ЯСТ тўловчи корхона (ХХТУТ коди – 16271) шартномалар бўйича сотиш учун бетон ишлаб чиқаради. 2015 йил май ойида уни сотишдан тушум таннархдан паст бўлиб чиқди, июнь ойида эса у ўтган ой ва умуман чоракда кўрилган зарарни қоплади.
«Товар бетон»нинг хусусияти нимада?
Ишлаб чиқарилаётган бетон корхона учун товар ҳисобланадими?
Ишлаб чиқариш корхонасига Солиқ кодексининг товарларни таннархидан паст нархда реализация қилиш ҳолатига доир қоидаси татбиқ этиладими ёки у фақат савдо корхоналарига тегишлими?
Р.Расулов,
бухгалтер.
– Мустаҳкамловчи материаллари, ишлаб чиқариш технологияси, қўллаш усуллари ва бошқа омиллари билан ўзаро фарқланувчи бетон аралашмаларнинг турли хиллари мавжуд.
Тайёр ёки товар бетон – завод шароитида тайёрланадиган ва махсус жиҳозланган транспорт воситаларида етказиб бериладиган бетон. Товар бетон аралашмаси ва спецификаси бетон аралаштиргичга ингредиентлар солингунига қадар буюртмачи томонидан белгиланади.
Ишлаб чиқарилаётган бетон корхонангиз учун тайёр маҳсулот ҳисобланади. 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»га (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, ташкилотда тайёрланган тайёр маҳсулот – ишлаб чиқариш циклининг пировард натижаси – сотиш учун мўлжалланган ва шартномада ёки қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларнинг талабларида назарда тутилган техник ва сифат тавсифларига мувофиқ келадиган ишлов берилиши (бутланиши) тугалланган актив.
Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларининг (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-бандида ўзи ишлаб чиқарган товар таърифи берилган. Унга мувофиқ, у корхонанинг ўзи томонидан ишлаб чиқариш технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ўзига тегишли бўлган ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулотдир (шу жумладан ярим тайёр маҳсулотдир).
Бетонни муайян технологияга кўра ўзингиз ишлаб чиқариб, бунда ўзингизга тегишли бўлган (ёки жалб этилган) ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишингизни ҳисобга олиб, уни ишонч билан ўзи ишлаб чиқарган товар сирасига киритиш мумкин.
Солиқ кодексининг 355-моддасида товарларни таннархидан паст нархларда реализация қилувчи юридик шахслар учун солиқ солиш мақсадида товарларни реализация қилишдан тушум деганда уларнинг таннархи тушунилиши белгиланган. Товарларни уларнинг таннархидан паст нархда реализация қилишдан кўрилган зарарлар Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова) 025-«Товарларни таннархидан паст нархларда реализация қилишдан ва текинга беришдан кўрилган зарарлар» сатрида акс эттирилади. Ушбу кўрсаткич қиймати ҳар бир операция бўйича зарарлар суммаси сифатида белгиланиб, бошқа операциялардан тушган тушум (даромад) ҳисобига қопланмайди.
Шу тариқа, Солиқ кодексининг товарларни таннархидан паст нархларда реализация қилиш тўғрисидаги қоидаси сизнинг ишлаб чиқариш корхонангизга татбиқ этилади. Бунда бу хил операциялардан кўрилган зарарлар бошқа операциялардан тушган тушум (даромад) билан қопланмайди.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.