Текширув чоғида Туркманистондан келиб тушган товарларимизга қўшимча тўлов ҳисоблашди. Келишувда мамлакат юлдузча билан қайд этилганини, яъни унинг товарлари рўйхати йўқлигини айтишди. Бинобарин, уларга 2 баравар ҳажмда солиқ солиш керак экан. Аслида илгари 100% тўлар эдик. Вазиятга ойдинлик киритишингизни сўраймиз.
Кубаро Х.
– Эркин савдо режимини назарда тутувчи келишувлар имзоланган Эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисидаги келишув иштирокчиси бўлган давлатлар рўйхатига (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 429-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, мамлакатимиз ушбу мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарлар учун имтиёз ва преференцияларни қўллайди. Юлдузча билан қайд этилган Туркманистон бундан мустасно. Ҳаволада кўрсатилганидек, икки тарафлама келишувларга мувофиқ ўзаро келишилган рўйхатга кўра товарларга импорт божхона божлари солинмайди. Ҳозирги пайтда бундай рўйхат мавжуд эмас, тегишинча, Туркманистон товарларидан божхона божлари тўлиқ ҳажмда ундирилади.
Импорт божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тартибининг (АВ томонидан 27.07.1999 йилда 782-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3.3-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисидаги келишувга эга бўлган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божлар:
қўлланилмайди, агар товар мазкур келишув иштирокчиси бўлган давлатлардан бирининг резиденти томонидан экспорт қилинса ва келишув иштирокчиси бўлган давлат резиденти томонидан келишув иштирокчиси бўлган бошқа давлатнинг божхона ҳудудидан олиб кирилса (олиб қўйишлар тўғрисидаги баённомаларга киритилган товарлардан ташқари). Бунда резидент дейилганда ушбу давлат ҳудудида ташкил этилган ташкилот ёки унинг ҳудудида доимо яшовчи жисмоний шахс тушунилади;
бошқа ҳолларда – белгиланган ставкалар миқдорида қўлланилади.
Тегишинча, Туркманистонда ишлаб чиқарилган товарлардан белгиланган ставкаларга кўра 100% миқдорида импорт божхона божи ундирилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.