Божхоначилар биргаликда, бироқ қисмларга ажратилган ҳолда олиб келинган импорт ускуна ва унинг асбобларини алоҳида расмийлаштиришни талаб қилдилар. Бинобарин, улар учун божхона тўловларини ҳам алоҳида тўлашга тўғри келади. Бироқ уларнинг бутлиги ишлаб чиқарувчи завод томонидан назарда тутилган, қўшимча ҳақ эвазига ушбу асбобларни бизда, нафақат бизда, ҳеч қаерда алоҳида ясаб бермайди. Биз ТИФ ТНни кўриб чиқдик, бизнинг юкимиз унга алоқадор бўлган унинг 84-гуруҳида «машиналарни йиғиш ёки уларга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган асбоблар, агар ушбу машиналар билан бирга импорт қилинаётган бўлса, улар билан бирга таснифланиши керак. Машиналар билан бирга импорт қилинадиган алмашинувчи асбоблар ҳам, агар асбоблар машиналарнинг одатдаги жиҳозлари бир қисмини ташкил этса ва одатда улар билан бирга сотилса, улар билан бирга таснифланиши керак» дея изоҳ берилган. Божхоначиларнинг талаблари қанчалик тўғрилигини аниқлашда ёрдам берсангиз.
Х.Қорақулов.
– Товар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай туриб, вазиятни шарҳлаш ва божхона органи ҳаракатларининг тўғрилиги хусусида аниқ бир гап айтиш мушкул. Бу ерда божхона тўловларининг қандайдир турларини тўлашдан озод этиладиган ускуналар ҳақида сўз бораётганлиги равшан.
Технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларнинг ТИФ ТН кодини таснифлаш анча мураккаб таомил. Чунончи, ТИФ ТНни талқин қилишга оид асосий қоидаларнинг 2(а)-Қоидасига мувофиқ, бирор-бир товарнинг товар позицияси номланишидаги ҳар қандай ҳаволага комплектда бўлмаган ёки тугалланмаган кўринишдаги шундай товарга ҳавола дея қараш керак. Бироқ бунда комплектда бўлмаган ёки тугалланмаган кўринишда тақдим этилган товар комплектдаги ёки тугалланган кўринишдаги товарнинг асосий хоссасига эга бўлиши лозим. Шунингдек унга комплектдаги ёки тугалланган кўринишдаги товарга ҳавола сифатида (ёки кўриб чиқилаётган товар позициясида йиғилмаган ёки қисмларга ажратилган кўринишда тақдим этилган товар дея таснифланаётган деб) қараш керак.
Шу сабабли ускуна комплектига кирадиган, қисмларга ажратилган ҳолдаги асбоблар у билан битта код остида таснифланиши мумкинми, деган савол юзага келади. 2(а)-Қоидага кўра улар комплектдаги, тугалланган кўринишдаги товар хоссасига эга бўладими?
Сизнинг ҳолатда товарни таснифлаш бўйича малакали тарзда дастлабки қарор чиқарадиган божхона органига махсус сўров билан мурожаат қилишни тавсия этамиз (БКнинг 114-моддаси). Ушбу таомил Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ товарларни таснифлаш ҳақида божхона органлари томонидан дастлабки қарорлар қабул қилиниши тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 20.11.2002 йилда 1190-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.