Компаниямиз ишлаб чиқарувчи билан тўқимачилик асбоб-ускуналарини етказиб беришга шартнома тузди. Унда олдиндан 70% тўлов назарда тутилган. Тўловнинг қолган қисми битта ТИФ ТН коди бўйича олиб ўтиладиган, юклаб жўнатишга тайёр ускунани текширувдан ўтказганимиздан сўнг тўланади.
Бизга божхона постида тушунтиришларига кўра, янги Божхона кодекси кучга киргандан кейин товар қисмларга бўлиб олиб келинган тақдирда, мазкур қисмлар божхонада фақат “Божхона омбори” режимига жойлаштирилар экан ва ҳамма ускуна келиб тушгандан кейингина юкни эркин муомалага чиқаришимиз мумкин бўларкан. Бироқ ваколатли банкда мазкур ҳолатда бизда муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзи юзага келишини айтишяпти. Қандай йўл тутиш керак? Шартнома тузилаётган пайтдаги шартларимиз бошқача бўлган, яъни биз ҳамма қисмлар келиб тушишини кутмасдан, келиб тушган ускуна қисмларини эркин муомала режимида расмийлаштиришимиз мумкин эди.
Дмитрий К.
Давлат божхона қўмитаси мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.
Божхона кодексида божхона органлари “ускуналар қисмларга бўлиб олиб келинган тақдирда, ушбу қисмларни фақат “Божхона омбори” режимида расмийлаштиради ва барча ускуна келиб тушгандан кейингина уни эркин муомала учун божхона режимида расмийлаштиради” деган тартиб назарда тутилмаган.
Божхона кодексининг 26-моддаси 2-қисмига мувофиқ ваколатли шахс товарларнинг ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, ишлаб чиқарилган мамлакати ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган божхона режимини танлашга ёки уни бошқа божхона режимига ўзгартиришга ҳақли.
Шу билан бирга БКнинг 369-моддасига кўра товарларни таснифлаш Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТНни талқин этишнинг асосий қоидаларига ва таснифлашнинг ҳар қандай даражасидаги кичик субпозицияларга доир изоҳларга мувофиқ амалга оширилади.
Тўқимачилик асбоб-ускунаси асосан ЎзР ТИФ ТН XVI бўлимининг 8445-8447 товар позицияларида таснифланади. XVI бўлимга қўшимча изоҳларнинг 3-бандига мувофиқ декларантнинг аризасига кўра ҳамда ваколатли органлар томонидан белгиланган шартларга риоя қилинган тақдирда, Номенклатурани талқин этишнинг асосий қоидалари 2а-бандининг меъёрлари алоҳида-алоҳида туркумларда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган машиналарга ҳам қўлланилади.
Шунингдек маълум қиламизки, Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатининг (20.07.2015 йилдаги 197-сон ВМҚ билан тасдиқланган) 5-бандига асосан тўқимачилик асбоб-ускуналарининг асосий турларини (ТИФ ТН бўйича кодлари 8445, 8446, 8447) етказиб беришга шартномалар (контрактлар) бўйича уларнинг замонавий технологик талабларга ва жаҳон нархлари даражасига мувофиқлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлигининг хулосаси тақдим этилиши зарур*.
“Эркин муомалага чиқариш” божхона режимида расмийлаштириш учун сиз Агентликнинг тегишли хулосаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ барча зарур ҳужжатларни тақдим этган ҳолда товар келиб тушган божхона постига мурожаат қилишингиз лозим.
Жавоб қониқтирмаган тақдирда, сиз судга ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа юқори турувчи органларига белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Муталибжон СОЛИЕВ,
ЎзР Давлат божхона қўмитаси
раисининг ўринбосари.
*5-банд ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 29.03.2016 йилдаги 95-сон қарори билан киритилган.