Биз жамиятимизга 2014 йил Давлат дастури асосида ишлаб чиқаришни янги технология асосида модернизация қилиш мақсадида хорижий давлатдан вино ва ароқ қуйиш линияларини (ушбу линиялар имтиёзга эга) олиб келганмиз. Шартномага илова қилинган қуйиш линияси жамламаси спецификациясига «Каплеструйный принтер»лар киритилган. Ҳозирги кунда божхона ходимлари ушбу принтерларга қуйиш линияси жамламасидан алоҳида ҳолда ҚҚС ҳисобламоқда. Шу тўғрими?
– «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда Солиқ кодексининг 211-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик жиҳозлар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик жиҳозларни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса божхона божи ва ҚҚСдан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхати (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқланган. Мазкур Рўйхатнинг изоҳ қисмида импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлови бўйича имтиёзлар ушбу Рўйхатга ТИФ ТН кодлари киритилган янги технологик ускуналарга қўлланилиши ҳамда бутловчи ва эҳтиёт қисмларга, улар контрактга (шартномага) мувофиқ технологик жиҳозлар билан бирга ажралмас қисми сифатида етказиб берилган тақдирда, татбиқ қилиниши қайд этилган.
Юқоридагиларга асосан четдан олиб кириладиган технологик жиҳозининг ажралмас қисми бўлган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар бир шартнома доирасида олиб кирилаётганлиги ва улар ягона ТИФ ТН коди билан таснифланиши ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.
Технологик жиҳознинг ажралмас қисми ҳисобланмаган ва ТИФ ТН коди юқоридаги рўйхатга киритилмаган эҳтиёт қисм ёки бутловчи қисмларга мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан имтиёз қўлланилмайди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, республикамизга четдан олиб келинадиган технологик жиҳозларга импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан бериладиган имтиёзлар юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинган ҳолда қўлланилади.
Жавоблар ДБҚ Ахборот хизмати ёрдамида тайёрланди.