Юридик шахс томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича божхона тартиб-қоидалари: чекловлар, имтиёзлар ва экспорт қилиниши мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхати, экспорт ва импорт бўйича ўзи олиб кириш-олиб чиқиш масаласи бўйича тўлиқ маълумот беришингизни сўраймиз.
– Республикада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти Вазирлар Маҳкамасининг «2016 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг прогноз параметрлари тўғрисида»ги Қарори (4.01.2016 йилдаги 1-сон) билан ташкил этилган ишчи гуруҳнинг баёнлари асосида амалга оширилиши белгиланган.
Қарорнинг 3-бандига асосан мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум ҳосилидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, уларни экспортга етказиб беришни ташкил этиш масалаларини ҳал этиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳнинг махсус йиғилиш баёнлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рўйхати белгиланган бўлиб, маҳсулотлар экспорти ушбу баён билан ўрнатилган минимал нархлар асосида амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (28.08.2015 йилдаги 249-сон) асосан 2015 йилнинг 1 сентябридан ТИФ ТН группаси 07-08 бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти фақат темир йўл ва ҳаво транспорти орқали амалга оширилиши белгиланган. Бинобарин, ишчи гуруҳнинг баёнлари асосида баъзи экспорт қилувчи корхоналарга истисно тариқасида 2016 йилнинг 1 июлига қадар автотранспорт воситаси орқали экспорт қилишга рухсат берилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти билан боғлиқ бўлган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида махсус штаб ташкил этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» Қарорига (20.07.2015 йилдаги 197-сон) илованинг I-қисми билан «экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланган, хусусан:
1. Контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно.
2. Божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно.
3. Транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юк хати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).
Шу билан бирга, Товарларнинг электрон шаклдаги божхона декларацияланиши тартиби (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон Қарори билан тасдиқланган) 2-иловасига мувофиқ, Рухсат берувчи тусдаги ва бошқа ҳужжатлар ҳамда уларни берувчи ваколатли органлар рўйхати белгиланганлиги маълум қилинади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, товарларни экспорт қилишда экспорт қилувчиларга қуйидаги имтиёз ва афзалликлар белгиланган:
● товар (иш, хизмат)ларнинг барча турларига экспорт божхона божлари ва специфик товарлардан ташқари бошқа товар (иш, хизмат)лар экспортини лицензиялаш бекор қилинган (Президентнинг 10.10.1997 йилдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-1871-сон Фармони);
● акциз тўланадиган товарларни уларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан экспортга реализация қилишга акциз солиғи солинмайди, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган акциз тўланадиган товарларнинг айрим турлари бундан мустасно (Солиқ кодекси, 230-модда).
● товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади (Солиқ кодекси, 212-модда);
● товарлар ва транспорт воситаларини «экспорт» божхона режимида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими – божхона қийматининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кам эмас;
● божхона ходими томонидан «экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун, битта ходимнинг бир соатлик иши ҳисобидан – энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида божхона йиғимлари ставкалари белгиланган (Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги 204-сон Қарор иловаси).
Жавоблар ДБҚ Ахборот хизмати ёрдамида тайёрланди.