Norma.uz

Янги Қоидалар бўйича ҳайдаймиз

 

Ўзбекистонда 1 мартдан Йўл ҳаракати қоидалари (ВМ томонидан 24.12.2015 йилда 370-сон Қарор билан тасдиқланган) амалга киритилди. Ундаги янгиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ ҳикоя қилади.

 

Холматжон Аҳмедович, Йўл ҳаракати қоидаларига қандай ўзгартиришлар киритилди ва улар нима билан боғлиқ?

– Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририга 15 қўшимча ва бир қатор ўзгартиришлар киритилди, баъзи атама ва тушунчалар аниқлаштирилди. Уларга батафсил тўхталиб ўтсак.

Аввалги Йўл ҳаракати қоидаларида «автопоезд» сўзи кўп маротаба келтирилган, унинг таниқли белгиси мавжуд эди. Бироқ тушунчанинг ўзи очиб берилмаган эди. Шу сабабли ЙҲҚнинг 1-«Умумий қоидалар» бўлимида «автопоезд» атамаси тушунтирилди. Улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ва тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби автопоезд ҳисобланади.

Ҳозир автомобиль йўлларида кўплаб замонавий скутерлар, квадроцикллар ва электроскутерлар пайдо бўлган, уларнинг эгалари ҳам, афсуски, ЙҲҚни бузиб турадилар. Техник тавсифларига кўра улар икки, уч ва тўрт ғилдиракли механик транспорт воситаларига тенглаштирилади. Шу сабабли «мотоцикл» тушунчаси кенгайтирилди. Унга двигателининг ишлаш ҳажми 50 куб см дан кўп бўлган ёки энг кўп конструктив тезлиги соатига 50 км дан ошадиган скутерлар, квадроцикллар, электроскутерлар киритилди. Энди улар мотоцикл сифатида рўйхатдан ўтказилади ва улар учун давлат рақами белгилари берилади. Уларни бошқарувчи ҳайдовчилар «А» тоифасидаги ҳайдовчилик ҳужжатига эга бўлишлари керак.

Скутерлари бўлган ҳамма ҳайдовчиларни огоҳлантирмоқчиман: ушбу талабларга риоя этилмаган тақдирда уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган жазо чоралари қўлланади. Чунончи, фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 125-моддаси ­5-қисми). Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши, ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 135-моддаси 2-қисми).

Янги ЙҲҚда «йўл ёқаси» атамаси ҳам тўлиқ таърифланди. Йўлнинг қатнов қисмига у билан бир сатҳда бевосита туташган, қоплама тури билан фарқ қиладиган ёки йўл чизиғи ёрдамида ажратилган, Қоидаларга мувофиқ ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш учун мўлжалланган бўлаги йўл ёқаси ҳисобланади.

Йўловчиларни, айниқса болаларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш масъулиятли ёндашувни тақозо этади. Шу сабабли Қоидаларга «болалар гуруҳини ташкилий ташиш» тушунчаси киритилган, бу – йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда 8 ва ундан ортиқ болаларнинг ташкилий ташилишидир.

«Ҳақиқий вазн» атамасининг мазмунига тузатиш киритилди. Шунингдек белгиланишича, рухсат этилган тўла вазн – аслаҳаланган транспорт воситасининг ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган, юк, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги энг юқори вазни (ўлчови). Таркибнинг рухсат этилган тўла вазнига унга кирувчи транспорт воситаларининг рухсат этилган тўла вазнлари йиғиндиси киради. Бу йўлнинг мумкин бўлган юк вазнига бардош берилишини ҳисобга олганда машиналар ҳаракати йўналишини аниқлаш учун муҳим.

Сўнгги вақтда йўлдаги ҳуқуқбузарликларни автоматик белгилаш амалиёти кенг тарқалди. Шу сабабли «Фото– ва видео қайд этиш» атамаси Йўл ҳаракати қоидаларида акс эттирилди. У маъмурий ҳужжатларда ҳам акс эттирилди.

Бундан ташқари, «Фото ва видео қайд этиш», ахборот-кўрсатув белгиси жорий этилди. Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими ишга туширилиши ушбу янгиликнинг долзарблигини кўрсатди. Бугунги кунда у он-лайн режимида амал қилиб, ҳуқуқбузарликларга қарши йўл ҳаракати иштирокчиларини жазолаш йўли билан эмас, уларни Қоидаларга риоя қилишга чақирган ҳолда огоҳлантириш усули билан курашиш имконини беради. ЙҲҚга 1-иловага 5.41 «Фото– ва видео қайд этиш» кўрсатиш белгиси қўшилган, мазкур илованинг 7.19-бандида кўрсатилишича, у йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари ёрдамида қайд этилаётганлигини билдиради ва огоҳлантирувчи, имтиёз, тақиқловчи, буюрувчи ва ахборот ишора белгилари билан биргаликда қўлланилади.

– Янги Қоидалар ҳайдовчилар зиммасига бир қатор янги мажбуриятларни юклайди. Булар қандай мажбуриятлар?

– Ҳақиқатан ҳам, энди ҳайдовчи ҳаракат бошланиши олдидан йўловчиларни салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқармасликлари тўғрисида огоҳлантириши керак. Ушбу талаб йўловчиларнинг мажбуриятларига тааллуқли бўлган Қоидаларнинг 24-бандида баён этилган. Сўнгги вақтда айниқса тўй тантаналари пайтида, машинада бошларини чиқариб видеодан суратга олаётган одамларни тез-тез кўриш мумкин. Бу ҳаракат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис юқорида айтилган ўзгартириш киритилди. Бундан ташқари, ҳайдовчи йўловчиларга хавфсизлик камарини тақиш лозимлигини эслатиши керак.

Яна бир янгилик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Сутканинг қоронғи пайтида автомобиль, масалан, таъмирлаш учун тўхтаганда, ҳайдовчи нурли акс эттирувчи элементлари бўлган махсус нимча (жилет) кийиши шарт. Энди у ҳар бир транспорт воситасида, тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги билан бирга, бўлиши керак. Ушбу янгиликларга ҳаракатнинг барча иштирокчилари жиддий муносабатда бўлишларини хоҳлардим. Балки баъзиларга бу майда нарса бўлиб кўринар, бироқ, ишонинг, буларнинг ҳаммаси катта кулфатларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Ҳаракат хавфсизлигига жиддий таҳдид соладиган, йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келадиган яна бир муаммо бор. Қулоқларига наушник осган йўловчилар кўчадан ўтаётганида турли воситалардан (телефонлар, планшетлар) фойдаланиб суҳбатлашаётганлари, мусиқа тинглаётганлари ва ҳатто фильмлар кўраётганларини тез-тез учратамиз. Ушбу хавфли одат айниқса ўқувчи ёшлар ўртасида кенг тарқалган. Амалиётда содир бўладиган ЙТҲларда ушбу сабабга кўра машина уриб юбориб, одамлар ҳалок бўлганликлари қайд этилган.

Шу сабабли янгиланган ЙҲҚнинг 19-банди йўловчиларга кўчанинг юриш қисмида, шу жумладан йўловчилар ўтиш жойида телефондан фойдаланиш, теле ва видеомаҳсулотларни томоша қилишни, радио ва аудиони тинглаш, китоб ёки даврий нашрларни мутолаа қилишни тақиқлайди. Бунда шуни қайд этиш жоизки, ушбу ўзгартиришлар ўз ҳолича қабул қилинмаган, балки улар ҳаракат иштирокчиларининг фикрларини ўрганиш, кўп йиллик тадқиқотлар, воқеалар таҳлили натижасида қабул қилинган. Шу сабабли ушбу янгиликларни нафақат ЙҲХ хизмати ходимлари, балки ота-оналар, мактаб, лицей ва коллежларнинг ўқитувчилари ва, албатта, эътиборни чалғитадиган электрон воситаларнинг ёш ва катта ёшли фойдаланувчилари ҳам ўрганишлари керак. Ушбу қоидаларга оғишмай риоя этиш ҳаммамиз учун фойдалидир.

Йўл ҳаракати қоидалари ҳаракат тезлигини тартибга соладиган талабларни ўз ичига олган. Чунончи, уй-жой даҳалари ичида транспортнинг ҳаракатланиш тезлиги соатига 30 км дан ошмаслиги керак. Бироқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда, агар ҳаракат хавфсизлигини йўл шароитлари таъминласа, минтақалар автомобиль йўлларида айрим турдаги транспорт воситалари учун ҳаракатланиш участкалари ёки полосаларида тезлик режимини оширишга (тегишли йўл белгиларини ўрнатган ҳолда) ҳақлилар.

– Кўпгина давлатларда транспорт воситалари сутканинг ёруғ вақтида ҳам фараларнинг яқин чироғини ёқиб қўядилар. Бу хавфсизлик нуқтаи назаридан қилинади. Шундай эмасми?

– Тўғри айтасиз. Қоидаларнинг янги таҳририда бунга ҳам катта эътибор берилган. Энди куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак: транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда; йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида; болалар гуруҳини ташкилий ташишда; хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда; механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида); мотоцикл ва мопедларда. Бу талаблар 138-бандда назарда тутилган.

Бундан ташқари, 149-бандда белгиланишича, ўрганувчи ўқув муддати якунида «А» тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши учун – камида 16 ёшга, «В» ва «С» тоифалари учун – камида 18 ёшга, «D» тоифаси ҳамда трамвай ва троллейбусларни бошқариш учун камида 21 ёшга тўлган бўлиши керак.

 

 

Материал ЎзР ИИВ ЙҲХББнинг матбуот хизмати томонидан тақдим этилган.

Прочитано: 2459 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика