ хўжалигининг энергетика, кимё, агросаноат ва бошқа тармоқларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат вазифаларини ҳал этишларига имкон яратмоқдалар. Бунда тўғридан-тўғри банк импорт контрактлари ҳақини тўлашда ажратиш зарур бўлган валюта ресурсларининг катта ҳажмлари бўшатиб олинади. Масалан, ўтган 3 йилнинг ўзида Агросаноат биржасида тузилган импорт контрактлари бўйича республикамизга миллий валюта – сўмда 540 000 тоннадан кўп тошкўмир, 15 000 тонна озуқабоп буғдой, 11 000 тонна арпа, 10 000 тоннага яқин маккажўхори, 17 000 тоннадан ортиқ металл прокати, 60 000 куб метрдан зиёд ёғоч-тахта ва бошқа ишлаб чиқариш-техник маҳсулотлар олиб келинди.

Эркин алмаштириладиган валюталар курслари ўзгариб турган шароитда ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланиш имконияти жиддий аҳамият касб этади. Чунончи, Россия ва Хитой жаҳон инқирози шароитида ўз миллий валюталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоблар қилиш зарур деган фикрга яқиндагина келдилар, бу эса ЭАВга қарамликни анча камайтиради.

Ҳисоб-китобларда миллий валютадан фойдаланган ҳолда товар-хом ашё биржаларида импорт контрактлари бўйича ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш борасида Ўзбекистонда 15 йил мобайнида тўпланган тажриба амалда ўзининг юқори самарадорлигини кўрсатди.

Норезидентлар билан ўзаро ҳисоб-китоблар нафақат товарларнинг муқобил экспорти, балки мамлакатимиз эмитентларининг акцияларини сотиб олиш ҳамда маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни барпо этиш йўли билан норезидентлар томонидан маблағлар инвестицияланиши усули воситасида ҳам амалга ошириляпти.

Мамлакатимиз ҳукуматининг доимий эътибори ва ғамхўрлиги, шунингдек товар-хом ашё биржалари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш биржанинг муваффақият билан ишлашига имкон яратмоқда. Кейинги йилларнинг ўзидагина «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонун (12.09.2014 йилдаги ЎРҚ-375-сон Қонун таҳририда), Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон) ва бир қатор бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, улар биржаларнинг ривожланиш йўллари, асосий вазифалари, республика иқтисодиётидаги роли ва ўрнини аниқ-равшан белгилаб берди. Биржа фаолиятининг бошқарувчиси – Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси биржаларга услубий ва ташкилий жиҳатдан катта ёрдам кўрсатиб, биржа товар бозорларининг очиқ-ошкорлиги, тенг ҳуқуқлилиги ва рақобат қилишини таъминламоқда.

Республика универсал агросаноат биржаси мамлакатимиз раҳбарияти белгилаб берган устуворликлар ва вазифаларга амал қилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариши ҳажмлари ўсиши, уларнинг экспорт салоҳияти ошиши учун янада кенг имкониятларни яратган ҳолда келгусида ҳам ўз фаолиятини изчил такомиллаштиришни мақсад килиб кўйган.

 

Темур ВАЛИТОВ,

Республика универсал агросаноат
биржасининг бош директори.  

Прочитано: 2042 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика