Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 20 / Хўжалик юритиш қоидалари

Иштирокчилар штат жадвалини тасдиқламайдилар

 

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси 1-қисмида назарда тутилганидек, МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари жамиятнинг устави билан Қонунга мувофиқ белгиланади. Ушбу модданинг 2-қисмида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари санаб ўтилган. Улар орасида штат жадвали, ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат интизоми тўғрисида низомни тасдиқлаш қайд этилмаган.

МЧЖ умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига унинг штат жадвали, ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат интизоми тўғрисида низомни тасдиқлашни киритиб, буни МЧЖ уставида қайд этиш ва, моҳиятан олганда, ижроия органини бундай ваколатлардан маҳрум этиш тўғрими?

Д.Иброҳимов,

МЧЖ ҚК бош директори.

 

– «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 13-моддасига мувофиқ, жамият уставида, бошқалар билан бир қаторда, жамият органларининг ваколатлари тўғрисидаги, шу жумладан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига кирувчи масалалар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддаси 1-қисмида назарда тутилганидек, йиғилишнинг ваколатлари жамиятнинг устави билан ушбу қонун ҳужжатига мувофиқ белгиланади. Йиғилиш амалга оширадиган ва унинг мутлақ ваколатларига кирадиган хатти-ҳаракатлар ушбу модданинг 2-қисмида кўрсатилган. Ҳақиқатан ҳам, штат, ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат интизоми тўғрисида низомни тасдиқлаш уларда қайд этилмаган. Ҳатто шу модданинг тилга олинган қисми охирги хатбошисидаги «ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилиш» формулировкасида ҳам ушбу ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилмайди. Чунки МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг биронта моддасида улар ҳақида, тегишинча, уларни қабул қилиш – йиғилишнинг хос ҳуқуқи эканлиги ҳақида сўз юритилмаган. Шу сабабли МЧЖ уставида сиз тилга олган ҳужжатларни тасдиқлаш йиғилишнинг мутлақ ваколати эканлигини қайд этиш тўғри эмас.

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 13 ва 30-моддаларига қайтамиз. Ушбу моддаларнинг маъносига кўра МЧЖ устави, йиғилишнинг мутлақ ваколатлари жумласига киритилган масалалар тўғрисидаги маълумотлар билан бир қаторда, шу органнинг бошқа, умумий ваколатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Бир қарашда улар МЧЖ уставида йиғилишнинг умумий ваколатига штат жадвали, ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом тўғрисида низомни тасдиқлашни киритиш имконини берадигандек кўринади. Бироқ ушбу ҳужжатларнинг ҳар бири, жамоа шартномаси, таътиллар ва сменалилик жадваллари, лавозим йўриқномаси ва бошқалар сингари, Меҳнат кодексининг тегишли меъёрларига мувофиқ, локал меъёрий ҳужжат ҳисобланади. Улар эса иш берувчи томонидан (уларнинг бир қатори – ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра) қабул қилиниши маълум1.

МКнинг 15-моддасига мувофиқ, қуйидагилар иш берувчилар бўлиши мумкин:

1) корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида;

2) мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар;

3) 18 ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда;

4) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар.

МЧЖ 1-банд талабига тўғри келадиган кўринади: унинг номидан раҳбар иш юритади3. Демак, МЧЖ иш берувчи сифатида унга якка ёки коллегиал ижроия органи ваколатини беради. Айнан у мазкур корхона ходимларига тааллуқли локал ҳужжатларни, шу жумладан ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом тўғрисида низом (устав) ва штат жадвалини тасдиқлаши шарт.

Мисол тариқасида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга эътибор қаратинг, унда ижроия органи томонидан штатнинг тасдиқланиши масаласи аниқ тартибга солинган. Унинг 79-моддаси 6-қисмида назарда тутилишича, акциядорлик жамиятининг директори (бошқарув раиси) бошқа вазифалар қатори, штатларни тасдиқлайди. Фикримизча, бу тўғри, сабаби корхонанинг ташкилий тузилмаси, штат жадвали, ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом тўғрисидаги низом ва ходимлар (директор, бошқарув раисининг эмас) меҳнати тўғрисидаги бошқа локал ҳужжатларни тасдиқлаш корхонанинг жорий фаолиятига тааллуқлидир. Шу сабабли МЧЖ тўғрисидаги Қонунга худди шундай меъёрни киритиш мақсадга мувофиқ кўринади.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» эксперти.

 


1Масалан, МКнинг 174-моддасига мувофиқ, корхонада меҳнат тартиби иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.

2ВМнинг 19.06.2015 йилдаги 164-сон Қарори билан тасдиқланган.

3Корхона номидан унинг мулки эгаси фақат алоҳида ҳолларда ҳаракат қилиши мумкин. Чунончи, МКнинг 82-моддаси 2-қисми мазмунига кўра, корхона раҳбарини ишга қабул қилиш корхона мулки эгасининг ҳуқуқи бўлиб, бу ҳуқуқни у бевосита, шунингдек ўзи вакил қилган органлар орқали ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви ёхуд бошқа органлар орқали амалга оширади.

 

МКда ташкилотда штат жадвалининг мавжудлиги ҳақида тўғридан-тўғри талаб мавжуд эмас, бироқ, унинг тегишли меъёрлари моҳиятидан, шунингдек Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторининг2 2-банди 2-хатбошиси ва 17-банди 3-хатбошисидан келиб чиқилса, ушбу ҳужжат бўлиши зарур.

 

Прочитано: 3328 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика