Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 25 / Амалий бухгалтерия

Тўғри усул

 

Корхонамиз буюртмачилар билан тузилган шартномаларга кўра қурилишда қўлланиладиган иситадиган материаллар ишлаб чиқаради. Январда шартномалар тузилмади, ишлаб чиқариш бўлмади, бироқ доимий ишлаб чиқариш харажатлари: ускуналар амортизацияси ва ишлаб чиқариш хоналари ижараси мавжуд бўлди. Февраль ойига 2 000 м иситадиган материал ишлаб чиқаришга буюртма тушди. Цех 15 кун ишлади. Тайёр маҳсулот норматив нархларда кирим қилинди ва сотилди. Ҳақиқатдаги таннархдан жуда катта фарқ юзага келмоқда. Бунга таннархидан паст нархда сотиш деб қаралмайдими? Доимий харажатларни 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағига киритишга ҳақлимизми?

Агар тайёр маҳсулот мунтазам равишда ёки умуман ишлаб чиқарилмаса, доимий ишлаб чиқариш харажатлари – ускуналар амортизацияси, ишлаб чиқариш хонаси ижарасини бухгалтерия ҳисобида қандай қилиб тўғри акс эттириш мумкин?

О.Богомолова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Асосий ишлаб чиқариш воситаларининг амортизация ажратмалари ва уларнинг ижара харажатлари суммалари маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархини юзага келтирувчи харажатларга киради*.

9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағида ишлаб чиқариш жараёни, молиявий фаолият билан боғлиқ бўлмаган ҳамда фавқулодда харажатлар сифатига эга бўлмаган фаолиятда юзага келувчи харажатлар акс эттирилади. Шу сабабли ишлаб чиқариш тусидаги доимий харажатларни бошқа операцион харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларга киритиб бўлмайди.

Алоҳида буюртмачиларга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар кўпинча ишлаб чиқариш мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ ишламаслиги ҳолатига тўқнаш келадилар. Бу даврларда асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси сингари доимий билвосита харажатлар маҳсулот таннархини оширади, бу билан уни сотиш нархларига салбий таъсир кўрсатади. Низомнинг 1.5.5-бандига кўра, ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар таркибига кирувчи ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туришлар туфайли йўқотишлар маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатларга тааллуқлидир. Оқибатда ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотни етказиб бериш шартномасида буюртмачи билан шартлашилган, унинг таннархидан паст бўлган нархларда сотишларига тўғри келади.

Сотишдан кўрилган зарарлардан ташқари, ишлаб чиқарувчи солиқларни тўлашда қўшимча харажат қилади. Зеро маҳсулот таннархидан паст нархда сотилганда солиқ солиш мақсадларида сотишдан тушум маҳсулот таннархидан келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 130, 204, 232, 245, 355-моддалари).

Агар сиз ишлаб чиқарган маҳсулот унинг ҳақиқатдаги таннархидан паст бўлган норматив нархларда сотилган бўлса, бу таннархидан паст нархда сотиш деб баҳоланади. Шу сабабли солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган тушумни маҳсулот таннархидан келиб чиқиб аниқлашингиз керак. Юридик шахсларнинг фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида таннархидан паст нархда сотишдан кўрилган зарарлар алоҳида сатрда акс эттирилади ва солиқ солинадиган базага киритилади.

Бундай ҳолларда 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»да (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган амортизация ажратмаларини ҳисоблаб ёзиш усулларидан бирини танлаш катта аҳамиятга эга.

Амалиётда кўпинча тенг маромли (тўғри чизиқли) усулдан фойдаланадилар. Унга кўра АВнинг амортизацияланадиган қиймати тегишли харажатларга, шу жумладан маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига унинг хизмат муддати давомида тенг маромда ҳисобдан чиқарилади (тақсимланади).

Бухгалтерия ҳисобида амортизацияни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблаш усулини (ишлаб чиқариш усулини) қўллаш ҳам назарда тутилади. У ҳар бир муайян йилда АВдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳисобга олишга асосланган. Амортизациянинг ҳар йилги қийматини ҳисоблаш учун бутун фойдали ишлатиш муддатидаги умумий баҳоланган маҳсулотлар йиғиндисини ва мазкур муайян йилдаги маҳсулотларни (ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони, ўтиб бўлинган тонна-километрлар сони ва бошқалар) аниқлаш лозим. Ишлаб чиқариш усулида йиллик амортизация ажратмалари суммаси ҳисобот давридаги маҳсулот ҳажмининг натурал кўрсаткичидан ҳамда АВнинг амортизацияланадиган қиймати билан асосий воситалар объектининг бутун фойдали ишлатиш муддатидаги мўлжалланаётган маҳсулот ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Тенг маромли (тўғри чизиқли) усулда амортизация ажратмалари доимий харажатлар сифатида, ишлаб чиқариш усулида эса ўзгарувчан харажатлар деб таснифланади.

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган технологик ускунанинг баланс қиймати 100 000 минг сўмни ташкил этади. Техник ҳужжатларга кўра у йилига 120 000 м ёки ойига ўртача 10 000 м газлама ишлаб чиқаришга қодир. Ҳақиқатда бекор туриб қолиш ва ишлаб чиқариш тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли ҳисобот ойида 2 000 м ишлаб чиқарилди. Тўғри чизиқли усулда маҳсулот таннархига ҳисобдан чиқариладиган ускунанинг эскириш суммаси норматив ставка 15% бўлганда ойига 1 250 минг сўмни ташкил этади.

Амортизация суммасини ишлаб чиқариш усули билан ҳисоблаймиз:

технологик ускунанинг тўлиқ эскиргунга қадар фойдали хизмат муддати – 6 йил ва 8 ой;

бутун даврда ускунада 800 000 м газлама ишлаб чиқариш мумкин;

АВ амортизацияланадиган қийматининг фойдали хизмат муддатида маҳсулотнинг мўлжалланаётган ҳажмига нисбати – маҳсулот бирлигига 125 сўм (100 000 / 800 000);

ҳисобот ойида ишлаб чиқариш таннархига ҳисобдан чиқариладиган ускунанинг эскириш суммаси – 250 минг сўм (2 000 х 125).

 

 

Кўриб турганимиздек, амортизацияни ишлаб чиқариш усулида ҳисоблаб ёзаётганда ишлаб чиқариш таннархига ҳисобдан чиқариладиган ускунанинг эскириши тўғри чизиқли усулда ҳисобланган суммадан бир неча баробар кам бўлади.

Амортизация ажратмалари зарарни юзага келтирмаслиги учун ўз ишлаб чиқариш шароитингизда муайян усулни қўллаш оқибатларини таҳлил қилишингиз лозим. Чунончи, агар тўлиқ қувват билан ишламаётган корхона амортизация харажатларини қоплаш имконини берувчи мақсадли солиқ имтиёзларига эга бўлмаса, ишлаб чиқариш усулини қўллаган маъқул.

Қўлланадиган амортизацияни ҳисоблаш усули корхонанинг ҳисоб сиёсатида албатта кўрсатилиши керак.

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

 


*Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом).

Прочитано: 2207 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика