ННТга ҳомийлардан келиб тушаётган пул маблағларини қандай қилиб тўғри акс эттириш лозим: 8890-«Бошқа мақсадли тушумлар» ҳисобварағидами ёки 9380-«Текин қайтарилмайдиган молиявий ёрдам» ҳисобварағидами? Шунингдек уларни молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда қандай кўрсатиш керак – бошқа даромад сифатидами ёки соф тушум сифатидами?
Е.Тян.
– Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, бошқа эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа мақсадларда тузилади. Бинолар, иншоотлар, ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, қимматли қоғозлар ННТнинг мулки бўлиши мумкин. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ, ННТнинг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;
муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;
ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;
тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);
қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.
Ихтиёрий эҳсонлар (хайрия) тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад ҳисобланмайди.
ННТнинг барча мол-мулкидан ташкилот тузилишига асос бўлган мақсадларга эришиш йўлида фойдаланилади. Бинобарин, ҳомийлардан келиб тушувчи пул маблағлари мақсадли тушумлар ҳисобланади. Белгиланган мақсадга кўра (яъни устав мақсадларида) фойдаланиладиган пул маблағларининг келиб тушиши ва сарфланиши ҳақидаги ахборот 8890-«Бошқа мақсадли тушумлар» ҳисобварағида акс эттирилади. 9300-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» ҳисобварағида эса ННТ қонунга мувофиқ амалга ошириши мумкин бўлган, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар акс эттирилади.
Хўжалик операцияси
|
Дебет
|
Кредит
|
Пул маблағлари келиб тушди
|
пул маблағларини ҳисобга олувчи 5010–5530-ҳисобварақлар
|
8890-«Бошқа мақсадли тушумлар»
|
Мақсадли маблағларнинг сарфланиши акс эттирилди:
|
|
|
ходимларнинг иш ҳақи
|
8890-«Бошқа мақсадли тушумлар»
|
6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»
|
ижтимоий суғуртага ажратмалар
|
8890-«Бошқа мақсадли тушумлар»
|
6520-«Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар»
|
Товар-моддий харажатлар
|
8890-«Бошқа мақсадли тушумлар»
|
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»
|
Сметада назарда тутилган бошқа харажатлар
|
8890-«Бошқа мақсадли тушумлар»
|
6990-«Бошқа мажбуриятлар»
|
Солиқ кодексининг 129-моддаси 3-қисми 10-бандига мувофиқ, ННТ томонидан устав фаолиятининг таъминоти ва уни амалга ошириш учун олинган, белгиланган мақсадга кўра ва (ёки) текин келиб тушган маблағлар унинг даромади сифатида қаралмайди ва уларга фойда солиғи солинмайди.
Юридик шахс бўлган ННТ (ННТ тўғрисидаги Қонуннинг 6-моддаси) бухгалтерия ҳисоби субъекти ҳисобланади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси). Тегишинча, сиз солиқ ва молиявий ҳисобот топширишингиз керак. Агар ташкилот тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаса, у умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланмайди ва улар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этмайди (ЖШДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳисоб-китобларидан ташқари).
ННТнинг қуйидагиларни топшириш мажбурияти сақланади:
Бухгалтерия баланси – 1-сон шакл (ҳар чоракда);
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот – 2-сон шакл (ҳар чоракда) (тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганда тўлдирилади, сабаби бу ҳолда даромадлар ва харажатлар ҳисобварақлари қўлланилади);
Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот – 4-сон шакл (йиллик);
Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот – 5-сон шакл (йиллик);
изоҳлар, ҳисоб-китоблар, тушунтиришлар (бир йил учун).
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.