Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 25 / Божхона

Божхона имтиёзлари – тадбиркорга мадад

 

Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистоннинг учта индустриал ва иқтисодий зоналари иштирокчиларига тақдим этилган божхона имтиёзларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2008 йилда Президентнинг 2.12.2008 йилдаги ПФ-4059-сон Фармони билан Навоий шаҳри ёнида худди шу номдаги аэропорт яқинида “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зона (“Навоий” ЭИИЗ) ташкил этилди.

2012 йилда Президентнинг 13.04.2012 йилдаги ПФ-4436-сон Фармони билан Тошкент вилоятида “Ангрен” махсус индустриал зонаси (“Ангрен” МИЗ) барпо этилди.

2013 йилда Президентнинг 18.03.2013 йилдаги ПФ-4516-сон Фармони билан Жиззах вилоятида “Жиззах” махсус индустриал зонаси (“Жиззах” МИЗ) барпо этилди.

 

“Навоий” ЭИИЗ

Мамлакатимиз марказида “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасининг ташкил этилиши, шубҳасиз, мазкур ҳудуднинг иқтисодий-индустриал ўсишига ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Бугунги кунга қадар ушбу зонада Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби ривожланган давлатлар билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб, автомобиль учун зарур бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, телевизор тюнерлари ва модемлар, мобиль телефон ва смартфонлар, планшет ва ноутбуклар, светодиод лампалар ва юқори кучланишга чидамли кабеллар, алюмин профиллар ва алюминдан ясалган буюмлар, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, болалар тагликлари ва косметика буюмлари, пластик ва полимер буюмлар ишлаб чиқариш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ўраш ва сақлашга ихтисослашган 23 та корхона рўйхатга олинган.

Ташкил этилганидан буён мазкур ЭИИЗга 122 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, унинг 35 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил қилади. Индустриал зонанинг бу каби муносиб ютуқларга эришишида ушбу ҳудуд субъектлари учун жорий қилинган божхона имтиёзларининг ўрни беқиёсдир.

Жумладан, “Навоий” ЭИИЗда рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектлар ушбу зона фаолият кўрсатадиган бутун муддатга, яъни 30 йилга (ушбу муддат узайтирилиши мумкин) экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хориждан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, шунингдек хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар божхона тўловларидан озод қилинган.

Ўзбекистоннинг ички бозорларида сотиш учун мўлжалланган маҳсулотни ишлаб чиқариш мақсадида хориждан олиб келинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари, амалдаги ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида ундирилади, бунда уларни тўлаш муддати 180 кунгача кечиктирилиши мумкин.

Эътиборлиси шундаки, индустриал зонада субъектлар учун божхона тўловларидан имтиёзларни жорий қилишда Ҳукуматимиз томонидан экспортни рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, индустриал зонада ишлаб чиқарилган товарлар мамлакат ички ҳудудига сотилган ҳолларда бундай товарларни ишлаб чиқариш учун импорт қилинган хом ашё ва материаллар божхона тўловларидан қисман, яъни 50%га озод қилинади. Агар товарларни бошқа давлатларга экспорт қилишга эришилса, унда импорт қилинган хом ашё ва материаллар божхона тўловларидан тўлиқ озод қилинади.

Ушбу механизм индустриал зона субъектларини ўз маҳсулотларини янада сифатли ишлаб чиқаришга, жаҳон бозорида рақобатбардош бўлишига, товар таннархининг шаклланишида харажатларни минималлаштиришга, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий техника ва технологияларни жалб этишга, инновацион ғоялар устида изланишга ундайди.

Биргина 2015 йилнинг ўзида зона ҳудудида қарийб 180 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 5,1 млн АҚШ долларидан (8,5%) ортиғи хорижий давлатларга экспорт қилинган.

2015 йилда “Навоий” ЭИИЗ хўжалик юритувчи субъектларига тақдим этилган имтиёзларнинг умумий ҳажми 26,8 млрд сўмни ташкил қилди.

 

“Ангрен” ҳамда “Жиззах” МИЗ

“Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зонаси қатнашчилари республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу зонага Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб кирадиган ускуна, бутловчи буюм ва материалларга божхона тўловларини тўлашдан озод қилинди.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Навоий” ЭИИЗ субъектлари учун жорий қилинган божхона тўловларидан имтиёзлар кўпроқ экспортни ривожлантиришга қаратилган бўлса, “Ангрен” ва “Жиззах” МИЗда жорий қилинган имтиёзлар ушбу ҳудудларга чет эл инвестицияларини кўпроқ жалб этишни рағбатлантиради.

Бугунги кунга қадар “Ангрен” ва “Жиззах” МИЗда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари бўйича божхона тўловларидан имтиёзни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарор ва фармойишлари қабул қилинган ва улар асосида божхона тўловларидан озод этиладиган товарлар рўйхати тасдиқланган. Бунинг натижасида бу ҳар икки МИЗ 2015 йилда божхона тўловларидан жами 161,5 млрд сўмлик маблағ иқтисод қилди. Шундан “Ангрен” МИЗ – 116,3 млрд сўм, “Жиззах” МИЗ 45,2 млрд сўм. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу кўрсаткич “Ангрен” МИЗ бўйича 32,2 млрд сўмни ва “Жиззах” МИЗ бўйича 44,4 млрд сўмни ташкил қилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати.

Прочитано: 2751 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика