Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 14 / Солиқ солиш

Ишлатилган қурилмани сотиб оламиз

 

Корхона кўп функцияли қурилма (принтер, сканер, ксерокс) сотиб олмоқчи. Дўконда у қиммат туради, бироқ бир жисмоний шахсда яхши ҳолатдаги, ишлатилган қурилма топилди.

Корхона жисмоний шахсдан қурилма сотиб олиши мумкинми? У билан шартнома тузиш ва уни нотариусда расмийлаштириш керакми?

Қурилма харидида қандай ҳақ тўланади – нақд пул биланми ёки пулни пластик картага ўтказиш орқалими?

Сотувчида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиш объекти юзага келадими?

А.Тўхтиёров,

АК бош бухгалтери.

 

 

 

- 1. Ҳа, корхонангиз жисмоний шахсдан кўп функцияли қурилма сотиб олиши мумкин. Бу қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган.

Фуқаролик кодексининг 24-моддасида белгиланишича, фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Бироқ жисмоний шахсга нисбатан «тадбиркорлик фаолияти» атамасини қўллаш учун Олий суд Пленумининг «Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорининг (11.12.2013 йилдаги 20-сон) тушунтиришларини ҳисобга олиш лозим. Унга кўра, шахснинг у ёки бу фаолиятини тадбиркорлик деб топиш учун иккита ҳолат мавжуд бўлиши – даромад топишга қаратилган ҳаракатлар системали равишда содир этилиши ва бундай фаолият асосий, яъни касб фаолияти сифатида амалга оширилиши шарт.

Шундан келиб чиқиб, бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги битимлар (масалан, уй-жой ёки кўчмас мулкни ижарага бериш, шахсий буюмларни сотиш ва ҳ.к.) тузадиган шахсларни, ҳаттоки бундай битимлар бир неча марта амалга оширилган тақдирда ҳам, тадбиркорлар деб топиш ва бундай сифатда давлат рўйхатидан ўтишни талаб қилиш мумкин эмас.

 

2. Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади (ФКнинг 101-моддаси). Шартнома тузиш учун 2 тараф (икки тарафлама битим) ёки 3 ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак (ФКнинг 102-моддаси). Битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади (ФКнинг 105-моддаси).

Нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари, юридик шахсларнинг фуқаролар билан битимлари оддий ёзма шаклда тузилади (ФКнинг 108-моддаси). Унга риоя қилмаслик битимларнинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келмайди. Бироқ низо туғилган тақдирда у тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум этади (ФКнинг 109-моддаси).

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон) 8-моддасида белгиланишича, тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Тузилган вақтдан бошқа пайтда (олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича, жўнатма савдода ва бошқа ҳолларда) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади.

Қонун ҳужжатларининг ушбу меъёрларидан сиз ёзма шаклда шартнома тузишингиз лозимлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.

ФКнинг 110-моддасига мувофиқ, қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича.

Қонун ҳужжатларида сиз тузаётган битимни нотариал тасдиқлашнинг мажбурийлиги назарда тутилмаган. Шу сабабли, агар корхонангиз ҳам, қурилмани сотувчи ҳам бундай қилишни талаб этмаса, шартномани нотариал тасдиқлаш керак эмас.

 

3. Сиз жисмоний шахс билан у сотаётган қурилма учун ҳақни нақд пул билан ёки нақдсиз шаклда тўлашингиз мумкин.

ФКнинг 790-моддасига кўра, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Жисмоний шахс билан ҳисоб-китобингиз унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини кўриб чиқдик. Шу боис у билан иккала тараф учун қулай бўлган ҳисоб-китоб шаклини келишиб олишингиз мумкин.

Бироқ корхонангиз ушбу вазиятда Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларининг (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган) меъёрларини ҳисобга олиши муҳим, унда белгиланишича:

ташкилотлар банкдан олган нақд пулларни қайси мақсад учун олган бўлсалар, ундан фақат ўша мақсадда фойдаланишлари шарт (Қоидаларнинг 5-банди);

бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар, қайтарилган товарлар (ишлатилмаган темир йўл чипталари ва авиачипталар, концерт-томошалар учун берилган чипталар ҳамда кўрсатилмаган тиббиёт хизматлари) ҳақи ташкилотнинг кассасига тушган нақд пул тушумлари ҳисобидан қайтарилади (Қоидаларнинг 7-банди). Шу боис нақд пул билан ҳисоб-китоб қилганда банкдан ушбу мақсадларга мўлжалланган пул суммасини олишингиз лозим.

 

4. Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-бандига асосан, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар киради. Ушбу ҳолда даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади. Бироқ Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандига кўра, мазкур даромадларга (бундан қимматли қоғозларни, юридик шахсларнинг устав капиталидаги улушларини (пайларини), яшаш учун мўлжалланмаган жойларни, кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, уй-жойларни реализация қилишдан олинадиган даромадлар мустасно) солиқ солинмайди.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2671 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика