Бугунги кунда кўпгина кичик акциядорлик жамиятлари харажатларни камайтириш ва бошқарув тузилмасини соддалаштиришни кўзлаб, МЧЖ шаклида қайта ташкил этилиш тўғрисида қарор қабул қилмоқдалар. Бунда улар бир қатор саволларга тўқнаш келмоқдалар.
Акциядорлар бўлмаса-чи?..
АЖларнинг кўпчилиги акцияларнинг бир қисми ишчи жамоага берилган хусусийлаштириш палласининг биринчи босқичида ташкил этилган. 300, 400, ҳатто бундан кўп акциядорларга эга бўлганларини МЧЖ шаклида қайта ташкил этиб бўлмайди. Натижада жамиятнинг кўплаб иштирокчиларидан акцияларни сотиб олиш зарурати юзага келади. Ҳақиқатда мавжуд акциядорларнинг бир қисми ўз акцияларини мажоритар акциядорларга бажонидил сотадилар. Бироқ кўпгина акциядорлар ҳозир йўқ. Муайян акциядорлардан акцияларни бошқа акциядорлар ёки жамиятнинг ўзи қандай сотиб олиши кераклиги, баҳолашни ўтказиш ва қийматни аниқлаш зарурлиги, топилмаётган акциядорларнинг акцияларини нима қилиш мумкинлиги ҳақида саволлар юзага келади.
Қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиш хусусидаги тартиб-таомилга оид саволлар ўртага қўйилмоқда. Маълумки, қайта ташкил этиш ҳақидаги қарорни акциядорларнинг умумий йиғилиши қабул қилади. Бироқ келгуси босқичлар ва қарорларни ким тасдиқлаши, уставни ким – акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки иштирокчиларнинг умумий йиғилиши (давлат органларига тақдим этилгунга қадар устав тасдиқланган бўлиши керак) тасдиқлаши аён эмас. Қайта ташкил этиш билан боғлиқ келгуси босқичлар тартиби қандай? Мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузиш ва инвентаризация ўтказиш зарурми, бошқарув органлари билан қандай йўл тутиш лозим, ушбу жараёнда кузатув кенгаши қандай вазифаларни ҳал этади?
Бироқ, энг аввало, сизнинг АЖ акциядорлик жамиятини МЧЖ шаклига ўзгартириш йўли билан қайта ташкил этишга қўйиладиган қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бера оладими деган савол очиқ қолмаслиги зарур. Уларнинг 2 тасини амалга ошириш – акциядорлар сонини 50 нафаргача камайтириш ва МЧЖ муассислари бўлишни истамаган акциядорлардан акцияларни бозор қийматида сотиб олиш учун молиявий имконият топиш жуда мушкул.
Қайта ташкил этишга тайёрмисиз?
Акциядорларнинг умумий йиғилиши қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорни кузатув кенгашининг тавсиясига кўра қабул қилиши боис, асосий таҳлилий ишни ҳам унинг ўзи бажариши лозим. У қуйидагиларни амалга ошириши зарур:
а) ўз акцияларини сотишга розилик билдириши эҳтимоли катта бўлган «суст» акциядорларни топиш учун умумий йиғилишлар иштирокчилари сони динамикасини таҳлил қилиши;
б) сотиб олиш учун зарур суммани чамалаш мақсадида акцияларнинг тахминий бозор қийматини аниқлаши;
в) акцияларни сотиб олиш учун АЖнинг молиявий имкониятларини ҳисоблаб чиқиши.
Агар кузатув кенгаши ўзгартириш имконияти мавжуд деб ҳисобласа, бу ишга киришиш мумкин.
Агар кузатув кенгаши бундай имконият мавжуд эмас деган хулосага келса, босқичма-босқич ёндашув зарур.
Биринчи босқичда жойлаштирилган акцияларнинг бир қисмини сотиб олиш ва улар сонини қисқартириш йўли билан жамият устав фондини камайтириш масаласини ҳал этиш учун акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш мумкин. Қонун ҳужжатлари билан акциядорларга бундай қарор қабул қилинганидан кейин 30 кун ичида акцияларни сотувга қўйиш ҳуқуқи берилиб, АЖга уларни сотиб олиш мажбурияти юкланган.
Айрим жамиятлар ушбу босқичдан ўтиши шарт эмас. Бошқаларининг ундан ўтиши АЖнинг молиявий имкониятлари ва ўз акцияларини сотишга рози бўлган акциядорлар сони ҳақида реал тасаввур беради.
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг илгари амал қилган таҳрири акцияларни консолидациялаш ва яхлит конвертация учун етмаган акцияларни сотиб олиш орқали акциядорлар сонини камайтириш имконини берар эди. Бугунги кунда акцияларнинг энг юқори номинал қиймати 5 000 сўм этиб белгиланиши ҳисобига бундай имконият истисно этилган.
АЖнинг мажбурий хатти-ҳаракатлари
Биринчи босқичдан сўнг қайта ташкил этишга киришиш мумкин. Уни жадаллаштириш учун кузатув кенгаши ижроия органига қуйидаги тайёргарлик кўриш тадбирларини ўтказиш вазифасини юклаши шарт:
19-сон БҲМС (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва 23-сон БҲМСга (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ активлар ва мажбуриятларни инвентаризациядан ўтказиш;
акцияларнинг бозор қийматини аниқлаш учун баҳолаш ташкилоти билан шартнома тузиш. Агар улар фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилган бўлса, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (янги таҳрири, бундан кейин – Қонун) 24-моддасига мувофиқ, уларнинг биржа котировкалари акцияларнинг бозор қиймати деб эътироф этилади;
янгидан таъсис этилаётган МЧЖнинг топшириш далолатномаси ва таъсис ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш.
Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб АЖ қуйидаги қатор мажбурий талабларни бажаришга улгуриши учун ушбу тадбирларни ўтказиши зарур:
● ОАВда эълон қилинадиган акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги ахборот акциядорларнинг ўзларига тегишли акцияларни жамият қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлиги, нархи ва сотиб олиш тартиби ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак (Қонуннинг 41-моддаси);
● қимматли қоғозлар чиқарилишини (чиқарилишларини) ЯДРдан чиқариб ташлаш учун асослар юзага келган кундан бошлаб 10 кун ичида* рўйхатдан ўтказувчи органга бу ҳақда тегишли сабабларни кўрсатган ҳолда ёзма ариза тақдим этиб, унга қуйидагиларни илова қилиш зарур:
эмитент бошқаруви органининг қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори нусхаси;
қимматли қоғозлар ва проспект (проспектлар) чиқариш тўғрисидаги қарор (қарорлар), шунингдек уларга барча ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асл нусхаси (асл нусхалари);
эмитент қайта ташкил этилаётгани тўғрисида ОАВдаги эълон нусхаси;
эмитент акциядорларининг реестри нусхаси, унга кўра акциялар бошқа эмитент акцияларига ёхуд юридик шахслар улушларига (пайларига) конвертацияланади;
● АЖ қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай* ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор этиши, улар эса қайта ташкил этиш тўғрисида хабарнома олинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай жамиятдан мажбуриятларни тугатишни ёки муддатидан илгари бажаришни ҳамда зарарларнинг ўрнини қоплашни талаб қилиши шарт;
● ОАВда эълон бериш ва қайта ташкил этиш тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш;
● умумий йиғилиш тегишли қарор қабул қилган кундан бошлаб 30 кун ичида акциядорлар ўзларига тегишли акциялар қайтариб сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлилар, жамият кўрсатилган муддат ўтгач 10 кун ичида уларни қайтариб сотиб олиши шарт (Қонуннинг 41-моддаси);
● қимматли қоғозлар чиқарилиши (чиқарилишлари) давлат рўйхат рақамининг бекор қилиниши, шунингдек ЯДРга ёзувларнинг қайд этилиши рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан у чиқаришни бекор қилиш тўғрисида ҳужжатлар ва АЖнинг аризасини олган кундан бошлаб 30 кун ичида амалга оширилади*.
Бошқача айтганда, жамият қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда бу ишларни қилишга улгуриши керак, чунки акцияларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза тақдим этилганидан кейин депозитарий фақат қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш мақсадида уларни қайта жойлаштиради.
Тайёргарлик кўриш тадбирларини якунлаб, кузатув кенгаши олдиндан олинган маълумотларга, шу жумладан қуйидагиларга:
ўзгартириш йўли билан қайта ташкил этишнинг афзаллиги асоси;
масъулияти чекланган жамиятнинг топшириш далолатномаси ва таъсис ҳужжатлари лойиҳалари;
мол-мулк таркиби ва жамиятнинг молиявий аҳволи ҳақидаги ахборот;
акцияларни МЧЖдаги улушларга конвертациялаш шартлари тўғрисидаги таклифлар;
акцияларнинг бозор қиймати ва бошқаларга асосланган ҳолда жамиятни қайта ташкил этиш масаласини ва уни ўтказиш ҳақидаги ўз таклифларини умумий йиғилишга олиб чиқади.
Иккинчи босқичда қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг тақдим этилган акциялар қайтариб сотиб олиниши натижасида акциядорлар сони яна анча камайиши мумкин.
Бозор нархида сотишни истамайсизми – номинал бўйича сотиб оламиз
Масъулияти чекланган жамият таъсис этилиши тўғрисидаги таъсис шартномасининг имзоланиши акциядорларнинг яна бир қисми «элакдан ўтадиган» учинчи босқич бўлади. Бунга қуйидагилар асос бўлади.
