Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 14 / Амалий бухгалтерия

Дрель ижарага олинганда

 

Бизнинг ташкилотимиз жисмоний шахслардан қурилиш ишларида фойдаланиладиган инвентарни ижарага олади. Масалан, электр дрель ижараси учун кунига 5 000 сўм тўланади. Ижара ҳақи суммаси инвентардан фойдаланиладиган кунлар сонига боғлиқ. Агар бир ой мобайнида дрель 10 кун ишлатилган бўлса, ижара ҳақи 50 000 сўмни ташкил қилади.

Жисмоний шахсдан бир неча кунга олинган инвентарь 014-ҳисобвараққа кирим қилинадими? Агар шундай қилинса, қайси қиймат бўйича?

Р.Расулов,

бухгалтер.

 

Ижара – бир тараф (ижарага берувчи) иккинчи тарафга (ижарага олувчига) ҳақ эвазига келишилган муддат мобайнида мол-мулкка вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топширишдир. «Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг (19.11.1991 йилдаги ­427-XII-сон, кейинги ўринларда – 427-XII-сон Қонун) 3-моддасига, шунингдек Фуқаролик кодексининг (бундан буён – ФК) 537-моддасига мувофиқ қуйидагилар ижара муносабатларининг объектлари бўлиши мумкин:

корхоналар, айрим ишлаб чиқаришлар, цехлар, фермалар, бошқа бўлинмалар, ташкилотлар;

айрим бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари, инвентарлар, асбоблар, бошқа моддий бойликлар;

ер (қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерлар ижарага фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун берилади) ва бошқа табиий ресурслар.

Қонун ҳужжатларига кўра жисмоний шахсдан қурилиш ускуналарини ижарага олиш мумкин.

Тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда, ижара шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт (ФКнинг 539-моддаси). 427-XII-сон Қонуннинг 5-моддасида шартномада акс эттириладиган шартлар белгиланган. Улар жумласига мулкдор томонидан белгиланадиган ижарага берилаётган давлатга қарашли бўлмаган мулкнинг қиймати ҳам киради (427-XII-сон Қонуннинг 6-моддаси). Бу дегани электр дрелнинг қиймати жисмоний шахс томонидан белгиланади (қиймат айнан шундай фойдаланишда бўлган ўхшаш инвентарнинг бозор қийматига тенг бўлиши мумкин) ҳамда ижара шартномасида ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида акс эттирилади.

Молиявий ҳисоботда ва бухгалтерия ҳисобида ижара операцияларининг акс эттирилиши 6-сон БҲМС «Ижара ҳисоби» (АВ томонидан 24.04.2009 йилда 1946-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳамда Бухгалтерия ҳисобида ижара операцияларини акс эттириш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 1.06.2009 йилда 1961-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 1961-сон Низом) билан тартибга солинади. Оператив ижара тузилганда, ижара объектига эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатарлар ижарачига ўтмайди. Шунинг учун оператив ижара шартномаси бўйича олинган ижара объектлари ижарачининг балансида ҳисобга олинмаслиги лозим (6-сон БҲМСнинг 46-банди). Бундай мол-мулк балансдан ташқари ҳисобварақ ҳисобланган 001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг дебетида акс эттирилади (1961-сон Низомнинг 29-банди).

Бироқ сиз асосий воситани эмас, балки инвентарни ижарага оляпсиз. Ижарага олинган мол-мулкнинг 014-«Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари» балансдан ташқари ҳисобварағида акс эттирилиши тавсия қилинмайди. Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқноманинг (21-сон БҲМСга 2-илова, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 6-қисмига мувофиқ корхонага тегишли бўлган фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари 014-ҳисобварақда акс эттирилади. Фойдаланишга бериш вақтида уларнинг қиймати тўлиқ ишлаб чиқариш харажатлари ёки давр харажатларига киритилади ва бир вақтнинг ўзида 014-«Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари» ҳисобварағида акс эттирилади.

Мазкур ҳолатда олинган мол-мулкни балансдан ташқари 011-ҳисобварақда ҳисобга олиб, уни «Оператив ижара шартномаси бўйича олинган мол-мулк» деб номлаш ва ушбу ҳисобварақни ҳисоб сиёсатида белгилаш мумкин. Ёки уни ҳисоб сиёсатида назарда тутган ҳолда ижарага олинган асбоб-ускуналар ҳисобини юритиш учун қўшимча балансдан ташқари ҳисобварақни белгилаш мумкин.

 

Надежда ГУШЧИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2400 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика