Божхона хизматлари судга тасдиқлаш учун Россиядан пул маблағларини олиб кирганлигим ҳақида маълумотнома бера оладиларми? Мен узоқ вақт Россияда ишлаганман ва самолётда чегарани кўп бор кесиб ўтганман. ЎзР қоидаларига кўра декларацияни доим тўлдирганман.
А.Абдуллаев.
– Ҳа, божхона органлари республикага кириб келишда тўлдирилган йўловчи божхона декларациялари нусхаларини сизга беришга мажбурлар.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 259-моддасига мувофиқ, йўловчи божхона декларацияси нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган, декларацияланадиган товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдириладиган ва божхона органига тақдим этиладиган ҳужжатдир.
Божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб у юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади (БКнинг 264-моддаси). Яъни нақд хорижий валюта қонуний олиб кирилганлигини тасдиқлаш учун ЎзР давлат чегараси кесиб ўтиладиган пунктда, шу жумладан халқаро аэропортда жойлашган божхона органи инспекторининг шахсий муҳри билан тасдиқланган йўловчи божхона декларациясига эга бўлишнинг ўзи етарли.
Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, у жисмоний шахслар томонидан мамлакатимиз божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликларининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида қўлланилади. У 16 ёшга тўлган шахслар томонидан ўтказиш пунктлари орқали чегарани ҳар гал кесиб ўтганда тўлдирилади.
Декларация белгиланган шаклда 2 нусхада тўлдирилади. Бир нусхаси божхона органида қолади, иккинчиси эса декларацияни тўлдирган шахсга берилади.
Декларация резидентлар томонидан Ўзбекистонга киришда бир нусхада тўлдирилиши мумкин.
Диққат! Муайян идораларда нақд чет эл валютаси олиб кирилганлигини тасдиқлаш зарур бўлганда декларацияни 2 нусхада тўлдиринг.
Декларация йўқотилган тақдирда тикланмайди. Бироқ бу ҳолда жисмоний шахс декларация нусхасини ва унда кўрсатилган нақд валюта ва бошқа валюта бойликлари олиб ўтилганлигини тасдиқловчи маълумотни олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун божхона расмийлаштирувидан ўтказган божхона органига мурожаат қилиш зарур.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.