Корхона ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо билан шуғулланади. 2011 йил якунларига кўра тушумнинг умумий ҳажмида улгуржи савдодан тушум салмоғи ошди. Статистика органлари бизни улгуржи савдо корхоналари сирасига киритдилар, яъни бизнинг иштирокимизсиз ХХТУТ кодини ўзгартирдилар. 2012 йилнинг дастлабки 2 чорагида улгуржи савдодан тушум яна устуворлик қилди, бироқ III ва IV чоракларда, умуман 2012 йил якунларига кўра корхона тушум салмоғи кўрсаткичи бўйича ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Маҳсулотнинг бир қисми экспортга етказиб берилди, унинг улуши тушумнинг умумий ҳажмида 35%ни ташкил этди.
Корхона 2012 йилда ишлаб чиқариш фаолияти билан бир қаторда савдо фаолияти билан шуғулланганини ҳисобга олиб, солиқ ставкасини пасайтириш кўринишида ЯСТ бўйича имтиёзни қўллашга ҳақлимизми?
А.Маринина, бухгалтер.
– Бир нечта фаолият турларини амалга оширган экспортчиларнинг ЯСТ бўйича имтиёзни қўллаши масаласи Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилган (19.02.2013 йилдаги 21-сон баённома). Барча фаолият турлари бўйича реализациянинг умумий ҳажмидаги ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар экспортининг эркин алмаштириладиган валютадаги улуши аниқланади. Агар экспортчи корхона бир нечта фаолият турларини амалга оширса, ҳисобот (солиқ) давридаги асосий фаолият туридан қатъи назар, реализациянинг умумий ҳажмидаги ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар экспортининг эркин алмаштириладиган валютадаги улушига қараб фаолиятнинг барча турлари бўйича ЯСТ ставкаларига тузатиш киритилади.
Шу тариқа, Эксперт кенгаши товарлар, ишлар, хизматларни экспорт қилишда имтиёзни қўллаш учун корхонанинг асосий фаолият тури эмас, балки реализациянинг умумий ҳажмида ЯСТ ставкасини пасайтириш кўринишидаги имтиёзни қўллаш учун етарли ЭАВдаги экспорт улушининг мавжудлиги роль ўйнашини белгилади. Шу сабабли корхонангиз 2012 йилда ЯСТ ставкасини пасайтириш кўринишидаги имтиёзни қўллашга ҳақли, чунки тушумнинг умумий ҳажмида экспорт улуши 35%ни ташкил этган.
«Norma Ekspert»
мутахассислари.