Ўзгариш натижасида яна бир мураккаб вазият юзага келиши мумкин. Барча акциядорлар, шу жумладан бошқа давлатларга доимий яшаш учун кўчиб кетганлари ҳам қонун ҳужжатларида талаб этилганидек лозим даражада хабардор қилинган бўлиши керак. Бироқ, амалиёт кўрсатганидек, уларнинг ҳаммаси ҳам ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилган акциядорларнинг умумий йиғилишида, шунингдек муассислар таркиби ва МЧЖнинг таъсис ҳужжатларини тасдиқлаган таъсис анжуманида қатнашмайди. Ушбу шахслар ўзгартирилаётган АЖ негизида ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамият муассислари бўладиларми деган савол юзага келади. Бу саволга жавоб беришда МЧЖнинг таъсис ҳужжатларидан бири таъсис шартномаси ҳисобланишидан келиш чиқиш зарур («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 10, 11-моддалари, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун). У жамият муассислари томонидан Фуқаролик кодекси талабларига мувофиқ тузилиши керак, уларга кўра:
фуқаролар ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда эркиндирлар (ФКнинг 1-моддаси);
шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак (ФКнинг 102-моддаси);
ёзма шаклда тузилган битимни тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак (ФКнинг 107-моддаси);
агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади (ФКнинг 364-моддаси);
фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди (ФКнинг 354-моддаси).
Бошқача айтганда, таъсис шартномаси оддий ёзма шаклда тузилган бўлиши керак. Уни тузувчи шахслар ҳеч қандай мажбурлашсиз ўз эрклари билан ва ўз манфаатларини кўзлаб хоҳишларига кўра иш кўришлари, келишиб билдирилган хоҳишларини ифода этишлари ва шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан келишувга эришишлари лозим. Шартномани унинг барча тарафлари имзолаган бўлиши шарт.
Ушбу талабларни қайсидир акциядор учун унинг ҳозирлигисиз ва унинг вакилисиз сиртдан бажариб бўлмайди. Бундай акциядор МЧЖ муассиси бўла олмайди. Яъни, агар акциядор қарши овоз бермаган бўлса, акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб этмаса, бироқ МЧЖ иштирокчиси бўлишни ҳам истамаса ва уни таъсис этиш бўйича умумий йиғилишга келмаган бўлса, унинг акциялари ўзгартирилаётган акциядорлик жамиятининг барча (сотиб олинган, сотиб олинмаган) акциялари билан бирга бекор қилинади. Бу ҳолда акциядорлик жамиятида акциядорга тегишли бўлган акцияларнинг номинал қиймати миқдорида унинг олдида кредиторлик қарзи юзага келади.
АЖ МЧЖга айланади
Ташкил этилаётган МЧЖ ҳужжатларини тасдиқлаш тартиб-таомиллари ва бунга ҳақли органларга келсак, қанча умумий йиғилиш ўтказиш, қайси муддатларда қандай ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш талаб этилишини аниқлаб олиш зарур.
Фуқаролик кодексининг 51-моддаси ва Қонуннинг 97-моддасида қуйидаги икки нафар ҳуқуқий муносабатлар субъекти:
ўзгартириш, ўзгартириш тартиби ва шартлари тўғрисида қарор қабул қилувчи ўзгартирилаётган жамият акциядорлари умумий йиғилишининг;
таъсис ҳужжатларини тасдиқловчи ва бошқарув органларини сайловчи жамиятни ўзгартириш натижасида ташкил этилаётган юридик шахс иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари тартибга солинган.
Бинобарин, камида иккита – АЖ акциядорларининг ва МЧЖ муассисларининг умумий йиғилиши ўтказилиши керак. Ушбу органлар таркиби ва ҳуқуқларига кўра фарқланади. Таркиби акциядорлар ва муассислар сонига кўра мос келмайди, чунки биринчисидан айримлари иккинчисига айланишни рад этган ва ўз акцияларини сотиб олиш учун тақдим этган, кимдир таъсис шартномасини имзолаш учун таъсис анжуманига келмаган, акциядорларнинг баъзилари эса умуман алоқага чиқмайдиган тоифадан бўлиши мумкин.
Ҳуқуқдаги тафовут МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг муассисларга таъсис шартномасини тузиш ҳамда муассислар таркиби ва уларнинг улушлари миқдорини белгиловчи уставни тасдиқлаш талаби билан белгиланган. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ушбу талабларни одатда иштирокчилар таркибини ҳам, улушлари миқдорини ҳам белгилай олмаслиги сабабли бажара олмайди. Зеро йиғилишда иштирок этмаган ёки ўзгартиришга қарши овоз берган акциядорларга қонун ҳужжатлари билан 30 кун ичида акцияларини сотиб олишни талаб этиш ёки муассисга айланиб, таъсис шартномасини имзолаш ҳуқуқи берилган.
