Мен хусусий тадбиркорман. Божхонага тақдим этиш керак бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини ва ушбу талаб қайд этилган ҳужжат рақамини кўрсатишингизни сўрайман. Божхоначилар керагидан ортиқча ҳужжат талаб қилмасликларини кўзлаб шу илтимос билан мурожаат қиляпман.
А.Кан.
– Хатингизда қандай ҳужжатлар ҳақида сўз юритаётганингизни айтмагансиз. Шу сабабли божхоначилар сиздан ортиқча ҳужжатларни талаб қилмасликлари учун импорт ва экспортни божхонада расмийлаштиришда зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхатини чоп этишга қарор қилдик.
Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2015 йилдаги 197-сон Қарори билан Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда божхона органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
● божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;
● тадбиркорлик субъектлари – импортчилар томонидан ЎзРнинг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда* олиб кириладиган импорт қилинадиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар;
● транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхат) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс);
● товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).
«Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
● контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно;
● божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;
● транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхат) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).
Товарларнинг электрон шаклда божхонада расмийлаштирилиши Товарларнинг электрон шаклдаги божхона декларацияланиши тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.
Маълумот учун! ТИФ қатнашчисининг хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғоз шаклида тақдим этилиши мумкин.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.
*Тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 22.05.2013 йилдаги 139-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ.