Давлат божхона қўмитаси ва пойтахтимиздаги «Китоб олами» савдо мажмуаси ҳамкорлигида божхона органлари ходимларининг маънавиятини янада юксалтириш, уларда адабиётга бўлган эътиборни кучайтириш мақсадида «Божхоначилар китобхонлиги ойлиги» ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида ДБҚнинг Марказий аппарати, Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича бошқармалари, «Тошкент-Аэро» ИБК, Миллий кинология маркази ва Олий ҳарбий божхона институтида хизмат қилаётган божхоначилар ва уларнинг оила аъзолари учун таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, шунингдек, «Соғлом она ва бола йили» муносабати билан божхоначиларнинг фарзандлари учун турли бадиий кеча ва маҳорат мактаблари ташкил этилмоқда.
Куни кеча мажмуада божхоначиларнинг ёзувчи Тоҳир Малик билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Унда ёзувчи бадиий адабиётнинг жамият ҳаётидаги беқиёс аҳамияти ҳамда ўсиб келаётган фарзандларда китобга меҳр уйғотиш ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 2015 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган «Китоб олами» савдо мажмуасида бугунги кунда 5 минг номдаги 60 мингдан зиёд адабиётлар мавжуд.
Ўтган давр мобайнида мажмуада ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимлари учун ҳам китобхонлик ойликлари ташкил қилинган.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.