Ҳужжатга кўра топширамиз
Қонун ҳужжатларида белгиланишича, жамият ўзгартирилаётганда топшириш далолатномаси ва тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича ҳам, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Бунда Қонунда топшириш далолатномасини ким тасдиқлаши кераклиги хусусидаги саволга жавоб берилмаган.
Жамият топшириш ҳужжатини юридик шахс муассислари (иштирокчилари) томонидан ёки жамиятни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан тасдиқлаш ҳуқуқига эга (ФКнинг 51-моддаси). Уни кимнинг умумий йиғилиши тасдиқлаши саволлигича қолмоқда. Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган акциядорларнинг умумий йиғилишими ёки МЧЖ муассисларининг умумий йиғилишими? Фикримизча, топшириш далолатномасини масъулияти чекланган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши тасдиқлаши керак, бунинг сабаблари қуйидалардир.
АЖ қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 30 кун ичида топшириш далолатномасини тасдиқлаши мушкул, сабаби у акциядорлик жамиятининг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича ҳам, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак. Бинобарин, топшириш далолатномасини МЧЖ муассисларининг умумий йиғилиши тасдиқлагани афзал. Бунинг устига, сотиб олиш ва кредиторлик қарзини қоплаш оқибатида АЖнинг соф активлари унинг устав фондидан кам бўлиб қолиши ҳолати юзага келиши мумкин, бу ҳолда МЧЖ муассислари ўз устав фонди миқдорини жамиятнинг соф активларига мувофиқ белгилашга мажбур бўладилар.
Қисқача хулоса
Умумий йиғилишда иштирок этаётган акциядорлар – овоз берувчи акциялар эгалари овозининг 3/4 қисмига эга акциядорларнинг умумий йиғилиши қуйидаги қарорларни қабул қилади:
ўзгартириш тўғрисида;
акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилувчи акциядорлардан уларни сотиб олиш нархи ва тартиби тўғрисида;
акцияларни МЧЖдаги улушларга конвертациялаш тартиби ва ўзгартиришни амалга оширишнинг бошқа шартлари тўғрисида.
Унда МЧЖ муассисларининг йиғилишини ўтказиш санасини акциядорлар йиғилишидан кейин 31 кундан сўнг этиб белгилаб, таъсис ҳужжатлари ва топшириш далолатномаси лойиҳаларини кўриб чиқиш, яъни АЖ йиғилишини акцияларини қайтариб сотиб олиш учун тақдим этишдан бош тортган акциядорлар – МЧЖнинг бўлғуси муассислари сони аниқланганидан кейин ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиб, ижроия органи:
бу ҳақдаги ахборотни эълон қилади, Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидаларига (АВ томонидан 31.07.2012 йилда 2383-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ бошқа ахборотни эълон қилади;
кредиторларни жамият ўзгаргани ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради;
рўйхатдан ўтказувчи органга акциялар чиқарилишини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади, депозитарийдаги депо ҳисобварақни ёпади;
акцияларини қайтариб сотиб олишни талаб этган акциядорлардан уларни сотиб олади, қарзни муддатидан олдин қоплаш талабларини билдирган кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилади.
Акциядорларнинг йиғилиши белгилаган муддатда МЧЖ муассисларининг умумий йиғилиши ўтказилади, унда муассислар таркиби, устав фонди миқдори ва ҳар бир муассис улуши белгиланади, топшириш далолатномаси тасдиқланади, таъсис шартномаси тузилади ва жамият устави тасдиқланади, жамиятнинг ижроия органи, агар уставда кузатув кенгаши ва (ёки) тафтиш комиссияси назарда тутилган бўлса, уларнинг аъзолари ҳам сайланади (тайинланади).
Таъсис йиғилиши ўтказилганидан сўнг ижроия органи давлат рўйхатидан ўтиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди, улар жумласига топшириш далолатномаси, кредиторларга хабарномалар ва жамият акциялари бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат киради. МЧЖ давлат рўйхатидан ўтгач, ушбу ахборотни ОАВда эълон қилиши шарт.
Акциядорлик жамияти масъулияти чекланган жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб қайта ташкил этилган ҳисобланади.
Александр ЦОЙ,
«Aleksta Yure» АФ адвокати.
Таҳририятдан. Мазкур мақолада қайта ташкил этиш тартиб-таомили ёритилди. Бироқ якуний ва дастлабки молиявий ҳисоботни тўғри тузиш, активларни тўғри баҳолаш, хусусий капитал моддалари, шу жумладан устав фонди ҳажмларини тўғри аниқлаш ҳамда бухгалтерия ҳисобининг бошқа амалларини тўғри бажариш ҳам жуда муҳимдир.
*Қонуннинг 92-моддаси; Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидалари (АВ томонидан 30.08.2009 йилда 2000-сон билан рўйхатдан ўтказилган).